Журналистлар ижодий уюшмаси Жиззах вилоят бўлими ва Жиззах вилоят мактабгача таълим бошқармаси ҳамкорлигида “Учинчи реннесанс пойдевори - мактабгача таълим 4 ёшда” мавзусида бошқарма бошлиғи Ф.Солиева иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Даставвал тарбияланувчилар томонидан ментал арифметика, робот-техника ва гимнастика йўналишлари бўйича йиғилганларга кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Бу йил Мактабгача таълим тизими яратилганига 4 йил бўлди. 2017 йилга қадар мактабгача таълим ташкилотларига болаларнинг қамрови жуда паст эди. Биргина Жиззах вилоятида атиги 172 та давлат ва 1 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари мавжуд бўлиб, уларда 2-7 ёшли болалар сони 147 967 нафарни, яъни 16,4 фоизнигина ташкил қилган.
Жорий йилнинг шу давригача 3-6 ёшли болалар сони 120 008 нафарни ташкил этиб, улардан 88 169 нафари 1324 та мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиниши натижасида қамров даражаси 73,5 фоизни ташкил этмоқда.
Матбуот анжуманида таъкидландики, 2024 йилгачамактабгача таълим ташкилотларига 6 ёшгача бўлган болалар юз фоизга қамралиши режалаштирилган.
Бу борада жорий йилдавилоятда 80 та болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик гуруҳлари ташкил қилинди. Мазкур гуруҳлардан 53 таси давлат мактабгача таълим ташкилотларида ва 27 таси умумтаълим мактабларида йўлга қўйилиб, уларга 2400 нафар 6 ёшли болалар қамраб олинди ва уларга сифатли таълим бериш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 августдаги “Мобиль гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 494-сонли қарорига мувофиқ 2021-2022 ўқув йилида вилоятнинг энг чекка қишлоқларида, хусусан Ғаллаорол туманининг “Тозауруғ” ва “Оқтом”, Ш.Рашидов туманинг “Учқиз” ва “Умар”, Зомин туманининг “Ширин” ва “Новбаҳор” ҳамда Фориш туманининг “Сайёд” ва “Нурак” маҳалла фуқаролар йиғинларида мобиль гуруҳлар ташкил этилди. Ушбу мобиль гуруҳлар замонавий талабларга жавоб берадиган тарзда жиҳозланган ISUZU HC 40 автобуслари билан таъминланди. Юқоридаги 4 та туманда 24 та гуруҳ ташкил этилиб, жами 384 нафар 3-7 ёшли болалар қамраб олинди ва сифатли таълим тарбия йўлга қўйилди.
Матбуот анжумани давомида тизимдаги камчиликлар, ечимини кутаётган муаммоларга ҳам эътибор қаратилди.
- Ташкилотларда фаолият кўрсатаётган мутахассисларнинг 37 фоизигина олий маълумотли. - деди. Ф.Солиева. - Ходимлар маълумотини ва малакасини ошириш энг асосий вазифалардан. Мактабгача таълим вазирлиги томонидан берилган тавсиянома асосида бугунги кунда 15 нафар ходим Жиззах давлат педагогика институтининг “Мактабгача таълим” йўналишига тўлов-шартнома асосида имтиёзли ўқишга қабул қилинди. Бундан ташқари “Илк қадам” мактабгача таълим муассасасининг давлат ўқув дастурини татбиқ этиш тренингларидажами 1405 нафар педагогларнинг малакаси оширилди.
Айтиш жоиз, эндиликда шаҳар ва туман мактабгача таълим бўлимларига қарашли муассасаларидаги бўш ўринларнинг электрон ҳисобини юритиш, болаларни муассасага қабул қилиш, электрон навбатларни шакллантириш, болаларни муассасага қабул қилиш бўйича йўлланмалар бериш тизим орқали йўлга қўйилган. Ундан ташқари мактабгача талим тизимини электрон юритиш (EMIS) дастури орқали давлат, нодавлат, хусусий шерикчилик асосидаги ва оилавий МТТларни ва МТТлардаги педагог кадрларни, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни ота оналардан ташкил қилинган кузатув кенгашлари томонидан мунтазам кузатиб борилмоқда.
Матбуот анжуманида, шунингдек, журналистлар ва блогерлар томонидан болаларни соғлом ва ҳавфсиз овқатлантириш, таълим тарбия сифатини ошириш, давлат хусусий шерикликдаги, оилавий ва хусусий мактабгача таълим ташкилотларидаги бадал тўловлари борасида берилган саволларига мутахассислар томонидан тегишли жавоб қайтарилди.
Нодира Алимова,
Журналистлар ижодий уюшмаси
Жиззах вилояти бўлими мутахассиси.