Янги йилнинг дастлабки кунлариданоқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг гранти асосида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлимининг “Етук маънавиятли ва юксак маданиятли ёшлар Ватан тараққиёти пойдевори” лойиҳаси доирасида “Ёш журналистлар” мактаби ташкил этилди.
Вилоятда журналистика соҳасига қизиққан ёшларнинг билим ва малакасини ошириш орқали истеъдодларини намоён этишларига кўмаклашиш, оммавий ахборот воситаларида ёш кадрлар захирасини шакллантириш, ёш журналистларнинг тарғибот материаллари орқали ёшларни чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлишга чорлаш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳа 8 ойга мўлжалланган бўлиб, ўтган йилнинг ноябр ойидан 2021 йилнинг июл ойига қадар амалга оширилиши белгиланган. Лойиҳа доирасида ҳудудий уюшманинг “jurnalistika.uz” расмий сайти яратилди.
Ўтган 2020 йилнинг ноябр-декабр ойларида мактабга тингловчиларни қабул қилиш тўғрисида эълон берилган бўлиб, унга кўра журналистикага қизиққан тўқчонга яқин ёшлардан ҳужжатлар келиб тушди. Тингловчиларни саралаш учун ўтказилган танловда 30 ёшгача бўлган ўттиз нафар истеъдодли ёшлар мактабга қабул қилинди.
Мактабда тингловчиларга матбуот, телевидение, радио, интернет журналистика ва фотожурналистика йўналишлари бўйича етук мутахассислар томонидан билим ва маҳорат дарсларини ўтказиш белгиланган бўлиб, дастлабчи машғулотлар Ўзбекистон жаҳон тиллари университети, Халқаро журналистика факультети доценти, Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренери Наргис Қосимова томонидан ўтказилди.
Унда тингловчилар журналистика тарихи, журналистиканинг ижтимоий маъсулияти, журналистика фани ва унинг таркиби, жанрлар ёш журналистларга тушунтиришлар берди. Шунингдек, машғулотларни вилоятдаги бир қатор тажрибали журналистлар – “Ўзбекистон 24” телеканалининг вилоят бўйича мухбири Дилмурод Абдураҳимов, вилоят телерадиокомпанияси, радио гуруҳи бош муҳаррири Сайёра Тўхтаевалар тил ва услублар, ахборот ва таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича тингловчиларнинг билим ва маҳоратини оширмоқдалар.
Мазкур лойиҳани амалга оширишдан қуйидаги натижалар кутилмоқда:
- Вилоятнинг шаҳар ва туманларида истиқомад қилаётган, журналистика ва блогерлик соҳасига қизиққан ёшлар маълумотлар базасини яратилади.
- Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлими қошида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлимининг лойиҳа доирасида яратилган “jurnalistika.uz” расмий сайти ва Телеграм ижтимоий тармоғидаги канали орқали ёш журналистларнинг барча йўналишдаги материаллари мунтазам бериб борилиши таъминланади.
- 27 июн – “Матбуот ва ОАВ ходимлари куни” байрами арафасида барча йўналишлар бўйича ёш журналистларнинг “Энг яхши материал” учун танлови ўтказилиб, танлов ғолиб ва иштирокчилари қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилади.
- Рағбатлантирилган ёш журналистлар томонидан келгусида сифатли ва малакали тарғибот материаллари тайёрланишига эришилади.
Маълумот ўрнида: бугунги кунда Жиззах вилоятида 30 га яқин оммавий ахборот воситалари, жумладан, 27 та босма оммавий ахборот воситалари, 1 та вилоят телевидениеси, 1 та вилоят радиоси, 1 та нодавлат телеканал фаолият кўрсатмоқда. Уларда 30 нафарга яқин ижодий ва техник ходимлар меҳнат қилмоқда. Шунингдек, 20 дан ортиқ марказий нашр ва телерадиоканаллар мухбирлари ҳамда вилоят, туман ҳокимликлари, бошқармалар тасарруфидаги Ахборот ва матбуот хизматлари фаолият кўрсатмоқда.
Жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳит таъминланишини тарғибот ва ташвиқот қилиш ҳамда аҳоли орасида кенг тушунтириш ишларини олиб боришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли катта. Айниқса, сиёсий савияси етук, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга, мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азму шижоатли ёшларимизнинг ўрни ва таъсири беқиёс.
Ёшларни ҳар томонлама етук бўлиб шаклланишлари учун уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, интилиш ва қизиқишларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва амалга ошираётган ишларини тарғиб қилишда матбуот, телевидение, радио ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқ.
Ўтказилган таҳлил натижаси шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда энг муҳим соҳалардан бири бўлган журналистика соҳасида ёш кадрлар етарли эмас. Вилоятдаги ОАВларда ҳозирда 25 ёшгача бўлган қалам тебратаётганлар атиги 6 нафарни ташкил этиб, улардан 1 нафаригина матбуот йўналишида, қолган 5 нафари телевидение ва радиода фаолият кўрсатмоқда.
Пойтахтда ушбу йўналишда олий маълумот эгаллаган ёшларнинг аксарияти вилоятга қайтмаган ҳолда республика ОАВларида фаолиятини давом эттиряпти. Соҳага қизиққан кўпчилик ёшларнинг пойтахтга бориб ўқиш имконияти йўқ.
Вилоят ОАВларида асосан ёши катта авлод журналистлари қалам тебратаётганини эътиборга олиб, ёшларни бу соҳага кўпроқ қизиқтириш ҳамда билим бериш долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Шу маънода вилоятда “Ёш журналистлар мактаби”ни ташкил этиш ҳамда соҳага қизиқувчи ёшларни жалб этиб, уларнинг билим ва тажрибасини ошириш, уларнинг вилоят ОАВларида ижод маҳсуллари билан иштирокини таъминлаш мақсадга мувофиқ.
Айрим ҳолларда ёш журналистлар ўз материалларини қайси ОАВда чоп эттиришни билмай юрадилар. Уларга замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш, сайт юритишни ўргатиш ва ўз материлларини сайт ва бошқа ижтимоий тармоқларга жойлаштириш учун шарт шароит яратиш ҳам муаммо бўлиб қолмоқда.
Нодира Алимова, лойиҳа раҳбари