Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти юзасидан тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими томонидан ташкил этилди. Унда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Унда сўз олган Уюшманинг Жиззах вилоят бўлими раиси Эркин Шерманов қарор асосида журналистика соҳасини ривожлантириш бўйича бир қатор имкониятлар яратилаётганлиги борасида тўхталди.
Жумладан, эндиликда оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди, 2023 йилдан бошлаб тегишли давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда бошқа муассасаларга 110 нусха даврий босма нашрлар ва 67 нусха китоб маҳсулотларининг мажбурий бепул нусхаларини юбориш амалиёти бекор қилиниб, улар томонидан босма маҳсулотларни харид қилиб олиш тартиби жорий қилинади, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб болалар учун мўлжалланган теле- ва радиомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва эфирга узатиш бўйича ҳар йили энг яхши 30 та лойиҳа учун ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача миқдорда бўлган танлов эълон қилинади. Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган «Олтин қалам» миллий мукофоти учун халқаро танловни демократик тамойиллар асосида янада очиқ ва шаффофлик билан ўтказишга эътибор қаратиладиган бўлди. Бош миллий мукофот учун — автомобиль, биринчи ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, иккинчи ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 175 баравари, учинчи ўрин учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари, 12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бири учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланадилар.
Тадбир сўнгида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшма Жиззах вилоят бўлими