Инсоннинг кунлик эҳтиёжлари саналса, улар ичида уйқу энг аҳамиятлиларидан саналади. Боиси яхши уйқу кун давомида инсон кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиб, унинг фаолияти ва иш самарадорлигини яхшилайди, хотира ҳам яхшиланади. Албатта, уйқуда ҳам меъёр керак.
Уйқунинг физиологик тавсифига тўхталадиган бўлсак, уйқу вақтида мушаклар тонуси сусаяди (уйқудаги одамнинг кўп мушаклари бўшашган ҳолда бўлади), сезувчанликнинг барча турлари – кўриш, эшитиш, таъм билиш, ҳид сезиш, тери сезувчанлиги кескин сусаяди. Қаттиқ уйқу вақтида нафас олиш ҳам анча чуқур, юрак уриши секин, артериал қон босими, тўқималарга қон келиши, моддалар алмашинуви, тана ҳарорати паст бўлади. Буларнинг барчаси уйқу ҳолатида мия билан бир қаторда ҳужайралар ва тўқималар ҳаёт фаолиятини таъминловчи ҳамма ички аъзоларнинг ҳам “дам” олишидан далолат беради.
Уйқу фақатгина кун давомида чарчаган танага дам бериш эмас, балки миянинг ҳам ҳордиқ олиши учун энг муҳим восита саналади. Хўш, уйқу меъёри қанча? ёки бир кунда қанча вақт уйқу тавсия қилинади?
Мутахассисларнинг тавсияларига кўра, катта ёшдаги инсонлар учун бир кунда 8 соат уйқу минимум ҳисобланади. Кўп ухлайдиган инсонларга нисбатан кам ухлайдиган инсонлар турли касалликларга чалинувчан бўлиши кузатилган. Уйқусизлик - жиддий касаллик. Бу бошқа касалликларни ва айниқса асабийликни, руҳий ҳолатнинг бузилиши, стресс кабиларни келтириб чиқаради. Олимлар инсон ёшининг даврларига қараб уйқу миқдорини тақсимлаб чиқишган:
- кичик ёшдаги болалар учун 10- 11 соат;
- гўдаклар учун 18 - 20 соат;
- катталар учун 6- 8 соат
Уйқу борасида турлича фикрларни эшитиб қоламиз баъзан... " Умримиз ғафлатда ўтиб кетяпти" " Ҳаётимизнинг анчагина қисми уйқу билан ўяпти" ва ҳк. Лекин ота - боболаримиз топиб айтганларидек, " Яхши дам - меҳнатга ҳамдам" Уйқу - табиий - физиологик жараён. Меъёрий уйқуга кетган вақтни беҳудага кетган деб ҳисоблашнинг ўзи хато. Соғлом бўлиш учун уйқу режимига қатъий амал қилиш лозим. Уйқу режими дейилганда, ҳар куни бир вақтда ухлаб, бир вақтда уйғониш тушунилади. Бу режимга амал қилиш лозим, ҳатто дам олиш кунлари ҳам. Юқорида айтилганидек, тўйиб ухламаслик ҳам бир қанча салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Улар қуйидагилар:
- Иммунитетни тушиши;
- Иш фаолиятини пасайиши;
- Диққат-эътиборни ва хотирани сусайиши;
- Юрак хасталикларига мойиллик;
- Бош оғриғи;
- Семириш.
Кам ухлаш каби кўп ухлаш ҳам инсонга зарар албатта. Уйқучилик инсонни ланж қилиб қўяди, меҳнат фаолияти сусаяди, тез чарчайдиган бўлиб қолади. Меъёр ҳар доим яхши натижаларга олиб боради.
Демак, хулоса ўрнида айтиш керакки, уйқу инсон ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Уйқу гигеенасига амал қилиш эса соғлом ҳаёт учун энг муҳим қадамдир.
Нилуфар Орипова,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилоят бўлими қошидаги
“Ёш журналистлар” мактаби тингловчиси