Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах ҳамда Сирдарё вилояти бўлимлари ҳамкорлигида медиа-тур ташкил этилди. Унда ижодкорлар Жиззах вилояти Бахмал туманининг иқтисодий салоҳияти, инфратузилмаси ва туризм имкониятлари билан танишдилар.
Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятларидаги телевидение, радио, босма ва электрон нашрларда фаолият олиб борувчи кўп йиллик тажрибага эга устоз журналистлар, ёзувчилар ҳамда ёш журналистлар иштирок этган медиа-турнинг дастлабки манзили Бахмал туманидаги “Узунбулоқ” сув тозалаш иншоати бўлди. Ижодкорлар иншоат ҳақида батафсил маълумот олиб, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги бу лойиҳага юқори баҳо беришди. Узунбулоқ сув тозалаш иншоати 2022 йилнинг декабр ойида тўлиқ қувват билан иш бошлайди. Деярли барча жараён автоматлаштирилган тизимда, замонавий технологиялар асосида амалга оширилиб, Зарафшон дарёсидан келтирилган сув жами 5 босқичда тозаланади. Натижада тоза, сифатли ва қаттиқлик даражаси 3,5 миллиграм эквивалентга тенг ичимлик суви Жиззах вилоятининг 7 та тумани аҳолисига етказиб берилади.
Медиа-тур иштирокчиларининг кейинги манзили нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда ягона, жаҳонда йириклиги бўйича 2-ўринда турувчи Заъфарон плантацияси бўлди. Ижодкорлар Ўзбекистон-Италия қўшма корхонасининг ушбу заъфарон плантациясида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг устидан чиқишди ва ушбу эзгу ишга ўз ҳиссаларини ҳам қўшдилар.
Бахмал тумани гўзал табиати билан сайёҳларни ўзига жалб этади. Зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжоларига республикамизнинг турли ҳудудларидан келувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. “Новқа ота” зиёртгоҳида бўлган журналистлар нафақат ушбу зиёратгоҳ, балки тумандаги бошқа зиёратгоҳлар ҳақида маълумот олишди.
Ушбу медиа саёҳат ижодкорлар ўртасида ўзаро фикр алмашиш имконини ҳам берди. Бу каби сайёҳатларни ташкил этиш ижодий ҳамкорлик нуқтаи назаридан ҳам фойдали экани таъкидланди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилоят бўлими