Она! Қанча таъриф бермай, Сендек буюк зотни таърифлаш учун сўз тополмайман. Сенинг бир бор табассуминг учун дунёларни берсам кам. Бизни дунёга келтирган, тунларини бедор ўтказган, кулганимда кулиб, йиғласам йиғлаган онам! Бир ўғлини ҳарбий қилиб, бир қизини турмушга чиқарган Онам! Бир бор фарзандини бағрига босиш илинжида соғинч билан яшаётган Онам! Онажон, мен сизга, сизнинг сабрингиз, матонатингиз ва меҳрингизга раҳмат айтаман. Сизни бутун борлиғим билан яхши кўраман.
Оналарга нима керак аслида? Фарзандларининг қувончи, оиласининг бахти. Шугина холос. Фарзандлари ташвишидан ўзин ўйламай сочлари оқарган оналар камми дунёда?! Болалари қувончи учун дунёни остин-устун қилишга қодир оналаримиз учун нималар қиляпмиз? Фарзанд деган номга лойиқмизми? Сиз онангизга бир бор ёмон нигоҳ билан қараётганингизда савол берса «уф-ф» деб жавоб бераётганингизда, дунёда миллионлаб инсонлар она меҳрига, бир бор «болам» деган сўзига зорлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Эй, менинг онамга ҳеч нарса қилмайди, оналар болаларидан барибир ҳафа бўлмайди, деб, ўзини овутадиганлар ҳам орамизда кўп.
Болалигингизни бир эслаб кўрингга, онангиз сизни койиганида сиз йиғлаб, ҳафа бўлганингизда, онангиз ўзи келиб, бағрига босиб, кечир дегани ёдингиздами? Сизчи? Баъзан бир бор узр сўрашга ор қиласиз. Лекин шундай кунлар келадики, биз ҳафа қилган, дилини оғритган, фарзандининг бир бор ширин сўзи, меҳрига зўр бўлган мушфиқ оналаримизни қаердан излашни ҳам билмай қоламиз.
Буларни англаганимизда эса кеч бўлади. Шундай экан, ҳеч бўлмаганда онажонингиз кўзларига тик боқиб «Сизни яхши кўраман, Онажон» денг. Қўлларидан ўпиб, дуосини олинг. Мадор кетган оёқларига, оёқ бўлинг. Ожиз қолган кўзларига сиз «кўз» бўлинг. Сизнинг бу амалларингиз онангизнинг тунда сизнинг бошингизда бир соат ўтирганига ҳам етмайди аслида. Лекин оналарнинг кўнглига оз бўлсада ёнларида фарзандларининг борлиги, унга суянч, юпанч бўлишлари таскин берар.
Азиз дўстим, кеч қолмасдан ҳозир боринг. Онангиз сизни интизорлик билан кутмоқда. Бир оғиз ширин сўзингиз билан онангизга бир олам қувонч бағишланг. Оналаримиз бизнинг жаннатимиз. Зеро, онажонларимизни парваришлаш навбатимиз келди.
Фарангиз Маҳмудова
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилоят бўлими қошидаги
“Ёш журналистлар” мактаби тингловчиси.