Жиззахдаги чироғи мангу ёниқ, эшиги меҳмонлар учун доим очиқ хонадонлардан бири шубҳасиз, Шароф Рашидов илмий-маърифий ёдгорлик уй-музейидир. Воҳа журналистлари улуғ ватандошимиз таваллудининг 107 йиллиги олдидан мазкур маърифат масаканида бўлишиб, тарих сабоқларидан баҳраманд бўлишди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими томонидан ташкил этилган пресс-турда ижодкорлар уй-музейнинг ташкил этилиш тарихи, экспонатларнинг ўзига хос кечмиши ҳақида қизиқарли ҳикояларни тинглашди. Уй-музей ходими Гулноза Фаттохова мазкур маърифат маскани дастлаб 1992 йил 6 ноябрда атоқли давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ёдгорлик музейи сифатида ташкил этилгани ҳақида маълумот берди. 2017 йил 27 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорига кўра, музей қайтадан таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этган.
-Жиззахлик маҳалласи 51-уй манзилида жойлашган ушбу уй-музейдан йил давомида ташриф буюрувчиларнинг қадами узилмайди, - дейди музей ходими Гулноза Фаттоҳова. – Меҳмонлар учун дастхатлар китобида нафақат юртимиз, узоқ ва яқин хориждан ҳам турли йилларда келган давлат ва жамоат арбоблари, таниқли инсонлар ва сайёҳларнинг дил сўзлари битилган номаларни кўриш мумкин.
Дарҳақиқат, ушбу китобнинг илк саҳифасига “Шароф Рашидов. Жизнь и судьба” китоби муаллифи, россиялик Федор Раззоқовнинг дил сўзлари битилган бўлса, АҚШ элчиси Жонатан Ҳеникнинг Ш.Рашидовнинг қизи Гулнора Рашидова ҳамроҳлигида ушбу музейда бўлганлигидан миннатдорлик хатини ҳам кўриш мумкин. Музейда шунингдек, Шароф Рашидовга муаллифлар шахсан дастхат битиб, совға қилишган ўз даврининг нодир китоблари ҳам мавжуд. Умуман, Шароф Рашидов томонидан тўпланган 7000 дан зиёд китоб иккита залга оилавий китоб жавонига терилган ҳолда жойлаштирилган.
Уй-музей жойлашган ҳудуд дастлаб Ш. Р.Рашидовнинг ота-онаси – Рашид ота ва Қулсиной она Халиловага қарашли бўлиб, Жиззах шаҳрининг чекка қисмида эди. Шароф Рашидовичнинг турмуш ўртоғи Хурсаной Ғофуровнанинг истагига кўра, эски тахтали уй 1979 йилда қайтадан ободонлаштирилди. Айни вақтда уй-музей 5 та залдан иборат бўлиб, барча экспонатлар Рашидовлар оиласи билан бирга Жиззах тарихига оид қимматли маълумотларни акс эттиради.
-Бу муаззам гўшага саёҳат ижодкорлар учун ўзгача маъно касб этади, - дейди Жиззах ТРК архив масалалари бўйича бош мутахассиси Фарҳод Тошпўлатов. – Бундан уч йиллар муқаддам кўрсатув тайёрлаш мақсадида келган эдик. Бугун пресс-тур сабаб яна келар эканман, ўзбек халқининг ардоқли фарзандига бешик бўлган бу маконда ўзига хос салобат ва улуғворлик борлигини ҳис қилаяпман. Бу инсоннинг ҳаёт ва ижод йўли ҳар бир ўзбек учун ибратли, бу инсондан қолган маънавий меросни кенг тарғиб қилиш, ўзлаштириш биз ижодкорлар учун муҳим. Барча юртдошларимизни бу масканга таклиф қилиб қоламан.
Уй-музейи нафақат тарих ихлосмандлари, балки тадқиқодчиларини ҳам кутмоқда. Бу ерда илмий ишланмалар учун ҳам шароитлар яратилган бўлиб, кичик давра суҳбатлари учун мўлжалланган зал мавжуд. Умуман, тарих нафаси уфуриб турган ушбу уй-музей йил давомида ташриф буюрувчилар учун очиқ - у вилоятдаги туризм объектлари қаторида рўйхатга олинган.
Муқаддас САПАРОВА.