Қизиқарли:
Дунё

Данияда табиатни ҳимоя қилишга эътибор кучайтирилмоқда

Поделиться:

Мамлакат атроф-муҳит вазирлиги “Даниянинг энг ёввойи табиати” номли танлов эълон қилди.


Фото: Matt Dunham/Copyright 2021 The Associated Press.


Танловда мамлакатдаги барча маъмурий бирликлар иштирок этиши мумкин. Ундан кўзланган асосий мақсад, ёввойи табиат ҳамда биохилмахилликни яратиш ва сақлаб қолиш учун кўпроқ ҳудудларни топиш орқали ўсимликлар, шунингдек, дарахтларнинг эркин ўсишини таъминлаш.


Тадбир ташкилотчиларнинг фикрига кўра, Данияда Европада муқобили бўлмаган табиий хазиналар бор. Инсон таъсирига учрамаган ўрмонлар ва майсазорлар шулар жумласидан. Мамлакат Атроф-муҳит вазири Дания Леа Вермелиннинг таъкидлашича, инсоният экология инқирозини бошдан кечирмоқда. Бутун дунёда биохилмахиллик қисқариб боряпти, минглаб ўсимлик ва ҳайвон турлари қирилиб кетиш арфасида. Аммо ҳар бир инсон табиат учун фойда келтириб, уни ўзгартириши мумкин.


“Даниянинг энг ёввойи табиати” танлови ғолибини уч кишидан иборат ҳакамлар ҳайъати аниқлайди. Булар, мамлакат Атроф-муҳит вазири, “Фермер” номли Данияда машҳур ток-шоу бошловчиси ҳамда биолог. Танловда ҳеч қандай аниқ қоида йўқ. Аксинча, ўз ҳудудини энг ёввойи кўринишга келтириш бўйича ҳар қандай новаторлик ғоялари ва инновацион ёндашув қўллаб-қувватланади.


Ғолиб номи 2022 йил охирида эълон қилинади. 2020 йилда Дания ҳукумати инсон таъсирига учрамаган ўрмонларни сақлаб қолиш, шунингдек, миллий боғлар ташкил қилиш учун табиат ҳамда биохилмахиллик жамғармаларига 119 миллион евро ажратишга қарор қилган эди.