Қизиқарли:
Ёш журналистлар ижоди

Яшалган умр

Поделиться:

Инсон умри қисқа.  Гўёки қуш уйқусичалик. Бир лаҳзада ўтади-кетади. Бироқ, ана шу қискалик замирида улуғ ҳикмат яширинган. Ўзига инъом этилган бебаҳо неъматни ҳар ким ҳам бекаму-кўст яшаб ўтолмайди. Кишининг қадри, баҳоси фақат унинг истеъдоди ёки билими билан ўлчанмайди. Гап ана шу истеъдод ва билимнинг бошқаларга келтираётган фойдасида.  Гарчи етук, қобилиятли бўла туриб, халққа ҳеч нима етказа олмаяптими, унда бу “қобилаят”дан не наф?!.  Зеро ишлатилмайдиган неки бор ўз қимматини йўқотади.  Бу улкан вазифани адо этмоқлик  эса кишидан тинимсиз меҳнат ва фидойиликни талаб қилади. Ҳаёти давомида ҳеч оғишмай, фақат эзгуликни қидириб, ўзини Ватанга бахшида этаётган инсонлар эса бир умр кўнгилларда абадий яшаб қолади.

    Ўзбек поезиясининг бетакрор шоири Ҳамид Олимжон ҳам мана шундай меҳнатсевар, асл истеъдод эгаларидан ҳисобланади. Бу йил  шоир вафот этганига 76 йил бўлибди. Бироқ, сира бу гапга ишонгим келмайди. Негаки у Ватанни мадҳ этган шеърлари, яратган қаҳрамонлари ҳалиям орамизда яшаяпти. Шоирнинг “Ўрик гуллаганда”си баҳор мадҳияси бўлиб, кўнггилларимизга кўчгани-да рост.   Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шоир ижод этган давр ниҳоятда зиддиятли ва ўта оғир эди. Шундай бўлишига қарамай у ўзининг танлаган йўлидан қолмаган. Ҳамид Олимжоннинг ижодкор бўлиб етишишида, эҳтимол болалигида  онасидан эшитган достонларининг ҳам ўрни беқиёс бўлган бўлса, ажабмас. Дарсликлардан бизга яхши маълумки, шоир отасидан етим қолгач, бобоси Азим бобо ва онаси қўлида тарбия топган. У 1923 йилда ўрта мактабни тугатиб, Самарқандда педагогика билим юртида, сўнгра Педагогика академиясида ўқийди. Ўқишни тамомлаб, Тошкентга келади ва кўпгина рўзномаларда, ёзувчилар уюшмасида, Тил ва адабиёт институтида фаолият юритган. Иккинчи жаҳон уруши арафасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига котиб бўлади. Хамид Олимжон 26 ёшида (1935 йил) севган кизи Зулфияга уйланган. Шу баҳонада шоирнинг борлиғи - Комила она  ҳам Тошкентга кўчиб келади. 1937 йилнинг 19 январида бош фарзанди Хулкар дунёга келган. Бугун давримизнинг аксарият кишилари Хамид Олимжонни шоир сифатида билади. Лекин у аввало журналист эди.  Самарканд ва Тошкентда бир неча газета ва журналларда масъул котиб, бўлим муҳаррири, муҳаррир бўлиб ишлаган.

 Ҳамид Олимжон гўё умр жуда қисқалигини сезгандек жуда кўп ишлар,  вақт топди дегунча ижод қилишга тутинган. «Кимдир» (1926, илк шеъри), «Кўклам» (1929, илк шеърий тўплами), «Тонг шабадаси» (1931, ҳикоялар тўплами), «Олов сочлар», «Дарё кечаси», «Шерлар», «Ўлка», «Ойгул билан Бахтиёр», «Бахт», «Нима бизга Америка!», «Темир қонун», «Зайнаб ва Омон» (икки қизни тарбиялаб вояга етказган Анор хола образи берилган), «Ҳолбуки тун», «Ўзбекистон», «Роксананинг кўз ёшлари», «Семурғ, Паризод ёки Бунёд», «Ўрик гуллаганда», «Ғазал», «Чимён эсдаликлари», «Бахтлар водийси, «Бахт тўғрисида», «Қўлингга қурол ол», «Жангчи Турсун» (баллада), «Ишонч», «Хат», «Муқанна», «Офелиянинг ўлими», «Куйгай», «Жиноят» драмаси каби ўнлаб асарларни яратган. Илк шеърларини болалик даврида ёзган, ёшлик пайтида забардаст ижодкор сифатида танилган, 25 ёшида Америка, Франция газеталарида номи танилган, ХХ аср ўзбек адабиётининг дарғаcи бўлган, ўзбек ёзувчиларининг иродали раҳбари даражасига кўтарилган. Буюк шоир, драматург, публицист ва йирик жамоат арбоби Хамид Олимжон ҳақида ўнлаб китоблар, юзлаб дарсликлар, минглаб маколалар ёзилган.

Ўлим қош ва киприкнинг орасида бўлади, дейишади. Дарҳақиқат, ҳеч ким бироздан кейин нима бўлишини айтиб бера олмайди. Ҳаёт эса шафқатсиз, у  ҳеч кимга ортиқча мурувват кўрсатиб ўтирмайди. Бевақт ажал Ҳамид Олимжонни  1944 йил 3 июлда автомобил ҳалокати  баҳонасида олиб кетди. У эндигина эркин  ижод қилиш палласида,  бор-йўғи 35 ёшда эди. Бу йўқотиш адабиётимиз учун, қолаверса оиласи учун жуда оғир жудолик бўлди. Ҳамид Олимжон нафақат яхши шоир, балки меҳрибон умр йўлдош ҳам эди. Зулфия ўз муҳаббатига бутун умр садоқат билан яшади. Умрининг сўнгига қадар, уни куйлаб ўтди.  Шоирнинг юксак ижоди, мафтункор шеърияти калбимизда олийжаноблик ва гўзаллик туйғуларининг барқарор бўлишига  мудом хизмат килаверади. Хамид Олимжон ҳаёти ва ижоди бошдан охир она-Ватанни кучли эҳтирос билан севиш намунасидир.   Бу қисқа давр ичида ҳақли равишта айта олишимиз мумкин-ки, шоир ўз номини мангуликка муҳрлай олди.  Хамид Олимжон «Ватан» шеърида айтган, унинг каъридан, мантиғидан келиб чиқувчи қуйидаги сўзларида шоир умрбоқийлигини англаймиз:


«Хар айтганинг буюк жангнома,

Қайга десанг қайтмай кетурман,

Кўзларимни юммасман асло-

Дарё каби уйғоқ ўтурман».


Сарвиноз МАМАНОВА,

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси

Жиззах вилояти бўлими қошидаги “Ёш журналистлар мактаби” тингловчиси.

“Сада” санъат, адабиёт тўгараги раҳбари.