Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Жиззах шаҳар бўлимида "Aҳолига фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш учун яратилган имкониятлар билан таништирув" мавзусида журналист ва блогерлар учун пресс-тур бўлиб ўтди. Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда тадбирда дастлаб меҳмонлар қутқарув отряди томонидан фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф етиш ҳамда қидирув-қутқарув ишларида фойдаланиладиган махсус асбоб-анжомлар, техникалар ҳамда қутқарувчилар учун яратилган имконият ва шароитлар билан яқиндан танишдилар. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи бошчилигидаги масъуллар бугунги кунда қутқарувчиларнинг ўз вазифаларини аъло даражада олиб боришлари учун таъминланганлик даражаси юқори эканлигини аниқ мисоллар ёрдамида тушунтириб ўтдилар. Бугунги кунда турли даражадаги ёнғинларни баратарф этиш, қидирув қутқарув ишларини сифатли ўтказишда Германия, Нидерландияда ишлаб чиқарилган махсус гидравлик асбоб анжомлар, Италияда ишлаб чиқарилган ғаввослар учун махсус либослар, шунингдек, Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган радиацион кимёвий либослар борасидаги маълумотларни ижодкорлар ўзгача қизиқиш билан қарши олдилар.
Маълумот ўрнида, айни пайтда бошқарма томонидан қидирув қутқарув, авария қутқарув, сувда қутқарув каби қутқарув жараёнларида 50 нафар профессионал ходимлар иштирок этадилар. Бошқармада 50 дан ортиқ турдаги қутқарув анжомлари жамланган бўлиб, йилдан йилга уларнинг сони ошиб боряпти. Шунингдек, бугунги кунда шаҳар бўлимида 12 та ёнғин қутқарув автомобиллари мавжуд. Шундан махсус 4 дона, асосий 8 дона автомобиллардир. Тадбир давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоблар олдилар.
Шу куни, Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасидаги ғаввослар учун қурилган махсус ҳовузда амалий машғулот ҳам ташкил этилиб, ғаввосларнинг ҳаракатига журналистлар баҳо беришди. Жиззах шаҳар Иттифоқ маҳалласида ўтказилган яна бир амалий жараёнда эса шартли равишда зилзила юз берган бинодан жабрланганларни олиб чиқиш ва юзага келган ёнғинни тезкорликда батараф этиш ишлари кўрсатиб берилди.
Кейинги йилларда дунёнинг турли минтақаларида, мамлакатимизда юз берган табиий, техноген офатлар бундай кутилмаган вазиятлардан ҳеч қайси ҳудуд, ҳеч бир инсон кафолатли ҳимояланмаганини кўрсатди. Шунинг учун огоҳлик, фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилишни билиш ҳаёт учун зарурдир. Жиззахлик бир гуруҳ журналистлар иштирокида ўтказилган пресс- тур жараёнида ҳам ушбу жиҳатларга кенг эътибор қаратилди.