Қизиқарли:
Янгиликлар

Хизмат итлари питомнигига пресс-тур

Поделиться:

Хизмат итлари питомнигига пресс-тур

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими ташаббуси билан вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида Патрул пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси хизмат итлари питомнигага пресс-тур ташкил этилди.

Тадбирда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар иштирок этишди.

Унда дастлаб, кинологларнинг қонунбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган фаолияти хусусида атрофлича маълумот берилди.

Маълумотларга кўра, жорий йил жами 105 та жиноят бевосита бўлинма хизмат итлари билан бирга тергов тезкор гуруҳлари таркибида фош этишган. Мазкур қонунбузарликларнинг 41 таси ўғирлик, 64 таси гиёҳванд воситалар билан боғлиқ. Эътиборлиси, хизмат итлари ёрдамида қарийб
17 килограмм наркотик моддалари аниқланган. Бундан ташқари, бошқа соҳавий хизмат вакиллари билан ҳамкорликда қидирувдаги 17 нафар шахс ушланган, бедарак йўқолган 1 нафар фуқаро топилган.

Тадбир давомида хизмат итларини озиқлантириш, зарур анжомлар, улардан фойдаланиш ва хусусиятлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Шунингдек, иштирокчилари бўлинма питомниги, ихтисослигига кўра машқ майдонлари, ветеринар хонаси билан яқиндан таништирилди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси кинология бўлинмасида 46 та немис ҳамда шарқий Европа овчаркалари, рус спаниеллари, лабрадорлар, Бельгия малинуалари хизматга ўргатилиб, парваришланмоқда.