Қизиқарли:
Дунё

Францияда аввал коронавирусга чалинганлар фақат бир доза вакцина билан эмланади.

Поделиться:

Францияда коронавирусга чалиниб, сўнгра тузалиб кетганлар ковидга қарши вакцинанинг фақат битта дозаси билан эмланади. Ваҳоланки, одатда эмлаш икки дозадан иборат бўлади.


Фото: Daniel Cole/Copyright 2021 The Associated Press.


Мамлакат ҳукумати препаратни етказиб беришдаги кечикишлар сабабли шундай қарорга келган. Расмийларнинг таъкидлашича, касалликдан тузалган одамларда “иммунитет хотираси” шаклланади ва улар учун коронавирусга қарши биргина эмлаш кифоя.


Хабар қилинишича, ҳозирги вақтда Франциянинг ғарбий қисмида, Лотарингияда вазият айниқса оғир. Ҳудудда ҳар куни ковиднинг Жанубий Африка Республикаси штамми билан боғлиқ юзлаб янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Маъмурлар локдаун жорий этиш масаласини кўриб чиқаяпти.


“Айрим маҳаллий депутатлар Лотарингиянинг бир нечта ҳудудида зудлик билан карантин эълон қилиш таклифини беришди. Баъзилар эса мактаблар ёпилишини ёқлаяпти, ваҳоланки, бир ҳафтадан сўнг таътиллар бошланади. Мен Парижга бориб мактаблар билан боғлиқ вазиятни таълим вазири билан муҳокама қиламан” , - деди Франция соғлиқни сақлаш вазири Оливье Веран.


Венгрия эса Россиянинг "Спутник V" вакцинасидан фойдаланишни бошлаган Европа иттифоқидаги биринчи давлатга айланди. Расмий Будапешт январ ойидаёқ Россия препарати билан одамларни эмлашга рухсат берган эди. Айни пайтда мамлакатдаги 4 та шифохона бир неча ўн мингта доза вакцинага эга. Аниқлик киритилишича, сурункали касалликлари йўқ кекса фуқаролар биринчи навбатда эмланади.


Австрияда жанубий африка штамми билан боғлиқ хавотирлар ўсиб бормоқда. Унинг тарқалиш ўчоғи Тирольда бўлиши мумкин деб тахмин қилиняпти. Мазкур федерал ер чегараси бўйлаб полиция ходимлари жойлаштириб чиқилган ва Тирольдан фақат коронавирусга таҳлили манфий натижа бергани баён қилинган маълумотномаси борларнигина чиқаришмоқда.


Буюк Британияда эса ковид тарқалиши коэфиценти ўтган йилнинг июль ойидан буён биринчи марта 1 дан пастлади. Бу кўрсаткич бир нафар ташувчи ўрта ҳисобда неча кишига касаллик юқтиришини акс эттиради. 1 дан паст коэфицент эса эпидемия чекинаётганидан далолат беради.