Инсон цивилизасиясининг энг катта ютуқларидан бири бу демократик давлат асосларининг шаклланишидир. Ҳар қайси давлат ривожланган тараққиётга эришиш учун ўзига хос йўлни танлайди ва танланган йўл орқали ютуқ ва камчликларни ўрганган ҳолда тараққиёт пиллапояларидан юқорилаб бораверади. Мана шундай босқичларни босиб ўтиш мобайнида инсоният тажрибаси бир иллатни эътироф этдики, у жамиятни ичдан емириб, ҳар қандай давлатнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига путур етказади ва уни таназзулга етаклайди.
Бу - коррупция иллати.
Коррупция - мансабдор шахснинг ўз мансаби бўйича берилган ҳуқуқларини шахсий бойиш мақсадида бевосита суиистеъмол қилишдан иборат амалиётдир. Мазкур иллатнинг шаклланиш ибтидоси инсониятнинг уруғ ва қабилачилик тузумида яшаган даврига тўғри келади. Олимларнинг тахминларига кўра, коррупциянинг илк куртаклари муайян шахс ёки шахслар томонидан қабилада маълум мавқега эришиш учун, қабила сардорларига турли хил совғалар ином этишдан бошланган. Бу ўша давр учун эса оддий ҳол сифатида қабул қилинган. Аммо кейинчалик башариятнинг замон тажрибалари бу ҳолатни тараққиётнинг асрий кушандаси, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишдаги энг катта ва улкан хавф эканлигини исботлади.
Коррупция давлат ва фуқаро ўртасига нифоқ солувчи энг хавфли кўриниш. Сабаби у фуқароларда ижтимоий адолатга, ҳақиқатга, ҳокимият органларига ва унда фаолият кўрсатаётган мансабдор шахсларга нисбатан ишончсизлик туғдиради ва жамият тараққиётига таҳдид солади. Муқаддас Қуръони Каримда ҳам мазкур иллат қаттиқ қораланган: «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг» («Бақара» сураси 188-оят).
Коррупция ёш ва миллат,ирқ ва жинс танламайдиган иллат. У бутун дунёда кузатилаётган ижтимоий хавфдир. Ҳозирги кунда дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган энг бирламчи масалалардан бири ҳам айнан коррупция муаммосидир. Ушбу хавфни бартараф этиш ва унга қарши кураш дунё ҳамжамияти даражасига кўтарилиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалаларидан бирига айланди. 2003 йил 31 октябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенция бу жиноятга қарши курашишдаги асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўла олди.Унда бу жиноятнинг моҳияти тўла очиб берилиб, унга қарши кураш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган.
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб демократик, ҳуқуқий давлат ва қонун устуворлиги таъминланган фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш,шунингдек, бу жараёнларни амалга оширишдаги энг катта хавфлардан бири бўлмиш коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизими яратилди. Бу курашда миллий қонунларга халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган нормаларини сингдириш масаласига алоҳида эътибор берилди. Бунинг натижаси 2008 йилда қабул қилинган «Бирлашган миллатлар ташкилотининг коррупцияга қарши кураш конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида»ги Қонунда акс этди. Коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 3 январда «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонуни имзоланди.Мазкур қонундан кўзланган мақсад коррупцияга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир.
Жамият ҳаётига хавф солувчи бумдай иллатнинг олдини олиш,унга қарши курашиш ер юзидаги барча давлатларда ҳамиша ва ҳамон давом этмоқда. Коррупцияга қарши курашда юқори натижаларга эришган Гонгконг, Швеция ва Сингапур каби давлатларнинг тажрибасига кўра, коррупцияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш, коррупцияга қарши курашда катта аҳамиятга эга. Уни бартараф этиш учун бу иллатга олиб келувчи ҳар қандай ҳолатни конституцияга зид деб ҳисоблаб,у ҳақида фуқароларга етарлича тушунтириш, мазкур соҳада аҳоли саводхонлигини ошириш бу жиноятнинг юзага келиш хавфини камайтиради. Зеро,халқимизда «Касални даволагандан кўра,уни олдини олган маъқул», - деган нақл бежиз айтилмаган. Ва шу ўринда бу жиноятга қарши курашишни энг аввало ўзимиздан бошламоғимиз зарур. Негаки, ўз ҳуқуқий онгимиз ва ҳуқуқий маданиятимизнинг етарли эмаслиги,бизни бу жиноятнинг сабабчиси, ёки аксинча қурбони қилиб қўйиши мумкин.
Зиёда Тошбекова,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилоят бўлими қошидаги
“Ёш журналистлар” мактаби тингловчиси