Қизиқарли:
Ёш журналистлар ижоди

Пандeмия мeнга нима бeрди?

Поделиться:

Дунё ҳамжамиятини ларзага солган пандемия...

2019 йил декабрь ойи охирларида Хитойнинг Ухань провинциясида пайдо бўлган тождор вирус ҳақидаги хабар жамоатчиликни қўрқувга солди. Негаки бу вирус инсон организмига тушганидан сўнг нафас олиш тизими, айниқса, ўпкани зарарлаб, охири ўлим билан якунланиши маълум қилинди.

Жангда ёнингда турган душман билан қачон ёки қандай курашишни биласан. Аммо душман кўзга кўринмас бўлсачи? У билан қандай курашасан? Мана шу савол барчани ҳайратлантира бошлади. Бу саволга жавоб топилгунга қадар эса «тождор» дунё бўйлаб саёҳатни бошлаб юборганди. У кўплаб мамлакатларда бўлгани каби юртимизни четлаб ўтмади.

2020 йил март ойи ўрталари. Ўзбек халқи ҳам тождор вируснинг навбатдаги нишонига айланди. 16 март санасидан бошлаб Ўзбекистонда ҳам қатъий карантин тартиби жорий этилди. Барча жамоатчилик ташкилотлари, таълим масканлари, хуллас, одамлар гавжум муассасалар фаолияти маълум муддатга тўхтатилди.

Пандемия. Мазкур давр бошланиши билан фуқароларга уйда қолиш кераклиги оммавий ахборот воситаларида қайта-қайта уқтирилди. Хаттоки, кўчаларда бир неча киши тўпланиши ман этилди.

Аслида бу даврлар ҳам инсоният учун бир синов. Фикримча, пандемия инсонлар учун сарҳисоб даври бўлди. Чунки кўпчилик уйда, бўш вақт эса етарлича! Ўтган умримизни, қилган амалларимизни сарҳисоб қилиб, мулоҳазалаш учун етатлича вақтимиз бўлган давр бўла олди. Бу давр назаримда биз унута бошлаган меҳр-оқибат ва яқинлар дийдори нақадар азиз эканлигини яна бир карра исботлай олди. Тўй-ҳашамлар  у ёғда турсин, икки метрлик оралиқ масофа сақлаган ҳолда мулоқотда бўлиш, керак бўлса кўчага ҳам чиқмай, уйда қолиш талаб этилган бу даврда яқинлар дийдорини, меҳрини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ соғинар экансан, киши.

Эҳ, пандемия, ҳаётимнинг энг севимли дамларини ўғирлаётганлигингдан афсусдаман. Талабаликнинг олтинга тенг қизғин, жозибадор ва таассуротларга бой бўлган даврларини қадрдон курсдошлар билан ўтказадиган дамларимизни, уйда компьютер қаршисида «Moodle» билан биргаликда ўтказмоқдамиз.

Аммо ҳар ибтидонинг интиҳоси бўлганидек, бу синовли кунларнинг ҳам якуни албатта бўлажак!!! Бу даврлардан сихат-саломатликда ўтиб олиш барчамизга насиб айласин илоҳим...!!!

Зиёда Тошбекова,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Жиззах вилоят бўлими қошидаги

“Ёш журналистлар” мактаби тингловчиси