Қизиқарли:
Ёш журналистлар ижоди / Маданият

Жиззахда қадимги кулолчиликнинг анъаналари тикланмоқда

Поделиться:


Ўзбекистоннинг мустақиллиги миллий маданиятимиз айниқса халқ амалий санъати ва ҳунармандчилиги тараққиётига кенг йўл очиб берди.  Қадимдан ривож топиб келаётган наққошлик, ганчкорлик, ёғоч ўймакорлиги, бадиий кулолчилик, мисгарлик, каштачилик турлари яна гуркираб ўса бошлади. Унинг миллий бадиий анъаналари янада ривожланмоқда. Ўзбекистон ҳам кулолчилик санъатининг энг бой меросини сақлаб қолган маскан ҳисобланади. Шу сабаб ҳам юртимизда айнан кулолчилик соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кулолчиликни жадал ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам қабул қилинди. Мазкур қарор эса юртимизда миллий ҳунармандчилигимизнинг қадимий турларини сақлаб қолишга ва уни ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Жиззах шаҳридаги ихтисослаштирилган санъат мактабида ажойиб кулолчилик тўгарагини ташкил қилган уста Файзулло бобо Жўрабеков 2 йилдан буён қизиқувчан ва интилилувчан ёшларимизга кулолчилик касби сир-синоатларини ўргатиб келмоқдалар. Устозим Шаҳзода Норқулова билан санъат мактабига уюштирган саёҳатимиз менда катта таассурот қолдирди. Болажонларни қувноқлиги,  бу касбга қўйган меҳрини кўриб мени ҳам кулолчиликка қизиқишим янада ошди.  Уста Файзулло бобо айтишларича ўзлари ёшлигидан тенгдошлари қатори лой ўйнашни ҳуш кўрган эканлар. Болаларча ўйинқароқлик билан бу қизиқиши кейинчалик кулолчиликка етаклайди. Бу соҳани мукаммал ўрганишни истаган уста  Тошкентлик кулолчи устозларга шогирд тушади. Бугун эса у вилоятимизда уста кулол Файзулло бобо номи билан барчага маълум. Бугунги кунда ҳам қадимий миллий қадрият сифатида ривожланиб келаётган миллий ҳунармандчилигимизнинг бадиий кулолчилик турига қизиқувчи ёшлар кўплаб топилади. Шу сабаб уста Файзулло бобо кулолчиликка қизиқадиган ва лой билан ишлашни ҳуш кўрадиган ёшларни бир жойга жамлаб кулолчиликнинг сир асрорларини ўргатиб келмоқда. Жажжи қўллари билан ўз тасаввурларини лойга кўчириб нимадир яратишга ҳаракат қилаётган ёшларнинг иштиёқини кўриб ҳавасингиз келади.  

 

- Лойдан ясалган сопол идишлардан бугун ҳам халқимиз кенг фойдаланиб келишади. Сопол кўзачаларда шўрва пиширилади. Чунки кўпчилик бу усулдаги таомнинг  фойдали хусусиятларидан ҳабардор. Ҳозирги кунда юпқа алюмин ва бошқа металлардан тайёрланган замонавий идиш товоқлар пайдо бўлди. Тўғри шу каби идишларга ҳам кўникиб қолганмиз. Бироқ сизга сопол идишлардан фойдаланиб кўришни маслаҳат бераман, – дейди уста Файзулло бобо.  Кулолчилик ҳунарини эгаллаш кишидан  қунт, сабр-тоқат  ва синчиковлик талаб этади. Ота-боболаримизнинг сопол буюмларни қўлда ясаш анъаналари давомийлигини таъминлаш ва ривожлантириш борасида олиб борилаётган эзгу ишлар албатта келажакда ўз мевасини беради деган умиддамиз.

 

Ноила Абдусаломова,

Ўзбекистон  журналистлари ижодий уюшмаси

Жиззах вилояти бўлими қошидаги

«Ёш журналистлар мактаби» тингловчиси