Онажон! Овозим жимжит уйда қандайдир жаранглаб кетди. Ёки шунчалик баланд овозда гапирдимми, билмадим. Ҳа, майли буни нима аҳамияти бор ўзи. Онамни чақирдиму унинг чиқишини кутмай, хонамга кириб кетдим. Ҳозир энг тинч пайт мен учун. Ўзимга келиб олишим керак. Ҳали замон болалар боғчадан келиб ҳаммаёқни остин устун қилишади. Матлуба ҳам ишдан қайтмаган. Хуллас онам ёлғизлигини билиб уйга қайтдим.
Онам эса доимгидек ошхонада, набираларимга деб бирнималар тайёрлаяпти. Икки йилдан буён аҳвол яна шу - рўзғор онамга қолган. Матлубага қаттиқ гапиргим келмайди, у ҳам мен билан баробар ишлайди. Лекин онамга ҳам қийин. Эртадан кечгача набираларини деб жони ҳалак. Балки шуниси яхшидир - қариганда овунчоқда зумрашалар.
Онам хонамга кирганида шу хаёллар билан банд, уни кирганини ҳам сезмабман. «Болам», - деган ташвишли овоздан ўзимга келдим. Азалдан шундай: бу дунёда ҳеч ким онамчалик билмайди мени, биргина қарашимдан уқиб олади онаизорим. Ҳозир ҳам қандайдир табиий сезги ила менга нимадир бўлганини сезди. Бошимни кўтариб қарадиму, «ойи, кейин, кейинроқ ҳаммасини айтиб бераман, бироз ўзимга келиб олай...», - дедим. Онам «майли», - деганча чиқиб кетди. Бошим оғриётганини баҳона қилиб кечки овқатга ҳам чиқмадим. Кичкинам - Лайлойим ёнимга келиб, «Дадажон, бийга ўйнайник», - деганида ҳам бошимни ёстиқдан олмадим. Кечқурун Матлубани саволларига жавоб бериш у ёқда турсин, унга қарамадим ҳам. Кейин эса ўзимдан уялиб кетдим. Уларда нима айб ахир, ўзимга келишим керак, ҳаёлимни йиғиб олишим керак... Бу тун тизгинсиз ҳаёлларим ва мен ёлғиз сайр қилдик. Узоқ-узоқ сайр қилдик. Қанийди шу кетишимда олти йил олдинга қайтолсаму , айнан ўша кунга - ундан айрилган кунга тушиб хатойимни тузатсам... Афсус. Бу орзу холос.
Қурилишда ишлаётганимга анча йиллар бўлди. Кўпчилик бу ишдан нолийди. Лекин ишим ўзимга ёқади, ҳар қандай ишда ҳам борда қийинчилик. Бугун бир неча ойдан буён қураётган биномизнинг очилиш маросими бўлди. Иморат эгаси қурувчиларнинг ишларидан миннатдор бўлиб, уларга зиёфат қилиб беришини айтибди. Шеригим иккимизни бир соатлик чала ишимиз бор эди. Эрталаб барвақт келиб, битириб кетишга келишгандик. Аксига олиб кечаги чарчоқдан иккимиз ҳам ухлаб қолибмиз. Маҳмуднинг қўнғироғидан уйғондим. Соат саккиздан ошибди. Тезроқ чала ишни битириб, янги бинога ўтишимиз керак. Нонушта ҳам қилмасдан ишга чопдим. Очилиш маросими бошланиш арафасида, мухбирлар, журналистлар уймалашиб туришарди. Ишимиз бинонинг орқа тарафида эди, тезроқ якунладик. Чиқаётганда узоқдан кулранг кўйлак кийган аёлга кўзим тушди. Негадир юрагим титраб кетди. Уни танийманми, деб тикилиброқ қарадим. Йўқ, танимадим. Маҳмуд кимга қараяпсан, дегандек мени туртди. Дўстим, сен боравер, синфдошимни кўриб қолдим, сенга етиб оламан дедим. У кетгач, одамлар гавжум жойга яқинлашдим. Ўша аёлни шунча одам ичидан қидира бошладим. Топдим. Қараган заҳотим танидим: Умида... Бир лаҳзада олти йил олдинги хотираларим оғушида қолдим. Ҳозир унинг ёнига бориб ҳол-аҳвол сўрашим мумкин эди, лекин нимаям дейман унга... Кимгадир узоқ тикилиб турсангиз ўша одам сезади-а, Умидам мени сезди, дарров сезди. «Умидам» га бало борми энди номард, у энди бировнинг хотинику! Шундай, ўзимни сўкиб аста аста одимлаб кетдим. Бироздан сўнг «Мансур ака» деган овоз келди. Юрагим увишиб кетди негадир . Қарасам Уми қаршимда турибди. Унинг кўзига қарашга ботинолмадим. Бир неча дақиқалик суҳбатимизда кўзимни олиб қочиб , бегонадек гаплашдим. Кўнгли оғригандир бечоранинг. Унга азобу оғриқдан ўзга нарса бердимми ўзи?
Умида билан институтда бирга ўқирдик. Бино-иншоотлар, қурилиш технологиялари бўйича қизиқардик иккимиз ҳам. Келажагимизни бирга тасаввур қилардик, бахт уйимизни яратиш эди орзуйимиз. Начора, тақдир қилмади, шундай дейману лекин ҳаммаси ўзимга боғлиқ бўлганини, қўрқувим, журъатсизлигим боис севгимдан айрилганимни ич-ичимдан сезаман. Оилада катта фарзанд эдим. Отам мен тўрт ёшлигимда оламдан ўтган эканлар. Бечора онамнинг бизни боқаман, ўқитаман деб тунлари ухламай чиқишларини кўриб катта бўлдим. Озгина бўлсада фойдам тегсин деб турли қора ишларни қилдим. Ўқишга кирганимдан кейин эса онамнинг бутун умидига айландим. Бир куни дарсдан кейин уйга борсам онам гап бошлади. «Мансуржон болам, мана ўқишни ҳам тугатай деб қолдинг, энди мен ҳам келин олсам бўлар-а , нима дейсан шунга?» Бирдан чеҳрам ёришди, ўзи шу масалани айтишга уялиб юргандимда. Умида ҳам совчилардан безор, онасига ҳам айтолмаётган эди. Онамга Умида ҳақида айтдим, совчиликка боришга рози бўлдилар. Лекин... Умиданинг уйидагилари менга беришга кўнмабди. Акаси жиддий қаршилик қилибди. Бунга ҳам ўзим айбдорман. Умида билан яқин дўст бўлиб қолган пайтларимиз эди ўшанда. Унга кўп қўнғироқ қиладиган, кўп гаплашадиган бўлиб қолгандим. Буни акаси сезиб қолиб телефонини олиб менга қўнғироқ қилди. Кимлигимни, қаердан эканимни ва синглисига нега қўнғироқ қилаётганимни сўради жаҳл билан. Мен аҳмоқ қўрққанимдан «уни танимайман» деб юбордим. Эркакчасига гаплашиб олсам олам гулистон эди, мени ҳам, синглисини ҳам тушунарди. Қўрқдим негадир. Акаси унинг телефонини тортиб олиб қайтиб бермади. Кейин эса шу аҳмоқлигим ўз оёғимга болта урди. Акаси совчи жўнатган мен эканимни билиб, «у номард эртага оила қургандан кейин ҳам бирор оғир кун келса сени танимай қолади», - дебди. Маъсумам, Умидам шунча гапдан кейин ҳам менга бўлган муносабатини ўзгартирмади. Мен эса қўрқдим. Акаси билан гаплашишга яна қўрқдим. Уни бир қариндошига узатишибди. Ўз дардим билан бўлиб қолдим. Унинг овозини эшитгим келди жудаям. Ички сезгидир балки , ўша куни унинг фотиҳа тўйи бўлаётган экан. Юрагим эзилиб кетди. Умида бўлса тинмай йиғларди, ишончим комил эди - у ҳали ҳам мени севади, шунча номардлигимга қарамай севади! Мен ҳам йиғладим. Нега менга қўнғироқ қилмадинг, севишимни билардингку дедим худди қўлидан бир иш келадигандек. “Сизни кутдим, жуда узоқ кутдим, лекин энди кеч”, - деди. Ҳовлидан карнай сурнай садолари, шодон кулгулар, тўйга келганларнинг баланд баланд овозлари эшитиларди. Уйда эса келин бўлмиш илк севгиси билан видолашмоқда! Умидага охирги марта қўшиқ айтиб бердим, «тўйи бўляпти» деган қўшиқни. Энди ўйлаб қоламан, ўшанда уни жуда йиғлатган эканман, бу ишим хато эди. У биров кўриб ё эшитиб қолишидан ҳам қўрқмади, акаси қаршилик қилганда юрак ютиб онаси билан гаплашганди, розилик олганди ҳатто. Ҳа, у мендан кўра анча жасур. У онасини кўндирганидан кейин эса алоқани мен уздим. Виждоним қийналади ҳануз. Бир бегуноҳ қизнинг шунча кўз ёшига сабаб бўлганим, унинг оила аъзолари олдидаги ҳурматини йўқотишига сабабчи бўлганим учун гуноҳкорман. Узоқ суҳбатдан сўнг хайрлашдик, тўғрироғи уни чақириб қолишди ўшанда. Чин дилдан бахт тиладим. Унинг ичидан нималар ўтганини ҳис қилишга уриндим. Умидадек қиз бошқа йўқ, бунга ишончим комил. Шундан кейин уни бошқа кўрмадим.
Бугун эса ўша битмас яра янгиланди. У билан қисқа суҳбатдан кейин ишга эмас, уйга қайтдим. Умримда қилмаган ишимни қилдим - чекдим. Сигарет тутатар эканман, яна Умида келди ҳаёлимга. У сигарета ҳидини ўлгудек ёмон кўрарди, мендан ҳеч қачон чекмаслигимни илтимос қиларди. Кўзимга ёш келди, биламан эркак кишига ярашмайди, лекин дилинг хун бўлса йиғи енгиллатар экан дардингни. Кечки узоқ сайрдан сўнг уйга қайтдим. Онам мени кўрдию ҳаммасини тушунди.
Нилуфар Орипова,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилоят бўлими қошидаги
“Ёш журналистлар” мактаби тингловчиси