Қизиқарли:
Янгиликлар

ОАВ вакиллари ўртасида камондан отиш мусобақаси бўлиб ўтди

Поделиться:

ОАВ вакиллари ўртасида камондан отиш мусобақаси бўлиб ўтди

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими ҳамда вилоят қўриқлаш бошқармаси ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари иштирокида камондан отиш спорт тури бўйича мусобақа ташкил этилди.

Камондан отиш мусобақасида 50 нафарга яқин журналистлар иштирок этишди. Баҳслар эркаклар ва аёллар ўртасида алоҳида кечди ва ҳар бир иштирокчига уч мартадан имкон берилди, эркаклар 14 метр, аёллар эса 10 метр масофадан ўз мерганлик маҳоратларини синашди.

Камондан отиш спорт тури фақатгина жисмоний имкониятларни оширадиган спорт тури эмас, у спортчининг қарор қабул қила олиш қобилиятини, фикрни жамлаш, диққатни бир нуқтага қаратиш имкониятларини оширади, шунингдек, омиллар, сабаблар, оқибатлар ҳақидаги мулоҳазаларини бойитади, таҳлил қилиш имконини беради. Журналист учун ҳам мана шундай имкониятлар зарур. Демакки, ушбу спорт тури ва журналистиканинг умумий хусусияти бор, дейди мусобақада иштирок этган Мадина Раҳмонова.

Якуний натижаларга кўра, эркаклар ўртасида 1-ўрин “Ёшлар” телерадиоканалининг Жиззах вилояти бўйича телеоператори Жўрабек Ўсаровга, аёллар ўртасида эса “Жиззах ҳақиқати” газетаси катта мухбири Гулчеҳра Ҳидировага насиб этди.

Ташкилотчилар мусобақани анънавий тарзда ўтказишга келишиб олдилар.