Қизиқарли:
Ёш журналистлар ижоди

Жавобсиз қолган чорлов

Поделиться:

 

   Оилада илк фарзанд дунёга келишини кўпчилик қанчалик интиқ бўлиб кутади. Олдиндан ўйинчоқлар, сарполар, ҳатто исмлар ҳам танлаб қўйилади.   Айниқса, ўзбек оилаларида ўғил фарзанднинг ўрни негадир бошқача. “Гарчи, қиз бўлсаям майли, умри билан берган бўлсин дейишса-да, барибир кўпчилик, айниқса оталар тўнғичи ўғил бўлишини истайди. Балки,“Қариган чоғимда суянчиғим бўлади”,  деган умид яшириндир бу истак замирида.

    Бу оилада ҳам фарзанд дунёга келди. Қўчқордек ўғил. Гарчи, атрофдагилардан, айниқса, ўз ота-онасидан уялаётган бўлса-да ёш ота лаб-лунжини йиғиштиролмай қолди. Ирим-сирим, урф-одат, анъанага боғлиқ маросимлар бўлиб ўтди.

    Хуллас, оилага олам-олам қувонч олиб келган эркатойни “пай-пай”лаб, “пуф-пуф”лаб ўстира бошлашди. Айниқса Ота.

    Халқимизда қизиқ иримлар бор. Ёш боланинг тили чиқишини, “дастлаб “Ота” дейдими ёки “Она” дейдими, шуни кўп кутишади. Эмишки, “Ота” деб тили чиқса кейинги фарзанд ўғил, “Она” деб тили чиқса кейинги фарзанд қиз бўлармиш”.

      Болакайнинг тили  “Ота” , – дея чиқди. Энди отанинг дунёга сиғмай кетганини кўрсангиз.У ўғлини  бошига кўтарди, ҳаётининг мазмуни, деб билди. Бола бошқаларга ўхшаб аввал “тўрт оёқлаб”, кейин “уч оёқлаб”, сўнгра икки оёқлаб юра бошлади. Кунларнинг бирида у йиқилиб тушди. Ўрганган эмасми, “Ота” деди йиғлаб. Ота зум ўтмай етиб келди. Тиззаларини ишқалаётган бола бармоқчалари билан имо қилиб ерни кўрсатди. Ота тушунди. “Ҳа ер ўлсин, сени йиқитмай. Йиғлама ўғлим мана ерни ўзим уриб қўяман”. Ота шундай деб бола йиқилган ерни тепиб-тепиб қўйди. Буни кўрган бола ишшайди. Шу-шу болакай нима муаммо бўлса, “Ота” дейишни одат қилди. Ҳатто мактабга чиққанидаям бу одатини ташламади. Бир куни у тенгдошларидан калтак еди. Одати бўйича уларни дўқлади “Ҳаммангни отамга айтиб бераман”.  Ростдан ҳам бирга ўнни қўшиб ўртоқларини отасига ёмонлади. Ота ҳовлиқиб, ўғлининг қасдини олиш учун унинг ўртоқлариникига югурди. Ўғлини хафа қилганларнинг боплаб тазирини бериб келди.  Ҳатто айб кимдан ўтганлигини сўраб ҳам ўтирмади. Шу-шу уни тенгдошлари урмай қўйишди, бироқ энди унинг ўзи дўстларга зор бўла бошлади. Бироқ, “Ота бор, нима ғам бор?”. Тенқурлари майли-ку, ҳатто муаллимлар ҳам унинг отасининг жанжалларидан зада бўлиб, болани тергамай қўйишди.

       Ўғил мактабни тамомлади. Отаси таниш-билиш қилиб киритиб қўйган институт талабасига айланди. Тўғриси, унинг ўрнига ота институтни “тамомлади” десак муболаға бўлмас. Чунки, ҳар гал имтиҳонлар чоғида у болаликдаги одати билан “Ота” дерди. Ота етиб келарди, муаммо ҳал.

 Отанинг кўнгли барибир сезади-да, ўғли анчадан буён  ўз “улов”ларида  юрадиган курсдошларига ҳавас қилиб юрибди. Ўғлининг “ота” дейишини кутмай ота ўзи билиб машина совға қилди...

     Бироқ, кунлардан бирида  фақат ўғли деб яшаган Ота тўсиндан оламдан  ўтди. Қариндош-уруғ, яқинлар, унга далда бериб, сабрли бўлишни, оилада энди унинг ўзи бош эканини, оила аъзоларини авайлаб-асраши лозимлигини айтиб насиҳат қилишди. 

     Бунинг маънисини тушунмаган ўғилнинг энсаси қотди. Чунки, у ҳаётда оғир кунлар бўлишини, ечилмайдиган муаммолар ҳам мавжудлигини билмас эди-да.

Дастлабки ҳаёт ташвишлари уни гандираклатиб қўйди. “Тарки одат, амри маҳол”. Беихтиёр умр бўйи унга мадад бўлган сеҳрли гапларни такрорлади.

     - Ота!

     Бироқ, бу сафар ота чорловга етиб келмади. Қизиқ, ўғил сира бир куни “ота”сидан садо чиқмаслини хаёлига келтирмаган экан. У гангиб қолди. Бу “гангиш” ёмон эди.  Чунки, у йигит ёшига етган бўса-да, табиатидан келиб чиқиб, ҳалиям ҳу.. ўша ерга қоқилган болакайлигича қолган эди.     

 

Сарвиноз МАМАНОВА,

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси

Жиззах вилояти бўлими қошидаги “Ёш журналистлар мактаби” тингловчиси.

“Сада” санъат, адабиёт тўгараги раҳбари.