Қизиқарли:
Ёш журналистлар ижоди / Жамият

Келажаги “порлоқ” авлод

Поделиться:

Охирги пайтларда   ижтимоий тармоқларда кўплаб  муҳокамаларга  сабаб бўлаётган  масала – ёшлар  тарбияси… Хўш, ёшлардан  тарбия, маънавият талаб  қилишдан  олдин бир  ўйлаб кўрайликчи, уларга  тарбия  бердикми ўзи?!  Қандай таълим олмоқда ёшларимиз, улар нималар билан банд, нималарга сарфламоқда қимматли  вақтларини?

 

Қанчалик сийқаси чиққан гап бўлмасин, барибир ҳамма нарса  таълим-тарбияга бориб  тақалади. Фарзандни дунёга келтирган билан  у  тарбияланиб қолмайдику, ҳатто гулга меҳр бермасанг сўлийди, ахир у инсонку?! Йўқ, ҳозир ота-оналар  фарзандларига меҳр эмас энг сўгги русумдаги  телефон бермоқдалар. Бунинг  натижаси  нима  бўлади сизнингча? Тўғри, кўплаб ютуқларга  эришаётган, жамиятимиз ривожига  ўз  ҳиссасини қўшаётган, илмли ёшлар  ҳақида  эшитамиз, ўқиймиз, уларнинг натижаларидан  қувонамиз. Аммо бундай яхши  хабарлардан кўра, бир неча кунлик «интернет юлдузлари»  ҳақидаги, уларнинг бемаънилигини намойиш  қилган  хабарлар яшин тезлигида тарқаляпти. Бири Амир Темур ҳайкалига  беҳурматлик қилса, яна бири  Алишер Навоий ҳайкали қошида, бошқаси эса Мотамсаро она ҳайкали ёнида ўзининг  тарбиясизлигини элга намойиш қилмоқда.  Бу ёшлар ўша телефонга қул бўлган авлод… Қизиқ, улар  буюк  сиймолар  ҳайкаллари  билан  пиар  қилиб нимага  эришишмоқчи? Ўзи масхара қилаётган  шахс ҳақида икки оғиз тузук гапира олармикан? Ёки  бу  ҳам  миллатни оёқости қилиш  учун  зимдан  тайёргарликнинг  бир кўринишими?!

 

Яна  бир  савол  туғилади: бу каби  бемаъниликлар  тарғиб  қилинган  видеоларни  тармоқларда  оммалаштиришдан  мақсад  нима? Улар  жазосиз  қолмаслигини  кўрсатишми, 15 сутка қамоқ жазоси  жуда  марҳамат  кўрсатиш  эмасми уларга? Эртага  яна  шу ишларини  такрорламаслигига  ким  кафолат  бера олади, такрор – такрор кечиришнинг оқибати нима бўлади? Жавобсиз саволлар шу  қадар кўпки…

 

Бугунги  ҳаётимиз шунчалик шиддат  билан, ахборотлар оқими билан ўтяптики, улар ичидан кераклисини саралаб  олиш, интернетдан  мақсадли  фойдаланиш  ҳам инсондан  ўзига хос  иммунитетни талаб қилмоқда. Лекин юқоридаги каби ҳолатларни кўриб, вақтини аллақандай   видеолар  олишга  сарфлаётган  шахсларни  кўриб  ачинасан киши. Камига  шундай  келажаги «порлоқ»  ёшлар учун махсус уйлар  ташкил қилиш бошланган. Қани давом  этингчи бу каби «юлдузлар» ни  кўпайтиришни, охири нима бўларкин… Тик-токерларга уй қуриб бераётганлар орасида халқи  учун битта кутубхона  қуриб берадиган  мард топилмайдими!? Ҳада, улар видеолари билан пул ишлашади ахир! Китоб ўқиса, кимдир пул берармиди. Минг афсуслар бўлсинки, ҳали халқимиз китоб қадрини англаб етмаган. Чет элдаги қайсидир  тизимни  жар солиб  мақтагандан кўра ўзимизда  борини ислоҳ  қилиш  керак. Халқни  шунчаки оломонга айлантирмасдан  билимини, савиясини  ошириш  керак. Лекин энг аввало тарбияни ҳар  ким ўзидан  бошласа  мақсадга  мувофиқ  бўларди. Жамиятимизда бефарқлик, лоқайдлик кучайиб кетгандек, ҳамма нарсага кўз юмиб осонгина унутиб юборилаётгандек туюляпти. Бу бефарқликнинг бадали жуда қимматга  тушиши мумкин. «Янги Ўзбекистон» деяпмиз, аммо янгиланишни, ислоҳ қилишни тарбиядан  бошлашни унутмадикми. Ота-оналар мактабга, мактабдагилар эса ота – она зиммасига  ташлайди энг муҳим  ишни.  Ваҳоланки, «Бир болага етти маҳалла ота –она» – деган қарашларимиз бор эди  бир  замонлар. Ўз ота-онаси тарбия қилишга эринса етти маҳалла  тарбия қилармиди?! Ота- онасининг  қўлида  ҳеч  қачон китоб   кўрмаган  фарзандда  китобга   меҳр қаёқдан бўлсин. Хулоса ўрнида  шуни айтмоқчимизки,  ён-атрофимизга қарайдиган, турли ёт таъсирлардан ўзимизни, яқинларимизни асрайдиган давр келди. Ёшларда давлатнинг асосий  кучи мужассамлашади. Полапон ҳам  катта бўлгунича онаси  учишни ўргатади. Ҳеч қурса шу қушлардан  ўрнак олайлик, катта ҳаёт  остонасида  турган   ёшларга кўмак, ёрдам берайлик азиз катталар. Бугун сиз ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилаётган  ишингизни эртага фарзандингиз ҳам  қилса бошингизни деворга урганингиз кеч  бўлади.

 

Нилуфар ОРИПОВА,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Жиззах вилоят бўлими қошидаги

“Ёш журналистлар” мактаби тингловчиси