Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан 2021 йилдан бошлаб умумтаълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар фаолият кўрсатмоқда. Мазкур тарғиботчиларнинг етакчилиги, фаоллиги, ижодий қобилияти ва ташаббускорлигини ривожлантириш, касбий маҳоратини рўёбга чиқишига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ҳар йили “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” республика танлови ташкил этилмоқда.
Танловнинг Жиззах шаҳар босқичида 20 нафардан зиёд тарғиботчи қатнашди.
Унинг якунига кўра, 6-мактабдан Маҳбуба Холмирзаева ҳамда 17-мактабдан Муҳайё Қувватова танловнинг вилоят босқичи йўлланмасини қўлга киритди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, халқ таълими бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаларининг вилоят бўлимлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган танловнинг вилоят босқичи жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтади.