Ўзбек журналистикаси кўп йиллик тарихга эга. Сабаби инсоният пайдо бўлганидан буён ахборот тинимсиз алмашинади. Янгиликлардан тезроқ хабардор бўлишга эса ҳаммамиз ҳам ошиқамиз. Аслида бу жараённинг барчаси журналистиканинг бошланиши десак янглишмаймиз.
Бугун Жиззах вилояти журналистлар ижодий уюшмаси қошидаги “Ёш журналистлар мактаби”да Жиззах Давлат педагокика институти ўқитувчиси, “Зиё чашмаси” газетаси бош муҳаррири Абдукарим Шарипов билан “Бугунги кун журналистининг масъулиятлари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Абдукарим устоз 51 йиллик катта тажрибага эга маҳоратли журналист эканлиги дарс жараёнида яққол сезилди.
- Бир пайтлар Самарқандан Жиззахга самолётга келиб қўнардим десам, бугун ҳеч бир ёш ишонмайди. Илгариги шароитлар, вазият мутлақо бошқа эди, - дейди устоз узоқ хаёлга берилиб. Газета чиқариш ниҳоятда оғир бўлган бир даврлар эди. Сабаби типография ускуналари бугунгидек қулай эмас, кишидан ортиқча кўп меҳнатни талаб этарди. Газета чиқарамиз деб, икки кунлаб ухламаган пайтларимиз бўлган. Ўша кезлар бугунги яратилаётган шароитларни ҳатто тасаввуримизга ҳам келтира олмасдик. Қулайликлар жуда кўпайди, бироқ ғайратли ёшлар камайгандек. Яна ҳам ким билсин дейсиз, - дейди устоз шунча ўтирган қора кўзларни авайлаган оҳангда. Дарҳақиқат, ҳозирги кун журналистига енгилликлар жуда кўп. Материални ёзиб, ўтирган жойингизда саҳифалагани юборасиз. Таҳрир қилиниб бўлингач шу заҳотиёқ нашрга кетади. Хуллас бир сўз билан айтганимизда жараён тезлашиб, вақтимиз кўп сарф бўлмайдиган бўлди. Бироқ, илгаригидек шижоатли қаламкашлар озайиб кетгандек. Эҳтимол ОАВ даги иқтисодий вазият шуни тақозо этаётгандир. Албатта, ҳар бир сохада ҳам рағбат бўлсагина ўсиш бўлади.
- Яхши мақола чиғириқдан чиқмайди, - дейди Абдукарим ака. Бирон мақола ёзаяпсизми уни батафсил очиб бера олинг, зеро ўқувчида ортиқча саволга ўрин қолмасин, шундагина сиз вазифангизни адо эта олган ҳисобланасиз. – Журналист киши ўзи ҳамиша очроқ юриши керак. Кимнингдир нимасинидир еб қўйдингизми тамом, у сизнинг оёғингизга бир умр тушов бўлади. Шу сабабдан ҳам журналист, энг аввало, ҳалол ва масъулият билан ишласагина узоққа бора олади.
Мавзуда тўхталар экан, устоз “агар ниманидир тушунмай қолсангиз, бемалол ёнимга боришингиз мумкин” дедилар. Абдукарим ака қисқа вақт ичида кўп тушунчаларни бериб ўтолмадим деб ўйлади чоғи. Бироқ, дарс жуда мазмунга бой ўтди. Биз ҳаммамиз бажараётган ишимиз, зиммамиздаги вазифанинг эса нечоғли улуғ эканлиги ҳақида ўйлай бошладик!
Сарвиноз МАМАНОВА,
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилояти бўлими қошидаги
“Ёш журналистлар мактаби” тингловчиси.
ЎзЖОКУ талабаси.