Қизиқарли:
Ёш журналистлар ижоди

Тўзғиган фикрлар ёхуд бир асар шарҳи

Поделиться:

Минг йилларки одам ёзиш иштиёқида ёнади, кўксида тобланиб, тинчлик бермаётган ўйларини улашишга, фикрини баён этишга шошади – аввал бошда тошлар ўйилди, энди қоғозлар сарсон.

 

Ҳар бир ёзилган нимадир бўлсин кимнингдир бир парча кўнгли, отилиб чиқишга уринаётган уни-нафаси, фикрлари, кечинмалари аслида. Фақат бир нарса - кимнинг қандай ёзиши ва тасвирлаши, баён этиши ажратиб туради.

 

Ўқишимиз керак бўлган бадиий асарлар шунчалик кўпки, бош айланади. Ўқишга киришиб эса бошқа бир дунё билан юзлашамиз.  Чин адабиёт ихлосманди мумтоз асарми ёхуд замонавий адабиёт намунасими, ажратиб ўтирмайди, ўзи  учун янгилик, янги фикрлар , оҳори тўкилмаган иборалар излайди. Асарни қўлига олганидан то ўқиб якунлагунича ўша мўъжазгина оламда «меҳмон» бўлади.

 

Бир адабий асар вужудга келгунича муаллиф минг ўлиб, минг тирилади. Уни ўқиётган китобхоннинг ҳар бири турлича фикрайди, ўз дунёқарашидан келиб чиқиб асарни баҳолайди, таҳлил қилади. Яқинда нашрдан чиққан Ш.Ортиқовнинг «Куз симфонияси» ҳикоялар тўпламини ўқиш насиб этди бизга ҳам. «Куз симфонияси» ни ўқиб, ҳайрат ёқасига келадиган фикрлару, туйғуларни топиш  бир қадар қийин бўлди.  Бадиий жиҳатдан пишиқ дейишга ҳам эртароқ. Муаллиф ҳикоялар устида ҳали ишлаши керак бизнингча.  Аммо, бир нарсани тан олиш жоиз – муаллифнинг айтмоқчи бўлган гапи бор. Фақат баёнда, ўқувчига етказишда уни лол этар даражада беролмаган холос. 

 

Китобни ўқиш давомида барча ҳикояларда бир нарса сезилади – воқеалар силсиласининг бир хиллиги ва аллақандай жиғибийронлик. Шунингдек, ҳикоялар тили публицистик руҳга яқинроқ. Муаллиф ўзбек тилининг жозибасидан кенгроқ фойдаланишни уддалай олганда бу жиҳат унчайин кўзга ташланмаган ҳам бўларди балки. Баъзи ўринларда ҳикояларда қайтариқлар, такрорий сўзлар, ортиқча тафсилотларга берилиш, ҳикояга хизмат этмайдиган деталлар мавжуд. 

 

Бир ҳикоя таҳлилини кўрайлик: мисол учун «Тўртинчи қаватдаги хонадон»да «...таксига чиққанимда...» жумласи билан бошланиб, “... ҳарорат пасайиб кетганди" гача бўлган юқоридаги бир жумла: «Ёмғир майдалаб ёғар, унинг бундай тарзда ёғиши қандайдир асабийликни пайдо қиларди» (муаллифда) жумласи билан бериб бўлинган. Аслида, шу гапнинг ўзини ҳам мисол учун – «Шиғалаб ёғаётган ёмғир асаб толаларани таранглаштирарди.» тарзида берилса бўларди. Муаллиф шу ҳикояда ўлим ва ҳаёт тўғрисида қаҳрамон тилидан мулоҳаза юритиб, умуман ҳикояга зарурат касб этмаган тавсилотларни баён қилади: «... У туфайли бир куни мен рус ёки инглиз тилларини мукаммал биладиган; нуфузли тиббиёт олийгоҳини тамомлаган; ўз вақтида юзлаб бадиий ва илмий асарларни мутолаа қилган; айтайлик, чанғи учишни, машина ҳайдашни, қўшиқ куйлашни, расм чизишни, радиопрёмник тузатишни ёки одамлар қорнини ёриб операция қилишни биладиган инсондан бир уюм тупроққа айланаман.»... Ҳикоя қаҳрамони касаллиги туфайли фарзандли бўла олмаслигидан азият чекиш ўрнига ўлимга рўбарў келишдан қўрқади. Руҳий талқинда ҳам қаҳрамон фарзандсизлик, ўзидан зурриёт қолдириш ваҳимасидан эмас, балки хислатлари ва мавқейи даражасида эгаллаган нарсаларини йўқотишдан қўрқади ва қаҳрамон ўқувчи кўз ўнгида руҳан манфаатпараст (муаллиф талқинида эса у бошқа одам) бўлиб намоён бўлади. Баёндаги ифода: «Танасининг илиқ ҳарорати шиддатли ёмғир ва совуқ мулоҳазалар таъсирида совиб улгурган танамга кўчиб ўтиб, уни ва музлаб қолган шууримни илитди... ва ҳ.к.» Тананинг совуб улгуриши ўлаётган одамда юз беради – «Совуқ ёмғир ва ёқимсиз мулоҳазалар таъсирида танамни илитаркан, муз қота бошлаган шурримни ёритди...» бўлса бизнингча тушунарлироқ бўлармиди?.. Бу бир ҳикоянинг атрофлича таҳлили холос. Ҳикояларни ўқиркансиз деярли ҳар бир ҳикояда китоб тавсия қилиниши тасвирига дуч келасиз. Балки бу яхши бир приёмдир, одамлар кўпроқ китоб ўқишлари учун, аммо ҳикояда шартмикан, бу тасвирни публицистика ё эссе жанри орқали бериш қулайроқ ва ўринлироқ эмасмикан?...

 

Яна бир ҳикояга диққат қилайлик - «Премьерадан сўнг». Юқорида айтилганидек, аксар ҳикояларда ортиқча  сўз  ишлатиш ёки такрорий жумлалар, ҳикоялардаги ўхшашлик яққол кўзга  ташланади.   «Саҳнада актёрларнинг  ижроси туфайли  қизиқарли кўринишга келган драма бир оз маиший  мавзуда бўлса- да, уни томоша қилиш қайсидир маънода  одамни зериктирмас эди» - қаҳрамон тилидан қизиқали драмадан зерикмаётганини айтиш шартми. Ёки саҳна асари  нима сабабдан қизиқарли тусга кирганлигини ўқувчи тушунмайдими?! - «Саҳнада актёрларнинг ижроси туфайли қизиқарли кўринишга келган драма...»  Бизнингча, бу ўринда «Драма бирмунча маиший мавзуда бўлса- да, кишини зериктирмасди» дейиш ҳам кифоя.  Ҳикоя давомида Мурод  Икромович тилидан ҳозирги замон одамлари ҳақида фикрлар келтирилади.  Айтилишича, ҳозирги замон одамлари икки тоифага бўлинади: ХХ аср одамлари ва XXI аср одамлари. Ҳикояда ХХ аср одамларига хос хусусиятлар бирма - бир саналиб, ХХI аср одамлари тасвирида эса шу фикрлар бирма бир инкор қилинади. Яъни, муаллиф айтмоқчи бўлган фикрини айтиб бўлиб, кейинги тасвирда  бошқа янги жумлалар киритмаган.

 

Адабий асар воқеалар силсиласида инсон руҳиятида кечган ва кечаётган жараённинг тасвири орқали муносабатни, маънавий дунёни, ҳаётда нима яхши, нима ёмон , қай ҳолда қийноқ, ғам-андуҳи келиб етганини тасвирини беришга мойил холос. Хулоса эса ўқувчидан. Зўрлаб тиқиштириш, зўрма-зўраки тасвирлар ўқувчининг ҳафсаласини пир қилади холос. Асарнинг бадиий сайқали ўқувчини ўзига тортади, маъно англашилган ва ўқувчи фикр дунёсида бўлган, орзу ҳавасида, мураккаб фикрий қарашларини топса уни қайта ўқишга чоғланади. Ифода эса уни яна ўзига тортади. Ифода - тил орқали намоён бўлади. Агар сўз бойлигида муаммо бўлса асар қайтариққа ўхшаб қолади, тили нўноқлашади, ўқувчини мен ҳам шундай ёза оламан, деган чалкаш фикрга рўбаро қилади. Юқорида биз қайтариқлар ва такрорий ҳоллар тўғрисида гапиргандик. Мисол тариқасида: «Оёғинг ости сарғимтир баргларга тўлиб, атрофдаги хазонрезги кўнгилга қандайдир сокинлик бахш этиб, тасалли беради.» («Маркеснинг китоби» ҳикоясидан); «Атроф гўё тилларангга бўялгандек сариқ тусга кириб, сарғайиб ерга тўкилган дарахтларнинг барглари сабаб баъзида оёқ қўйгани жой топилмасди» («Иқрор» ҳикоясидан). Муаллиф деярли барча ҳикояларда бир хилдаги ёмғир тасвирини чизадида уни ҳикоядаги ғамгин андуҳга менгзашга уринади, аммо бир хил тасвир орқали буни уддалай олмаган. Ўрнида ишлатишда, дейлик сўз бойлиги бунга панд беради ва натижада тафтологияга йўл қўйилади. Ёмғир ёғаётганига бизни шерик қилади холос: шиғалаб ёғди; шивалаб ёғди; савалаб ёғди; эзғилагандай ёғди; дилни тилкалаб ёғди; заптига олиб ёғди; маъюс сийпалаб ёғди; томчилаб кўнгилни эзғилади ва ҳ.к каби тавирга ошно қилмайди.  Умуман олганда, ҳикояларда табиат тасвири жуда кам ёки деярли йўқ.  Бор бўлган тасвирлар ҳам ўхшаш.

 

«Премьерадан сўнг» ҳикоясида шамол қаттиқ эсаётгани, кўп  ўтмай, қор ёмғирга айлангани ,кейинги тасвирда эса яна қаттиқ эсаётган шамол туфайли ҳамроҳининг овози эшитилмагани  айтилади.  Бу чалкашликми ёки ҳали шамол тинмаганмиди?! «Берлин эртаги» ҳикоясида ҳам одатдагидек, ёмғир тасвири (балки муаллиф асар «Куз симфонияси» дея номланганидан келиб чиқиб ёмғир деталидан кўп фойдалангандир) лекин такрорий жумлаларни учратамиз яна: «Ташқарида ёмғир ёғаётгани боис унинг усти ивиб кетган, турмакланмаган узун сочлари ҳўл, буғдойранг юзидан тинмай ёмғир томчилари оқиб тушарди». Бундан олдинги жумлаларда ҳам ёмғир ёғаётгани айтилган: «Ўшанда ҳам ташқарида ёмғир шаррос қуярди» Бу ўринда бир неча жумладан кейин қаҳрамоннинг сочлари нега ҳўл эканлигини яна бир бор изоҳлашга ҳожат бормикан?!

 

Бир вақтнинг ўзида мазкур ҳикояларни ўқиш давомида бир нарса кузатилади: деярли ҳамма ҳикояда маълуму-машҳур ёзувчи, бастакор, рассомга мурожаат! Бу ҳол муаллифнинг ҳикояларга ўз менини ортиқча даражада аралаштирганини яққол кўзга солади. Ўз фикри, маънавий қарашлари, талқини моҳиятини зўрлаб сингдиришга ҳаракат қилади. Натижада ҳикоядаги равонлик шу жойда йўқола боради. Бу ҳол асарнинг бадиийлик жиҳатига путур етказиб, публицистик руҳ бағишлаб қўйгандек. Насиҳатлар публицистикага хос ёзмалардир.

 

Муаллиф машҳурлар: Мотсарт, Бетховен, Маркес, Ахматова, Повсвятовская, Балзак, Диккенс, Делмар ,  Ремарк, Шопен, Рилке, Шекспир, Ван Гог, Клод Моне ва ҳ.к. баъзиларини бир ,икки ,баъзиларини бир неча марта айро ҳикояларда тилга олиб ўтади. Нега? Керак, керак эмас ўринда тиқиштиради ва сюжет линиясида унга мослаб воқелик тузади. Ҳикоя қаҳрамонларининг деярли барчаси улар соясига сажда қилиб воқеликни юзага келтиради. Демак ҳикоялар композицион қурилиши улар атрофида айланиб қолганми ё уларга сажда этар даражада тузилиш олганми? Образларда индивидуаллик етишмайди. Дейлик аксар ҳикоялар қаҳрамони кенг дунёқарашга эга, жангарироқ, ҳаётдан кўнгли тўлмаган ва ҳаммани ўзига ўхшаш бўлишини ёки ўз фикрларига монанд бўлишни истагувчи банк хизматчиси. Аслида эса образ – ижодкорнинг ҳаётий кузатишлари асосида шаклланган унинг бадиий тўқимасида акс этган маълум ғояни ташувчи инсон ҳаётининг конкрет ва айни пайтда умумлашган тасвири бўлиши керак эмасми? Ҳикоянавис ўз кўнглидаги гапларни тасвирлаётган шахс ёки воқеага муносабатини очиқ-ойдин тасвирлаши шарт эмас, йўқса бу асар социализм сингдирилган асарга айланади. Ёзувчининг услуби бизнингча унинг тилида ўз аксини топади. Муаллифнинг «Тушкун шеърлар» ҳикоясидаги образ ички кечинмалари образ тилидан монолог шаклида берилган бўлсада, унда муаллифнинг ўзи экани яққол кўзга ташланади ва образ мукаммаллигини йўқотади. Бундан ташқари , ҳикоядан ҳикояга мутолаа давомида варақлаб борар экансиз яна янги мавзуга эмас, балки аввалги қайтариқ – бир қиз ва бир йигитнинг ё банкир қиз ва банкир йигитга дуч келасиз. Куз, совуқ, хазонрезги, оёқ остидаги сарғайган барглар бир хилдаги тасвир билан ҳафсалангизни пир қила бошлайди.  Агар ҳикоялар бир қолипда экан бу ерда ҳеч бир янгилик йўқ. Ёки шаҳарлар тасвирида ҳам ҳар сафар Марғилон тилга олинган. Бу балки яхшидир, лекин бу таъкидланганидек, ҳикоялар умумий планида яққол кўзга ташланган ва уларда бир бирига ўхшаш қиёфа яратган.

 

Шунингдек, мазкур ҳикояларда тил муаммоси яққол кўринади. Бир хилдаги тасвир, баёндаги такрор ўқувчини зериктириши табиий. Муаллиф қаҳрамон тилидан ҳисларини баён этиш давомида ўқувчини унга шерик этолмайди негаки, тил баёни нўноқ. Жумлалар тузилишида эса алоҳида гапиришга тўғри келади. Балки қайта ишланса ва сайқалланса жозибадорлиги ошар, буниси энди муаллифга ҳавола.

 

Китобни ўқиб чиқаркансиз, бутунлай ҳафсалангиз пир бўлмайди албатта. Унда яхши тасвирланган ва айтмоқчи бўлган гапи бор муаллифни ҳам кўрасиз. Мисол учун «Танго раққосаси» ҳикоясида икки образдаги ички кечинмалар орқали бир қарашни бериш яхши топилма ва анча маромига етган. «Танго раққосаси» иккита қаҳрамон - банкир Рашод ва раққоса қиз Диёра тилидан ҳикоя қилинади (худди шу усул «Тугалланмаган картина» ҳикоясида такрорланади) бу ҳикояда ғоя бору, уни етказиб  бера олинмаган холос.Агар муаллиф шу ҳикоядаги раққосанинг иқрорини келтирмай (машинадаги иқрор) уни очиқ қолдирганда балки янада мукаммалроқ бўлармиди (бу бизнинг қарашимиз холос)…

 

«Куз симфонияси» ҳикояси ўзгача таассурот қолдиради. Ҳикояга Шуҳрат Орифнинг 

 

Бошқа фаслларнинг  борлиги рўё, 

Бу дунёда фақат куз бор, азизим...

 

мисралари эпиграф қилиб олинган.

Бу ҳикояда бахтсиз оиласидаги бахтсиз турмушини бироз унутмоқчи бўлган Мафтуна исмли аёл ҳақида ҳикоя қилинади. Нимагадир деярли барча ҳикояларда якун мубҳам. «Ёмғир вальси» ҳикояси ҳам анча яхши ёзилган – дард бор, андуҳ бор, ўқувчини бир маромда ушлай олади. «Отамнинг кабутарлари», «Маркеснинг китоби», «Баҳор якшанбаси» ҳикоялари ҳам анча маромига етказилган ҳикоялар сафига киритиш мумкин. Демак , ижод оламига энди кириб келаётган  ёзувчи  танқид ва таҳлиллардан хулоса чиқарган  ҳолда  ўз устида ишлаши ва камчиликларни бартараф этиши  лозим. Биз эса ижодкорларни кузатишда, сара асарларни кенг оммага тавсия этишда  давом этамиз.

                                                                                                                           

Ўктам Одилов,

таржимон

Нилуфар Орипова,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Жиззах вилоят бўлими қошидаги

“Ёш журналистлар” мактаби тингловчиси