Инсон яралибдики, меҳр-оқибат ва эзгулик ҳиссиётлари ила бутун ҳаётини ўтказади. Яхшиликни эса ҳамма ҳар хил малга оширади. Баъзи инсонлар чин дилдан ёрдам бериб, буни сир тутади, яна кимдир уни омманинг кўз ўнгида эътироф этади. Яхшиликни ҳам барча бирдек қила олмайди, бунинг учун инсонда ғайрат, хулқ-атвор, ҳис-туйғу сероб бўлмоғи керак. Қувонарлиси шуки, орамизда ҳам мана шундай эзгулик соҳиблари мавжуд.
Инсонни инсон қилгувчи амаллар бисёр. Улардан энг олийси бу - яхшилик. Кимгадир яхшилик қилсангиз, дилингиз яйрайди, ўша яхшилик қилган кунингиздан гўёки, қалбингизда ишонч ва эзгулик туйғулари жўш ура бошлайди. Яхши инсон билан дўст бўлсангиз, ўзингизни барча яхшиликлар билан йўлдошдек ҳис қиласиз. Халқимизда шундай нақл бор: «Яхшининг юзида зулук ҳам хол бўлиб кўринади».
Мен бу ҳолатга ўз кўзим билан амин бўлдим. Бир куни менга устозим, Жиззах вилоят радиосининг бош муҳаррири Сайёра Бўронова радиоэшиттириш тайёрлаш учун "Яхшиликнинг кечи йўқ" мавзусида шаҳримиздаги ёшлар билан сўровнома ўтказиш вазифасини бердилар.
Мен бир қанча ёшлар билан яқиндан суҳбат қурдим. Уларнинг баъзиларини ёши мендан катта, яна баъзилари эса ўз тенгдошларим эди. Шаҳар марказида жойлашган Жиззах давлат педагогика инситути рўпарасида китоб ўқиб ўтирган йигитга кўзим тушди. Унга ҳам ўзим сўровнома учун тайёрлаган саволларни бериб, фикрини эшитиш учун ёнига бордим. Салом бериб, ўзимни таништирдим, шу заҳоти сездимки, у жуда яхши тарбия топган, билимга чанқоқ. Ундан исм-шарифини сўрадим.
- Исмим Сардор, - дея жавоб берди юзида ҳаяжон билан.
- Кимга ва қачон яхшилик қилдингиз? - деган савол бердим яна унга юзланиб.
Шу саволни эшитган заҳоти унинг юзида ийманиш ва тортиниш акси пайдо бўлди. Бироз хижолат бўлгани сезилиб турарди.
- Аслида яхшилик қилганингни айтиш жоиз деб билмайман, - бирдан юзи қизариб жавоб берди суҳбатдошим. - Лекин шу қилган ишим кимгадир ўрнак бўлса, мен бундан бағоятда хурсанд бўлар эдим. Кеча худди шу ерда жуда кеч бўлиб қолган эди, бир болакай йиғлаётганини кўрдим, раҳмим келди, ахир унинг ўрнида мен ҳам бўлишим мумкин эдику, деб ёнига бориб, - нима бўлди, укажон, нега йиғлаяпсан? - дедим.
- Акажон, пулимни йўқотиб қўйдим, онам бу пулларни менга йўл ҳақи учун берган эди, - деди у кўзларида ёш билан. - Энди уйга қандай боришимни ўйлаб, шу ерда ўтирибман...
Уни бу сўзларини эшитдиму онгимда ва қалбимда унга чин дилдан яхшилик қилиш фикри туғилди.
- Ол, укажон, кам бўлса ҳам кўп ўрнида кўриб уйинга етиб олгин, йўлда эҳтиёт бўлиб юргин, - деб унинг қўлига пул тутқаздим ва мен ҳам уйимга кетдим.
Сардорнинг бу гапларини эшитиб хурсанд бўлдим.
- Жуда эзгу яхшилик қилибсиз, қанийди сизга ўхшаган яхши инсонлар кўпайса, - дедим беихтиёр.
Баъзан, яхши инсоннинг икки оғиз сўзи ҳам кўнглингизни тоғдек кўтаради. Ўша куни жуда кўплаб инсонлар билан сўровнома баҳона суҳбат қурдим. Энг диққатимни тортиб, юрагимни эзгулик сари етаклаган жавоб - ўша йигитнинг иккиоғиз сўзи бўлди, десам муболаға бўлмайди. Истардимки, дунёда яхшилар кўпайсин, зеро, оламда эзгулик ҳукм сурар экан, нафрат ва ёвузликка ўрин қолмайди.
Дилзода Фарҳодова
"Ёш журналистлар" мактаби тингловчиси