Бойчечак
Куз, қишлар ўтади, келади баҳор,
Қанчалар мафтункор, бунча беғубор.
Лек, менинг қалбимда ҳамон бир дард бор,
Дардимни янгилаб унар бойчечак,
Дадамнинг қабрини безар бойчечак.
Сиз билан болалик чоғларимни ҳам,
Эркалик, бахтиёр онларимни ҳам,
Кўнглимнинг осмондек тоғларини ҳам,
Йўқотиб топганим бўлди бойчечак,
Дардим ол, поймонам тўлди бойчечак.
Мен учун елкаси отлар эди-я,
Ҳар сўзи дилимни шодлар эди-я,
Кўзлари қувончдан порлар эди-я,
Ногоҳ оҳ, деса гар ҳатто, тикондан
Жони минг ўтларда ҳалак эди-я.
Яна баҳор келди, хаёл чарх урар,
Кўз олдимда дадам ҳорғиндек турар,
Дилда соғинч, гўё қизим, деб суяр
Шу ўйлар бағримни эзар бойчечак,
Дадамнинг қабрини безар бойчечак.
Зарифа Ибрагимова,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилоят бўлими қошидаги
“Ёш журналистлар” мактаби тингловчиси
Жиззах вилояти Дўстлик тумани