Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими ҳамда вилоят давлат меҳнат назорати инспекцияси ҳамкорлигида Жиззах вилоят телерадиокомпаниясида Ўзбекистон Республикасининг янги Меҳнат кодекси юзасидан давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Жиззах вилоят телевидениеси ҳамда “Жиззах” радиоканали ходимлари, журналистлар иштирок этишди.
Тадбирда вилоят давлат меҳнат назорати инспекцияси бошлиғи Ойбек Эсанов маъруза қилди.
Янги Меҳнат кодексида иш берувчилар ҳамда ходимлар манфаатини кўзлайдиган ўзгаришлар ҳақида сўз борди. Жумладан, энди иш берувчи касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда қабул қилиши лозим бўлган ички ҳужжатларни, касаба уюшмаси қўмитаси 20 кун давомида иш берувчининг мурожаатига жавоб бермаган тақдирда, ўзи мустақил ҳал қилиши мумкин. Ташкилотда касаба уюшмаси тузилмаган бўлса, у ҳолда меҳнат жамоасининг умумий йиғилишига мурожаат қилиши , агар икки ҳафта мобайнида меҳнат жамоаси йиғилмаса ва касаба уюшмаси тузилмаса, бу ҳолда ҳам иш берувчи масалани мустақил ҳал қилиши мумкин. Бу қоида касаба уюшмаси тузилмаган ёки иш берувчи мурожаатига жавоб бермаган ҳолларда, ички ҳужжатларни қабул қилиш масаласини ҳал қилиш учун хизмат қиладиган энг яхши норма бўлиб ҳисобланади. Янги Меҳнат кодексида меҳнат таътилининг энг кам давомийлиги узайтирилди. Яъни, 21 календарь кундан иборат бўлди. Бундан ташқари, ходимлар битта ташкилотда ёки соҳадаги иш стажи учун қўшимча таътил кунларига эга бўладилар. Ходимга ишлаган йилларининг ҳар бир 5 йили учун 2, аммо бир иш йилида жами 8 кундан ошмаган, қўшимча таътил куни тақдим этилади. Бундан ташқари, фойдаланилмаган таътил куймайди ва ходим иш даврида ёки меҳнат шартномасини бекор қилишда фойдаланилмаган барча таътиллар учун пулли компенсация олиши мумкин.