“COVID-19 эпедимияси шароитида хотин-қизларга нисбатан зўравонликни тугатиш ва олдини олиш” бўйича Марказий Осиё ва Афғонистон учун «ЁРУҒЛИК НУРИ” минтақавий ташаббуслар дастури молиявий кўмагида амалга оширилаётган Жиззах вилоят “ҚАЛБ НУРИ” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказининг “СЕН ЁЛҒИЗ ЭМАССАН” лойиҳаси доирасида вилоятимизнинг барча туманларида маҳалла фаоллари, хотин-қизлар билан ишлаш инспекторлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари ходимлари учун “Тенг ҳуқуқлар-тенг имкониятлар” мавзусидаги семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Жумладан бугун Ғаллаорол туманидаги Маҳалла марказида ҳам мана шундай тренинг дарслари бўлиб ўтди.
Ушбу семинарда туман ҳудудидаги йигирмага яқин хотин-қизлар билан ишлаш инспекторлари ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш ходимлари иштирок этишиб, зарурий тушунча ва кўникмаларга эга бўлишди. Лойиҳа раҳбари Наргис Қосимова, тренер Нодира Алимовалар билан биргаликда бугунги жамиятимизда эркак ва аёлинг ўрни, учраётган долзарб муаммолар, йўл қўяётган камчиликларимиз, зўравонлик қурбонлари қаерга мурожаат қилиши керак, каби кун тартибидаги саволларга жавоблар изланди.
Семинар тренинг мобайнида гендер стереотипи, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш ҳақида мутахассислар фикри тингланди. Кун бўйи давом этган дарс жараёнида қизғин бахс-мунозаралар, турли психологик ақл машқлари ўтказилди.
- Аёллар ўз ҳуқуқини, ўз қадрини билмас эканлар, жамиятимизда уларнинг мавқеи тобора пастлайверади, - дейди туман тарғибот раҳбари Баҳор Жумабоева. Гендер бўйича бошқа ривожланган мамлакатлар қаторига киришимиз учун, энг аввало одамларимизнинг онгига таъсир ўтказишимиз керак. Зеро, ҳеч ким аёл кишининг фикрларига беписандлик билан қараб, унинг имкониятларини чегаралаб, уни “тушовлай” олмасин!
Дарҳақиқат, аёл қадр топган, у камситилмаган юртда бахт-иқбол унади. Семинар мобайнида мавзуга оид таъсирли видео-роликлар намойиш этилди.
- Бу каби тренинг машғулотларини кенгроқ доирада ҳам ташкил этиш керак, - дейди Норхол Нарзуллаева. Айниқса, ёш кадрлар кўпроқ жалб этилса яхши бўларди. Сабаби, улар ҳам кўплаб аудиторияларда ўзини намоён эта олишади.
Ишонаманки, тренингда бўлиб ўтган савол-жавоб, қизғин суҳбатлар, ўтказилган сўровнова ҳар бир тингловчига катта мактаб бўла олди.
Сарвиноз МАМАНОВА,
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлими
қошидаги “Ёш журналистлар мактаби” тингловчиси.