Қизиқарли:
Янгиликлар

“ЖИЗЗАХДАН ГАПИРАМИЗ!”

Поделиться:

“ЖИЗЗАХДАН ГАПИРАМИЗ!”

“Область меҳнаткашлари учун ультра қисқа радиостанция орқали 72, 38 мегагерц частотали, 4,15 метр тўлқинда бериладиган эшиттиришимизни бошлаймиз”. Марат Аҳмедов муҳаррирлигида шу жумла билан бошланган илк радиоэшиттириш 1974 йилда эфирга узатилган эди.

          Мазкур эшиттириш жилди Жиззах вилояти давлат архивида сақланмоқда. Шунингдек, вилоят радиоси тарихига оид 1974-1988 йиллардаги барча радиоэшиттиришлар матни ҳамда ҳужжатлар мавжуд. Шу сабаб Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими вилоят радиоси тарихи ҳақидаги давра суҳбатини айнан мана шу бинода ташкил этди.

          Тадбирда ЖДПУ тарих факультети талабалари, вилоят радиоси ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Дастлаб ЖДПУ тарих факультети катта ўқитувчиси Мунира Хўжанова сўзга чиқиб, радио тарихига оид изланишлари хусусида сўзлаб берди.

- Радио халқимиз маънавий-маърифий ҳаётида жуда муҳим ўрин тутган. Хусусан, Жиззах вилояти ташкил топгач, ахборотларни тезкор етказиш, янги тузилган маъмурий-ҳудудий бирликдаги шаклланаётган тармоқлар ва ҳаёт тарзи ҳақида ҳикояларни кенг оммага етказиш зарурати туғилган. Илк бор радиоузелда фаолият юритган жамоа Жиззах шаҳридаги 1-сонли мактаб биносида ишлаган. 1983 йилда “Радио уйи” -  ҳозирги Жиззах вилоят телерадиокомпанияси биносига кўчиб ўтди. Кейинчалик эшиттиришлар доирасини кенгайтириш мақсадида Қўйтош  станцияси қурилди. Эшиттиришлар тўртта – ўзбек, рус, тожик ва қозоқ тилларида олиб борилган. Эфир вақти ҳам кенгайиб борган.

Вилоят архивининг бош фонд сақловчиси Фурқат Нормуродов “Телерадиовещение” бўлимида сақланаётган қимматли манбалар ҳақида маълумот берди. Хусусан, 1975 йилда ўтказилган шанбалик ҳақидаги ҳужжатда 27 нафар ходим ишлаганлиги, боғда 30 тупдан ортиқ дарахт кўчатлари бўлганлиги, ҳовли сатҳи 300 метрлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам изланувчилар учун илмий аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

-Мен 1997 йилдан буён вилоят радиосида ишлайман, - дейди радио режиссёри Гулноз Ҳакимова. -  Радио ҳам ўзининг қизиқарли тарихига эга. Биз илк сухандон Санобар Қорижонова бўлганлиги ҳақида устозлардан эшитганмиз. “Давр садоси” жуда кўп йиллик тарихга эга эшиттириш бўлиб, ўтган йилдан бошлаб номи “Ёшлар студияси”га ўзгартирилди. Йиллар давомида қўпол ва йирик аппаратуралар янгиланиб, ихчам ва тезкор техникалар кириб келди. Бугунги тадбир Жиззах тарихининг бир бўлаги бўлган радио тарихини ўрганиш, унинг жамият тараққиётидаги ўрнини ёритиш маъносида жуда фойдали бўлди деб ўйлайман.

Иштирокчилар вилоят радиосига оид манбалар кўргазмаси билан танишдилар. Талабларнинг вилоят радиосига бориб, бугунги куни билан танишиш ҳақидаги таклифлари радиоижодкорлар ва Уюшманинг вилоят бўлими томонидан маъқулланди.

Муқаддас САПАРОВА