1 октябрь – “Устоз ва мураббийлар куни” муносабати билан Шароф Рашидов туманидаги 16-умумтаълим ўрта таълим мактабида Журналистлар ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлими билан ҳамкорликда “Нурли кундузимсиз, азиз муаллим!” мавзусида адабий-бадиий кеча ташкил этилди.
Аввало, мазкур таълим маскани ҳақида. Ярим асрлик тарихга эга бўлган бу мактабдан нафақат туман ёки вилоят, балки республикамиз халқ хўжалигининг турли тармоқларига етук кадрлар етишиб чиққан. Бугун ҳам ушбу таълим даргоҳи таълим сифати, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиниш кўрсаткичи юқорилиги билан ўз ўрни ва нуфузига эга.
Мактабда ташкил қилинган байрам тадбирига узоқ йиллар шу ерда ишлаган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозлар ҳам таклиф этилдилар.
Тадбирда Журналистлар ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлими мутахассиси Н.Алимова, вилоят телерадиокомпаниясининг радио гуруҳи катта муҳаррири, шоира Латофат Неъматлар сўзга чиқиб, устоз ва мураббийларни байрам билан табрикладилар ҳамда ўқитувчидек машаққатли айни пайтда шарафли касб эгаларининг захматли меҳнатлари, ёш авлодни тарбиялашдаги масъулиятлари, бугунги кунда мамлакатимизда бу касб эгаларига кўрсатилаётган эътибор ҳақида тўхталдилар. Устозларни, она Ватанни, тинчлик ва осойишталикни улуғловчи шеърлар эса мактаб ўқувчи ёшларининг бадиий чиқишлари, куй ва қўшиқларига уланиб кетди.
- Мен 30 йил шу мактабда тарих фанидан ўқитувчилик қилганман. – дейди фахрий ўқитувчилардан Дилшода Турсунова. -Қийналган пайтларим ҳам бўлган. Ўшанда нега шу касбни танлаганман, деган ўйлар ўтган хаёлимдан. Аммо бу кун шу касбдан камол топиб, юзлаб шогирдларимизнинг ютуқлари, эришган муваффақиятларидан фахрланаман,иззат ва эҳтиром кўраётганимдан хурсанд бўламан. Айниқса, бугун юртимизда ўқитувчи ва устозларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳурмат бажо келтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, Муҳтарам Президентимизнинг ўқитувчи касбини улуғлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари шу соҳа эгаларини янада ўз устиларида ишлашга, ёш авлодни комил инсонлар қилиб тарбиялашда янада куч ва янги марраларга ундайди.
Байрам тадбирида мактаб ижодкор ёшлари томонидан устозларни мадҳ этувчи бадиий композиция барчага байрамона кайфият улашди.