Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилоят бўлими ташаббуси билан “Жиззах овози” газетасида давра суҳбати ташкил этилди.
Ташкил этилган давра суҳбати “Жиззах овози: кеча, бугун, эртага” мавзусида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилоят бўлими масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, “Жиззах овози” газетаси ходимлари иштирок этишди. Уюшма томонидан ташкил этилган навбатдаги тадбир мазкур таҳририятда бўлиб ўтгани бежиз эмас, сабаби, бу йил мазкур отахон газета ташкил топганига 90 йил тўлади. Шу муносабат билан тадбир аввалида газетанинг ўтмиши, тарихи ҳақида сўз борди. Айтиш керак, газетанинг ташкил топишида атоқли шоир Хамид Олимжон ташаббус кўрсатган бўлса, давлат арбоби Шароф Рашидов айнан ушбу газетада фаолият бошлаган.
Давра суҳбати давомида газетанинг тарихи ҳақида сўз бораркан, бугунги кундаги фаолияти ва эртанги режалари борасида ҳам маълумот берилди. Жумладан, жорий йил газетанинг 90 йиллигига тайёргарлик кўриш, ушбу таҳририятда фаолият юритиб бугун нафақада бўлган фахрийлар ҳамда тажрибали журналистларнинг фикр мулоҳазаларини ўрганиш кераклиги борасида таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида “Жиззах овози” газетасининг кичик музейига саёҳат ҳам уюштирилди. Иштирокчилар бу ерда газета тарихи билан боғлиқ ноёб фотолавҳалар, газетанинг илк сонлари, таҳририят ва унинг ходимлари томонидан турли йилларда эришган ютуқлари акс этган кўргазмалар билан танишдилар.
Исфандиёр Ишанкулов олган суратлар
Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси вилоят бўлими Дилшод ЭРГАШЕВ