Ичкилик ўғирлаган болалик
(очерк)
Бугун Ожизанинг тўй куни. Унинг бошида турфа хил ўйлар чарх урарди. Ота уйини тарк этадиган онлар яқинлашгани сайин унинг ичидаги ҳис – ҳаяжонлари ортарди. Унинг армонлари дилини чунонам ўртарди.
Унга бошқа қизлар сингари оқ фотиҳа бериб, пешонасидан ўпиб кузатадиган отаси йўқ эди. Бугунги бахтли кунида уни шу армони эзарди. Дугоналарининг тўйларида ҳам оталари дуо билан кузатаётганларини кўрганда доим йиғларди. Отасининг ҳаққига дуо қилди. Унинг келинлик ҳаяжонларини ҳам отасининг йўқлиги, армони босиб кетди. Раҳматли отасининг яқинлари, дўстлари олдида ҳозирги қизлар каби “ярим яланғоч” кўйлак кийиб чиқишга орланиб, ёпиқ бўлсин, деб ўзига ярашиқли, соддагина оқ либос кийди. Оддийгина келин бўлди.
Ожиза ҳамма қизлар қатори олам-олам гўзал орзулар оғушида келинлик уйи остонасига қадам қўйган эди. Лекин, на турмуш ўртоғи, на қайнонаси таърифлаганларидек, орзусидагидек бўлиб чиқмади. Турмуш ўртоғи ичкиликка муккасидан кетган экан. Тўйдан 3 кун ўтганч, кечаси қаергадир кетган турмуш ўртоғи саҳар чоғида сармаст, оёқда туролмайдиган ҳолатда келди.Кечаси билан ухламай, тонг олдида бироз уйқуга кетган Ожиза эрининг бақирганидан уйғониб кетди. Унинг ухлаётганини кўриб, нега ухлаяпсан, деб бақирар, Ожиза эса фақат йиғларди. Ожиза оиласида ичкилик ичган одам бўлмагани, бунақа ҳолатга тушмагани учун ҳайрон, қўрқар эди. Унинг отаси бирон марта баланд гапириб, бақир-чақир қилган инсон эмасди. Кунда, кунора уйларида жанжал эди. Ачинарлиси, бу жанжалларига қайнонаси ҳеч аралашмас, ўғлини йўлга солишга уринмас эди.
... Кунларининг бирида унинг ҳаётига мазмун берадиган, қувонч бағишлайдиган янгилик бўлди. У она бўлади. Жуда – жуда ҳурсанд эди. Энди бахтиёр эди. Лекин, тобора унинг қўрқуви ҳам ошиб борди. Ичкилик ичадиган, унга ружъу қўйган иснонларнинг фарзандлари нимжон, касалманд бўлади, деган гаплар уни хавотирга сола бошлади. Бу ҳақда телевизорда кўрар, газеталарда ўқирди. Турмуш ўртоғига буни олдин ҳам бир – икки бор айтганди, “ичманг, илтимос бу яхши эмас” деб. Лекин, унга бир нарсани тушунтириб бўлмасди. Энди фақат умиди Оллоҳдан. У доим фарзандининг соғлом туғилишини, отасига ўхшаб ичкиликка берилмайдиган инсон бўлишини сўрарди Яратгандан.
Вақт ўтиб, ўғил фарзандли бўлишди.Энди ўзгариб қолар, ичкиликни ташлар, деган илинж пайдо бўлди унда янги “меҳмон” билан бирга.
Афсус, ҳеч нарса ўзгармади.Энди жанжал билан ўтаётган кун-тунларда фарзанди билан овора бўлиб юрар, қайнонаси эса ҳамон пинагини бузмас эди.
Ойлар, йиллар жанжал билан ўтарди. Орада ажрашишга қарор қилган Ожизага турмуш ўртоғи олам-олам ваъдалар бериб овутарди. Лекин...
Бора-бора Ожиза асабий, заҳарханда, серзарда бўлиб қолганди. Гоҳида бор аламини боласига бақириб ундан оларди. Яна уни бағрига босиб, кечирим сўрарди. Худудоан инсоф сўрарди турмуш ўртоғига. Энди шу шароитда катта бўлаётган фарзанднинг аҳволини тасаввур қилиб кўрингчи? У ўзи жуда озғин туғилди, унинг устига нимжон. Ожиза уни еру кўкка ишонмасди. Ичиб, сармаст бўлиб келган ота бирон нарса қилиб қўяди, деб ёлғиз қўймасди. Чунки, эри эс – ҳушини йўқотар даражада маст бўлиб қолар, қўлига илинган нарсани синдирар, отар эди. Вақт ўтиб бир фарзанд иккита бўлди. Аслида ҳолимиз шу бўлса, яна туғиб нима қиламан, дер эди. Лекин, эри яна туғиб берсанг ўзгараман, деб қўймади. Бу орада Ожиза 2 нафар туғилмаган гўдакнинг умрига зомин бўлди. У ўзидан ўтаётганини ўзи биларди. Уларнинг иккинчи фарзанди ҳам дунёга келди. Вақт ўтди, бироз ўзгаргандай бўлди эри. Йўқ, кейин яна бошлади ичишни.
Воқеалар шунчаликка бориб етдики, эр-хотин икковлашиб ҳашар йўли билан қурган уйидан ҳайдайдиган одат чиқарди. Яна кечаси ичиб келиб ҳайдарди. Ожиза тақдиридан нолиб кечалари икки боласи билан ҳали у ерда, ҳали бу ерда ётиб, эртаси яна индамай келиб ишида давом этарди. Унинг умри, болаларининг болалиги мана шундай хўрликларда ўтаётгани уни ич-ичидан синдириб борарди. Лекин, унинг синишга ҳаққи йўқ эди. У қачон синди биласизми? Бир куни катта фарзанди “Ая, сиз нега бизга бунақа дада обкелгансиз”, деди. У шунда 5 ёшли бола эди. У нима дейишини билмай, томоғига бир нарса тиқилиб қолгандай сезди ўзини. У ўзини фарзандлари олдида айбдор сезарди. У бу саволни кутмаган эди, жавобини ҳам билмасди. Фарзандларини бағрига босиб, “кечиринглар мени, мен сизларга шундай дада бўлади деб ўйламабман” деб ҳўнг – ҳўнг йиғларди. Фарзандлар катта бўлишяпди, аёл эса ҳамон умид қиляпди. Унинг тунлари кўчада қолган пайтлари, жанжал бўлиб уйдан ҳайдаган вақтлари уй-жой бўйича ёрдам сўраб бормаган жойи қолмади. Лекин, ҳеч қаердан наф бўлмади. Ҳаттоки, энди қайнопаси, қайнонаси ҳам эрига қўшилиб уларни уйдан ҳайдарди. Маҳаллага ёрдам сўраб мурожаат қилгани учун қайнопаси Ожизани урарди. Болалари изиллашиб қолар эди. Уларнинг бу можаролари болаларининг бетакрор болалигини ўғирлади. Уларнинг руҳларини синдирди. Ожиза кўп бор ажрашмоқчи бўлди. Лекин. Ўзининг отасиз ўтган кунлари, онасининг азобларини эсларди. Болаларини отасидан айиргиси келмасди. Нима бўлганда ҳам отасида.
Мана неча йилдан бери умри жанжал, сарсон – саргардонликда ўтаётган Ожиза энди умрига ҳам ачинмай қўйди. У энди ўзга инсонга айланди. У кучли, иродали бўлишга ҳаракат қиларди. У энди фарзандлари учун бошқа оналардан фарқли ўлароқ кучли бўлиши керак. У ўзига шундай дерди. Ҳаёт инсонни тарбиялайди, деганлари шу бўлса керак.
Унинг қалбида янги армон пайдо бўлди. У болаларининг бундай шароитда катта бўлаётганида ўзини айбдор санарди. Чунки, сўраб – суриштириб турмуш қурганида балки тақдирлари бундай бўлмасмиди?! Унинг оналик қалбидаги бу оғриғининг ҳеч қандай даъвоси йўқ.
Зарифа Ибрагимова,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилоят бўлими қошидаги
“Ёш журналистлар” мактаби тингловчиси
Жиззах вилояти Дўстлик тумани