Инсониятга берилган энг катта туҳфа - СЎЗдан баҳра олиш имконидир. Неча асрларки инсон адабиёт, санъат мўъжизаларини яратиб келмоқда. Хусусан, адабиёт улкан маънавий хазина яратганки, ўлмас асарлар инсон тафаккури ўлароқ юракларни ларзага келтиради. Ҳозир ҳам шундайми, ҳозирда ҳам шундай асарлар дунё юзини кўрмоқдами? Ўзбек адабиёти қай аҳволда сизнингча?!
Қанчалик оғир бўлмасин, бу ҳақиқат - бугунги ўзбек адабиёти кўпикдек омонат. Бир нарса аниқки, ижодкорнинг ёзувчилар уюшмасига қабул қилингани - бу унинг ҳали ҳақиқий ёзувчи эканидан далолат бермайди. Қачонки, уни халқ қабул қилсагина, асарларини севиб ўқисагина ёзувчи деган шарафга лойиқ бўлади ижодкор. Бадиий ижод, ёзганларини, кўнглидагини ўқувчига юқтира олиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Бу ҳақида халқ тан олган ижодкор Ўткир Ҳошимов шундай деган эди: «Ҳақиқий асар иккита шафқатсиз ҳакам синовидан ўтади, бири вақт, иккинчиси китобхон». Асарнинг вақт синовидан ўтишига кафолат йўқку, китобхон синовини гапирмай қўя қолинг... Техника шиддат билан ривожланаётган, инсонлар китоб ўқишдан кўра бошқа нарсаларга вақтини сарфлаётган бир пайтда унча мунча асар билан ўқувчини қизиқтириб бўлмайди. Демак, чинакам истеъдодларгина, ўз сўзига, ўз қарашларига эга, китобхонга бошқа ҳеч қаерда айтилмаган гапни айта оладиган ёзувчиларгина ўқувчини китобга ошно қилиши мумкин.
Ҳозирги адабий жараённи кузатар экансиз, ёзилаётган асарлар бир ёну, унинг довруғи бир ён эканига гувоҳ бўласиз. Бу, албатта ҳаммага тегишли эмас. Айрим ёш ёзувчилар подадан олдин чанг чиқаришни, тўйдан олдин ноғора чалишни ўзларига одат қилиб олмоқдалар. Халқимизда бир гап бор: «Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар». Чиндан ҳам ҳар мақомга солишмоқда ўзларини. Нима бу энди, ёшларга шундай қилиб ўрнак бўлмоқдами муҳтарам «ёзувчи» лар! Бири янги ёзган асарини пиар қилиш билан овора бўлса, яна бири чет эл нашрларида чиқаётгани билан мақтанишдан бўшамайди. Ўз халқинг сени тан олмагач, чет элда чиққанингдан нима наф?!
Ҳозирги адабий жараёндаги «жанг» кишини ўйлантиради - маҳаллийчилик. Адабиётда ҳам маҳаллийчилик бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмаганмисиз ҳеч? Афсуски бу ҳақиқат... Бир гуруҳ ёзувчи, шоирлар ўзларига «адабий гуруҳ» тузиб олиб, бошқаларни тан олишмайди, устиларидан кулишади, масхаралашади. Ҳайрон қоласан киши, булар ижодкорми ўзи , ёки иғвогарми деб. Маълум бир ҳудуд ижодкорлари бир таркиб тузиб олиб, шундай давом этишса адабиётимизда ўсиш бўладими келажакда! Ёшлар, ҳаваскорлар қайси «тўда» га кирсам экан деб гангиб қолмайдими? Қаҳҳорлар, Саид Аҳмадлару Ғафур Ғуломлар қандай юксак даражада устоз шогирд мақомига етишган ахир! Улар истеъдодларни асраб авайлаб, керак бўлса ўз фарзандларидек кўришган. Ҳозирчи, ҳозир ҳам шундайми? Агар шундай бўлганида бизда бир марта ўқишлик, мағзи бўш асарлар эмас жаҳон билан бўйлаша оладиган, юксак мукофотларга даъво қила оладиган асарлар яратилган бўлур эди.
Танқидни кўтаролмайди айрим ёш ижодкорлар. Холисона айтилган фикрни «душманлик» деб баҳолаб ўз позициясини намоён қиладилар. Шундай ҳолларни кўргач, ўқувчида ҳурмат қоладими ёзувчига?!
Ўзбек адабиёти тарихида бой меросга эга. Мумтоз асарларимиз билан бемалол фахрлансак арзийди. Жадид адабиёти, маърифатпарварлик адабиёти, хонликлар даври адабиёти, ХХ аср адабиёти... хуллас жуда ажойиб асарлар яратилган ва яратилмоқда ҳам. Фақат юқоридагига ўхшаш ҳолатлар таъбингизни хира қилади холос. Техника асрида яшаяпмиз, ижтимоий тармоқлар орқали сонияларда тарқалмоқда ахборотлар.
Хулоса қилиб шуни айтмоқчимизки, биз оддий китобхон сифатида, ўқувчи сифатида яхши бадиий асарларга муҳтожмиз. Жаҳон адабиёти намуналари билан чекланмасдан, аввал яратилган асарлар билан фахрланиб юравермасдан чинакам бадиий асар ўқишни хоҳлаймиз. Ижод аҳлига эса ижодий муваффаққият тилаб қоламиз.
Нилуфар Орипова,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилоят бўлими қошидаги
“Ёш журналистлар” мактаби тингловчиси