Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “Стрессдан чиқишнинг вазиятли усуллари” мавзусида семинар ташкил этилди.
Ижод аҳли доимо қизғин жараёнларда ўз фаолиятларини олиб боради. Бунда улар зиддиятли ва қарама-қаршиликлар билан юзма-юз келишлари ҳам мумкин. Ташкил этилган психологик семинарда стрессдан чиқишнинг вазиятли усуллари ва фундаминтал қадамлари, стрессни бошқаришнинг амалий жиҳатлари каби мавзулар доирасидаги турли машғулотлар қатнашчиларга кайфият улашди.
Шунингдек, семинарда зиддиятли вазиятлар қурбонига айланмаслик учун киши ўзига хос фикрлаши ва идрок этиш каби хислатларга эга бўлиши лозимлиги ҳақида иштирокчилар фикрлари ҳам ўрганилди. Стрессли, ностандарт, зиддиятли вазиятларда ўзини тута билиш, норози ва салбий фикрларда бўладиган аудиторияни ўрганиш каби тавсиялар муҳокама марказида бўлди.
Турли қизиқ жараёнлар, машғулот ва ўйинлар ижодкорларни иш жараёнидан бироз жалғитиш ва уларда стрессли вазиятлардан чиқишда кўникма ҳосил қилиш каби вазифаларни амалга оширишда муҳим ҳисобланади.