Журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда ахборот хизматлари ўртасидаги спортнинг мини-футбол тури бўйича мусобақа Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими ташаббуси билан уюштирилиб, уни ўтказишда вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси, вилоят футбол ассоциацияси ҳамкорлик қилишди.
27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан ўтказилган баҳслар Жиззах политехника институтида бўлиб ўтди. Унда Жиззах вилоят телевидениеси, Жиззах шаҳар телеканали, “Жиззах” радиоканали, “Жиззах ҳақиқати”-“Джизакская правда” таҳририяти ҳамда шаҳар-туман ҳокимлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ахборот хизматларидан иборат жамоалар иштирок этишди.
Ташкилотчилар бу каби мусобақалар орқали журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашни мақсад қилишган.
Дўстона руҳда ўтказилган беллашувлар сўнгида ғолиб ва совриндор жамоалар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.