Қизиқарли:
Янгиликлар

Бир гуруҳ журналистлар Шароф Рашидов уй-музейида бўлишди

Поделиться:

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими томонидан давлат арбоби Шароф Рашидовнинг илмий-маърифий, ёдгорлик уй-музейига саёҳат уюштирилди. Унда вилоятимиздаги бир қатор журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш” тўғрисидаги қарори асосида 2017 йил мазкур илмий-маърифий, ёдгорлик уй-музейи ташкил этилган эди. Шароф Рашидов тумани, Жиззахлик маҳалласида жойлашган ушбу уй Шароф Рашидовнинг ота-онаси Рашид ота ва Қўйсиной она Халиловларга тегишли бўлган. Бугун бу ерга келувчилар кўпчиликни ташкил этади. Айниқса, Шароф Рашидов таваллудининг 105 йиллиги муносабати билан уй-мезейига саёҳатлар сони янада ошди. Жумладан, навбатдаги саёҳат Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими томонидан уюштирилди.

Давлат арбоби Шароф Рашидов шоир ва ёзувчи бўлиш билан бирга журналист ҳам эди. Меҳнат фаолиятини айнан журналистика соҳасидан, аниқроғи, Самарқанд вилоятининг ҳозирги “Зарафшон” газетасида бошлаган. Музейда бу ҳақда алоҳида бўлим ва экспонатлар жой олган. Шароф Рашидов босиб ўтган йўл, ижоди, шахсияти журналистлар учун ҳам икки карра қизиқ.

- Орамизда шундай инсонлар борки, улар Ватанпарвар бўлиб туғилади. Шундай инсонлар бири – бу шубҳасиз Шароф Рашидовдир, - дейди Жиззах вилоят телевидениеси бош муҳаррири Ўткир Холбеков. Уй-музейи орқали унинг шахсияти билан танишарсан экансиз, бунга амин бўласиз. Қолаверса, Шароф Рашидов фаолиятини айнан журналистикадан бошлаганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.

Шароф Рашидовнинг илмий-маърифий, ёдгорлик уй-музейи 5 та залдан иборат. Бу ерда унинг ҳужжатлари, шахсий нарсалари, хорижий давлатлар раҳбарларининг эсдалик совғалари, шунингдек, пойтахтдаги уйидан келтирилган буюмлар, китоблар ўрин олган. Журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходималари уй-музейи билан танишиш асносида эсдалик китобига дастхат ҳам қолдирдилар.