Мен кўп йиллар олдин Гулистон давлат университетининг филология факультетида таҳсил олиб, таълим-тарбия масканларида меҳнат қилиш баробарида журналистика соҳасида қалам тебратиб келаман.Яқинда Президентимизнинг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилиниб, ҳар бир таълим ташкилотларида маданий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича ижтимоий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи, яъни ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозими жорий этилиши мен каби ҳаёт мазмунини бола тарбиясига чамбарчас боғлаган ижодкорларни руҳлантириб юборди.
Мен Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани халқ таълими бўлимига қарашли 19-умумтаълим мактабида ижодий маданий масалалар бўйича тарғиботчилик фаолиятимни бошладим. Фаолиятнинг биринчи куниданоқмактаб директори Ўткир Абдурасулов ва маънавий маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Уришбой Эргашев билан келгусидаги вазифаларни белгилаб олдик.
Мен ҳар бир синфларга кириб, ўқувчиларнинг қизикишларидан келиб чиққан холда, "Ёш журналистлар" ва "Ёш қаламкашлар" тўгарагини ташкил қилишга киришдим.
Эндиликда ўқувчиларнинг билимларини ошириш, истеъдодларини юзага чиқариш учун мактабга етук журналистлар, шоир ва ёзувчиларни, шунингдек, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорларини тўгарак машғулотларига таклиф қилишни режалаштириб олдим.
Мақсадим, Президентимиз ҳоҳлаганларидек, ёшларимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилишда маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, улар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик, Ватанга бўлган мухаббат ҳиссини кучайтириш, бир сўз билан айтганда,«Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган ҳаётбахш ғоянинг аҳамиятини фарзандларимиз онгига сингдиришдан иборат.
Хайитгул Ғаниева,
Шароф Рашидов туманидаги 19-умумтаълим мактаби
ижодий маданий масалалар бўйича тарғиботчиси