Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими томонидан Жиззах шаҳридаги 19-сон умумтаълим мактабида ижодий учрашув ташкил этилди.
“Янги Ўзбекистоннинг янги истеъдодлари” номли тадбир мактабнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича тарғиботчиси ҳамкорлигида ўтказилиб, унда журналистика, адабиёт ва шеърият оламига қизиқувчи ўқувчилар иштирок этишди.
Тадбирга “Ёшлар” телеканалининг Жиззах вилоят бўйича ижодкорлари Ёрқин Содиқов ва Жўрабек Ўсаров, Жиззах вилоят телерадиокомпанияси мухбири ва бошловчиси Нилуфар Азизова, “Жиззах” радиоканали бош муҳаррири Сайёра Бўронова ҳамда катта муҳаррири, шоир Латофат Неъмат таклиф этилдилар.
Дастлаб, мактабнинг истеъдодли ўқувчилари ўзларининг чиқишларини намойиш этишди. Шундан сўнг, тадбирда сўз олганлар юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиликлар ҳақида тўхталдилар. Келажакда касб танлашда ёшликда олинган билимнинг, айниқса, китобларнинг ўрни ва аҳамияти борасида гапириб ўтдилар. Тадбир сўнгида "Таъзим сизга устозлар" хештеги остида ўтказилган видеороликлар танлови ғолиблари меҳмонлар ва мактаб маъмурияти томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.