(эссе)
Ҳар тонг тун пардаси тортилиб замин узра мунаввар тонг отар экан, бу фараҳбахш онларга шукрона айтаман.
Шундай кунлар завқини тота олмаган, шу мунаввар тонглар орзуси билан ёнган юраклар, шу осуда тунлар учун қон тўккан ватандошларим – бобою момоларим, акаларим, оталарим ҳаққига дуо ўқийман. Илло, бу нурафшон, бахтли кунларимизда уларнинг ҳам ҳақлари бисёрдир.
Юртимиз кун сайин чирой очиб дунёга тенглашмоқда, имкониятлар эшиги очилмоқда. Илм-фан ривож топмоқда.
Бугун шоирлар ушбу гўзалликларни байтлар билан, санъаткорлар куйлар билан мадҳ этмоқда.
Лекин, мустабид тузум даврида бундай имконият мавжуд эмасдики, бу ҳеч кимга сир эмас.
Яқинда пойтахтимиздаги мустақил Ўзбекистон Республикасининг асосчиси, биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббуслари билан қад кўтарган бир қанча биноларда бўлиб, улар ичида “Шаҳидлар хотираси” мажмуаси ва “Қатағон қурбонлари” музейида бўлганимда бир зум ўша тарихга назар ташладим.
Атрофи гўзал гулзорга айлантирилган мажмуа ҳовлисида куздан хабар келаётган бўлса-да, ҳамон кишини ўзига тортувчи гуллар билан безанган дарахтлар кўчатлари беаёв жанглардан ғолиб чиқиб, ўз чиройини кўз-кўз қилаётган юртимга қиёслагим келади.
Камситишлардан, Гдлян Иванов адолатсизликлари ва “қама-қама”ларидан омон чиққан тазйиқлар таъсирида ҳам букилмаган, ўлмаган, мустақил юртимиз орзуси рўёбига ўхшатдим. Уларнинг бесамар кетмаган қонлари, беиз кетмаган умрларига қиёсладим.Улар ҳамон БАРҲАЁТ – ўша дарахтлар гулларидек гўё!
У ердаги манзара аждодларга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиром ифодаси эмасми?!
“Қатағон қурбонлари” музейидаги ҳар бир экспонант, инсон тақдири ҳақида сўзлайди.
Мен шуни ҳис қилдим.
Тарих кўз олдимда яққол гавдаланди.Ўзга юртларга ишлаш учун олиб кетилган мардикор юртдошларимиз, ҳурликни, эркни орзу қилиб, куйлаб қатағон қилинганлар...
Уларнинг мағрур ва юрт озодлигига ишонч балққан юзлари шундоққина кўз олдимда эди.
Музей бўйлаб сайр қилаётганимда бир ёш йигитнинг суръатини кўрдиму, бўғзимда нимадир туриб қолди. Бу суръат Усмон Носирники эди. Озодлик истаб ёнган бу ёшгина жуссада замоннинг не ўчи бор эдики, қатл этилди. Узоқ туриб қолдим суръат қаршисида, бош эгдим, ватанпарвар, ҳурликсевар бу инсон сиймоси олдида.
Музейдан мустақиллик даврида номлари қайта тикланган, қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг номлари, суръатлари, шахсий буюмлари жой олган. Музейга кираверишда билмаган одам “нега бу машинани бу музейга қўйишган”, деган савол туғиладиган, билганлар эса нафрат билан қарайдиган ҳайбатли бир машинага кўзим тушди. Бу ўша юртдошларимиз, ота-боболаримиз, ҳатто, оналаримизни яқинлари бағридан юлиб кетган, қатағонга, сургунга маҳкум қилинганлар манзилига элтувчи машъум машина. У машинада кунига бир манзилдан 3 – 4 киши олиб кетилиб, учдан бири қайтган холос. Улар ҳам кўп яшамаган. Музей бўйлаб турли ҳис-туйғулар ўтди кўнглимдан. Жумладан, тангрига қайта-қайта шукроналик келтирдим. Борлиғимни Ватан деган ном чулғаб олганини яна бир бор ҳис қилдим.
Бу мажмуалар бежизга барпо этилмаганини тушундим. Уларни ва тарихни унутишга ҳаққимиз йўқ.
Бас, биз озод, обод, мустақил, ҳур диёрда осуда тун ва мунаввар тонглар бағрида гўзал ўйу хаёллар билан яшаётган эканмиз, бу кунларнинг қадрига етайлик. Асраб авайлаб, огоҳ бўлайлик. Юрт сарҳади мудофаасида доим сергак акажонларимизга Оллоҳдан ирода сўраб, азиз жонларига омонлик сўрайман. Яратгандан тонгда юрган йўлимизда юртга тинчлик сўрайлик. Зеро, тонгда пок юрак билан Оллоҳдан юртимизга тинчлик, фаровонлик, осмонимиз мусаффо бўлишини сўрасак, албатта барчасини беради, дейдилар.
Юртим узра жарангласин жўшқин Мадҳиям, ҳилпирасин бошимизда мағрур Байроғим. Кезсин осмонимда мудом Ҳумо қушим. Байрам саъдолари, ҳурлик саболари, бахтиёр кулгулар, тинчлик бардавом бўлсин. Азиз авлиёлар, бобокалонлар руҳи ёритсин мудом йўлларимизни. Дуолари ҳамдам бўлсин ҳар биримизга. Юрт корига яраш, муносиб фарзанд бўлиш ҳар биримизга насиб айласин.
Зарифа ИБРАГИМОВА
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилоят бўлими қошидаги
“Ёш журналистлар” мактаби тингловчиси.