Қизиқарли:
Жамият

ЁШЛАР - ОИЛАВИЙ ҲАЁТ БЎСАҒАСИДА

Поделиться:

Оила қуриш ва оилани сақлаб қолиши – инсон бахтининг энг асосий шартларидандир. Оила қуриб яшашнинг асосий мақсадларидан бири – фарзанд кўриш, уни тарбиялаб, элга қўшишдан иборат. Оилада фарзанднинг дунёга келиши ота-она, хонадоннинг умид орзуларини рўёбга чиқаради. Бундай орзу ва эзгу мақсадларини амалга ошириш учун ота-оналар фарзандларини соғлом, комил бўлиб ўсишлари учун ҳар қандай ҳаловатдан воз кечадилар. Оила ҳар биримиз учун энг азиз ва улуғ гўша, анънавий, рухий, ижтимоий, кези келганда моддий таянчдир. Оила бағрида ёш оилалар вужудга келади. Бир-бирига ўхшамайдиган икки оила вакилларининг никохидан янги онла вужудга келади. Бу вакилларнинг оиласида яшаш тарзи, шароити ва тарбиянинг турлилиги икки ёшнинг тез орада бири-бирини тушуниб кетишига қийинчилик тугдиради. Бу қийинчиликларни енгиб ўтиш ёшларни ахлоқий, жисмоний, маънавий, рўхий, жинсий тарбия жиҳатларига бевосита боғлиқдир. Маҳаллаларда ўтказилган тадбирларимизда тўнғич фарзанди вояга етган оналарнинг кўпларини инсоннинг балоғат ёши даври ва унинг хусусиятлари, Қонунда никоҳ қуриш ёши қизлар ва йигитлар учун 18 ёш деб белгиланган бўлсада, нима учун бу даврни оила қуриш учун эрта деб, ҳисоблайдеган саволлар қизиқтиради. Маълумки, ёшларнинг ўсмирлик ва ёшлик давридаги хулқи, дунёқараши, ўз тенгдошлари билан муносабати келажакдаги ҳаётига замин тайёрлайди. Агар мана шу даврда ёшлар хатоликка йўл қўйишса, келажакда оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз мавқеларини топа олмайдилар. Ҳозирги кунда ҳам ёшликда ўйламасдан босган қадами учун умрбод афсусланиб яшаётган кишиларни учратиш қийин эмас. Ешлик инсон ҳаётининг энг гўзал ва масъулиятли давридир. Инсон айнан мана шу даврида оёққа туриш, шаклланиш, жисмоний ва ижтимоий жиҳатдан балогатга етиш жараёнини бошидан кечиради. Бу даврда, яъни 14-30 ёшда инсон ҳаёти жуда жадал ривожланади ҳамда турли ноёб ва такрорланмас тасодифларга бой бўлади. Бу давр ёшларга ўзини-ўзи англаш, ҳаётининг хилма-хил мураккабликларини ҳис этиш, айниқса, билим олиши, касб эгаллаш ва ҳаётий тажриба орттириш даври ҳисобланади. Ёшларнинг физиологик етилиши – оилавий ҳаётга тайёрликнинг бирламчи, зарурий шарти ҳисобланади ва жисмоний етуклик даври – 16-17 ёшдан бошланади. Лекин бу давр инсоннинг тиббий-биологик ривожланиши нуқтаи назаридан қараганда ҳали оила қуриш учун эрта ҳисобланади. Чунки бу ёшда инсон организмида энг асосий функцияни бажарувчи органлардан ҳисобланадиган умуртқа поғанаси ҳали тўлиқ ривожланиб етмаган, тос суяклари ҳам бир мунча мурт бўлиб, мустаҳкам ривожланмаган бўлади. Шунингдек, умумтаълим мактабларни тугаллаган барча ёшлар ўз билимларини касб-ҳунар коллежлари ёки академик лицейда ўқувчи сифатида давом эттиришлари шарт. Урта-махсус касбни эгаллаш даври 16-19 ёшга тўғри келади. Шу ерда бир мисол келтирмоқчимиз. Қиз бола 18 ёшга тўлмай туриб, йигит эса 20 ёшида оила қурганлар. Никоҳдан олдинги тиббий кўрикда бўлажак келиннинг бачадонида шамоллаш аломатлари аниқланган бўлсада, тўй тараддуди билан банд бўлиб, даволанишга эътибор бераган. Тўйдан бир йил вақт ўтгач фарзанд дунёга келган. Лекин янги чақалоқ оилага қувонч олиб келиш ўрнига муаммолар туғдирган. Чунки бола ўта нимжон, касалманд эди. Шунинг учун ёш она коллежнинг 3-босқичида ўқишдан воз кечди. Турмуш ўртоғи эса касалманд аёл ва боладан воз кечган. Натижада оила ажралиб кетган. Оила қуришга маънан тайёр бўлиш ҳам ўта аҳамиятга эга. Маънан етук ёшларда оилавий ҳаёт тарзи ҳақидаги тушунчаларни англаб етиши, оилавий муносабатлар маданиятининг шаклланиши, уй рўзғор ишларини юрита билиши, оила осойишталигини таъминлаши, бўш вақтини тўғри ташкил этиши каби масалаларни ўзида ифодалайди.

 

Оила қуришга ижтимоий жиҳатдан тайёр бўлиш деганда — оиланинг жамиятда тутган ўрнини, унинг ижтимоий вазифаларини, оила қуриш, фарзандли бўлиш, уларни тарбиялаш масъулиятини ҳис этиш, оила аъзолари билан ўзаро яхши муносабатда бўлиш, ота-она, эр-хотин, қайнона-қайнота ва бошқа оила аъзолари билан бўлган муомала маданиятига эга бўлиш, ўз оиласининг тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш зарурлигини англаб етиш тушунилади. Анъанавий тайёргарлик эса, аждодларимиздан мерос бўлиб қолган қадриятлар, уларни бугунги кун талаби билан уйғунлаштирган ҳолда оилавий ҳаётни мустаҳкамлашдаги, фарзандларни тарбиялашдаги аҳамиятини англаб етиш ва ҳаётда тадбиқ эта олишдир. Шу ерда “Ота-оналар университети” тингловчиси бўлган бир қайнонанинг фикрини ифода этмоқчимиз. “Яхши ниятлар билан ўғлимни уйлантирдим. Келиним яхши пазанда, саронжом-саришта.Лекин муомалага бироз нўноқ. Мен келинимга биринчи кундан бошлаб хуш муомала бўлиши, мурожаатларга “лаббай” деб жавоб бериши ҳақида кўп ўргатдим.Лекин келиним бу сўз эскиликнинг сарқити дейди. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол бор халқимизда.Демак, бу келинимиз худди шундай муҳитли оилада вояга етган. Аслида турмушга чиқаётган қизига онаси “Борган жойингда ширин сўзингни аяма, сеҳрли, яъни лаббай, хуб бўлади, билмай қолибман” каби сўзлардан фойдаланиш лозимлигини айтиши керак эди. Шуни эътироф этмоқ лозимки, айрим ёшларимизнинг расман никоҳдан ўтмасдан оила қуришлари, ўзи дунёга келтирган фарзандига оталикни белгилаш, мерос тақсимотида ака-ука, опа-сингиллар ўртасида пайдо бўладиган нохушликлар, овсинлар, қайнона-келин ўртасида уй-жой, мулк тақсимотидаги жанжаллар баъзан учраб туради. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашнинг иқтисодий жиҳатлари – келин-куёвларнинг бўлажак оилани моддий жиҳатдан узлуксиз таъминлаб туришга қодирлиги тушунилади. Ёш оиланинг яшаш жойи, оила юритиш учун тадбиркорлик фазилатларга эгалиги ҳам бу тушунчани ифодалайди. Бугунги кунда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун барча имкониятлар мавжуд. “Оила” ИATM Жиззах шаҳар бўлимининг шаҳар ФҲДЁ бўлими биносида жойлашганлиги никоҳланувчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари, яқинлари билан тегишли мавзуларда суҳбатлар олиб боришда қўл келмоқда. Суҳбатдан ўтган бўлажак келин-куёвларга Муҳаммад Содиқ Маммад Юсуф Ҳазратларининг “Бахтиёр оила” китобидан намуналар келтирилган буклетлар тақдим этилмоқда. Никоҳ тўйлари бўлиб ўтган келин-куёвлардан телефон орқали баъзан уйларига бориб хабар олганимизда уларнинг ҳаётларидан рози, бахтиёр яшаётганликларини кўриб, “Берган насиҳатларингизни қулоғимизга сирға қилиб тақиб олганмиз” - деган ҳазиломуз гапларини эшитиб, қувонамиз. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида ота-она, маҳалла, таълим муассасалари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорликда зарур бўлган йўл-йўриқ ва маслаҳатларини доимий равишда бериб боришлари лозим. Шу мақсадда биз имом-хатиблар, отинойилар, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, тиббиёт ходимлари, психологларни суҳбат давомида жалб этиб, улар билан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.

Вилоят “Қалб нури” маркази рахбарлигида “Сабр” ўқув марказида сартарошлик, пазандачилик, қандолатчилик, тикувчилик сирларини бепул ўргатилаётганлиги бўлажак келинларимиз учун қўл келмоқда. Ушбу ўқув марказини тугатиб, сертификат олганлар ўз тадбиркорликларини бошлаб юборишган.

 

Ёшлар эса ҳаётдаги учраб турадиган мураккабликлар ечимини ўз меҳнати, ирода ва билими, аждодларимиздан мерос бўлиб қолаётган оила маънавияти ва анъаналарини ўзларида мужассам қилиб, уларни ўз ҳаётида тўлақонли тадбиқ эта олишлари лозим. Айнан шу бинода аёллар тадбиркорлик марказининг очилганлиги ва бу марказда айниқса никоҳланувчи ёшларнинг машғулотлар давомида тажриба орттириб кетаётганликлари, шаҳар ҳар бир туманда аёллар маслаҳат марказларининг очилганлиги қувонарли ҳолдир. Оила қурган ёшларни рўзғорнинг паст-баландликларига ғоят чидамли, қаноатли, ақлли, узоқни кўра биладиган, ўткир мулоҳазали, ўзини ҳар қандай шароитда ҳам тута биладиган, дуч келган қийинчиликларни енга оладиган, ўзаро муносабатлари мустаҳкам бўлган эр-хотинлар ўз оиласида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ҳам, фарзандларини тарбиялашга ҳам жиддий эътибор бермоқдалар. Бундай оилаларда тарбияланган йигит-қизлар оила қурганларида оилавий ҳаёт тарзига тезда мослашиб, дуч келган мураккабликларни енгиш қобилиятига эга бўладилар. Улар қурган оилалар ҳар томонлама мустаҳкам ва етук бўлиб, бахтли ҳаёт кечирадилар. Маълумки, 2003 йил 25 августда ВМ нинг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳақида” ги 365-сонли ПҚ чиққан эди.Бу қарор ҳалигача ўз кучини йўқотгани йўқ. Ушбу қарор мазмун-моҳиятининг жойларда доимий равишда тушунтириш олиб борилиши ўз натижасини бермоқда. Аммо, оилалар орасидаги ажрим ҳолати тўхтаётгани йўқ. Жорий йилнинг октябрь ойи давомида шаҳримиз маҳалларидан 3 та оила ФҲДЕ бўлими орқали, 15 та оила суд орқали ажралишди. Таҳлил қилинганда фарзандсизлик, учинчи шахсларнинг аралашуви, илмсизлик, тажрибасизлик, оила қуришга тайёр эмаслик, эр-хотиннинг ўзаро келишмасликлари сабаб бўлганлиги аниқланди. Ота-она фарзандининг тақдирини ўз билганича, шошма-шошарлик билан ҳал қилишга ҳаққи йўқ. Динимиз таълимотларига кўра, илм олиш, маърифатли бўлиш, турмуш учун лозим бўлган барча кўникмаларни ўрганиш ҳар бир кишига фарздир. Шунингдек, Ислом манбаларида ота ўз фарзандини бирор ҳунарни ўрганишига шароит яратиб бериши кераклиги айтилган. Хусусан, машҳур ҳанафий олими Ибн Обидин: “Ота қизини тўқиш ёки тикиш каби ҳунарларни ўргатадиган бир муаллимага олиб бориши керак, деган бўлса, бугунги кун педагоглари замонавий зарурий кўникмаларни ҳам фарзандларга таълим бериш муҳимлигини таъкидламоқдалар. Тўғри, ниҳол чиройли, соғлом ўсиб, мева бериши учун сув, қувватли тупроқ, тоза ҳаво, рисоладагидек парвариш – ҳаммаси меъёрида, ўз вақтида таъминланиши керак. Қиз бола шаъни мисоли шаффоф ойна, ундаги заррача гард сезилмай қолмайди. Фарзандлар, айниқса келажагимиз ворислари бўлган авлодни жисми жонида авайлаб дунёга келтирадиган, Аллоҳ таоло тақдирини оналик шарафи билан мукаррам этадиган қизларимиз тарбиясига мактаб, ота-она, жамоатчилик – барчамиз ҳамкорликда масъул, жавобгармиз.

Ислом дини кишилик жамиятида ўз ўрнини топиб, унинг диний ва дунёвий ҳаётида амалий суратда татбиқини топган илк саодат асридан бошлаб болалар тарбиясига катта аҳамият бериб келади.Бу таьлимот ва унинг йўл - йўриқлари жамиият асосининг пойдевори, келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларини талаб қилади.

 

Расулулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак ҳадиси шарифларида ота - оналарни ёш болаларга меҳрибонлик ва ғамхўрлик кўрсатиш,тўғри ақида ва соғлом тарбия асосида вояга етказишга ундаганлар ; ”Фарзандларингиздан шарьан буюрилган ишларни қилишни ва қайтарилган нарсалардан сақланишни талаб этинглар, шу ишларинг уларни дўзахдан сақлаганларинг бўлади” (Ибн Жарир ривояти).

 

Миллат келажаги соғлом, ақлли фарзандлар қўлида бўлмоғи лозим. Фақатгина соғлом, баркамол, ақли етук авлодгина буюк келажакни қура олади.

 

Фароғат Сатторова,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Жиззах вилоят вакилининг хотин - қизлар масалалари

бўйича ўринбосари,

“Дўстлик” ордени соҳибаси