Музейлар – тарих кўзгуси. Халқ ўтмиши, урф-одат ва анъаналари, турмуш тарзини ифода этувчи неки бўлса, шу ерда жамланади. Халқнинг маънавий дунёсини бойитиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ҳам музейларнинг ўрни беқиёс. Шу боис 1977 йилдан бери ҳар йили 18 май – Халқаро музейлар куни сифатида бутун дунёда кенг нишонланади. Энг эътиборлиси, шу куни анъанага кўра юртимиздаги барча музейларга бепул кириш ташкил этилади.
Ш.Рашидов тумани ХТБ га қарашли 16-умумтаълим мактабида ташкил этилган “Ёш мухбир” тўгараги аъзолари Жиззах шаҳрида жойлашган Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейларига ташриф буюрдилар.
Ўқувчилар бу ерда халқимизнинг севимли шоирлари яшаган ва ижод қилган давр руҳи билан ҳамнафас бўлдилар, адибларимизнинг ўз қўллари билан қоралаган қўлёзмалари, ёзув мошинкалари, ишлатган буюмларию, кийган кийимлари билан танишдилар.
- Музейда илк маротаба бўлишим. – дейди мактабнинг 6-синф ўқувчиси, тўгарак аъзоси Аҳмаджон Одилов. – Жуда ҳаяжондаман. Худди шоирларимиз бир пайтдлари яшаган даврга тушгандек ҳис қилдим ўзимни. Улар томонидан ёзилган шеър ва достонлардан парчаларни ўқидик, китоблари билан танишдик. Бу менга эндиликда кўп китоб ўқишим, ўрганишимга туртки бўлди.
Маълумот ўрнида: Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистондаги музейлар сони 105 тани ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп музей Тошкент шаҳрида жойлашган (29та), энг ками эса Сирдарё вилоятида (1та).
Бундан ташқари, Бухоро вилоятида 19та, Фарғонада 13та, Самарқандда 12та, Тошкент, Навоий, Жиззах вилоятларида 5 тадан, Қорақалпоғистон Республикасида 4та, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида 2тадан музей жойлашган.
Маълумот учун, 2021 йилда бутун дунё бўйича энг машҳур музейлар рейтингида Париждаги (Франция) Лувр музейи 9,6 миллион ташриф буюрувчи билан 1-ўринни эгаллайди.
Ушбу рейтингнинг иккинчи ўрнида 7,3 миллион ташриф буюрувчи билан Хитойдаги Миллий Музей (Беижинг шаҳри), учинчи ўринда эса 6,8 миллион ташриф буюрувчи билан Ватикан музейи (Ватикан шаҳри) туради.
Кучли бешликка Нью-Йоркдаги Метрополитан Санъат музейи (6,7 миллион ташриф буюрувчи) ва Лондондаги Британия музейи (6,2 миллион меҳмон) якун ясайди.
Нодира Алимова,
мактаб ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.