Қизиқарли:
Ёш журналистлар ижоди

Яхшидан боғ қолади

Поделиться:


Дунё мутаносибликда яратилган. Кун борки тун ҳам бор. Яхшилик билан, афсуски, ёмонлик доим ёнма-ён. Уларнинг қай бирини ўзингга йўлдош қилиш эса, кўп жиҳатдан одамнинг ўзига боғлиқ.


Яхшилик, яхшилик қилиш ҳақида сўз кетганда, болалигимиздан ота-онамиздан, устозларимиздан эшитган ўгитларимиз ёдга тушади. Айнан оилада, мактабда, маҳаллада яқин кишиларимиз билан бўлган мулоқотларда, ўқиган китобларимизда, эшитган амру маъруфларимизда Ота-онага, мискинга, муҳтожга, умуман одамзотга меҳрли бўлиш, қўлдан келгунча савоб ишларга интилиш кераклиги ҳақида олган тушунчаларимиз, ўзгаларга бўлган муносабатимизни, қилаётган амалларимизни белгилаб беради. Бироқ, кейинчалик улғайиб, дунёқарашингиз ошиб, атрофга ўз нуқтаи назарингиз билан баҳо бериш имконияти пайдо бўлгач эса яхшилик тушунчасининг олам қадар кенглигини, яхшилик ҳар бир каломимизда, ҳар бир нафасимизда, ҳар бир қилган ишимизда эканини англаб етаверар экансиз...


Шулар ҳақида сўз юритар эканман,    беихътиёр устозим айтиб берган ва менга қаттиқ таъсир қилган бир воқеа ёдимга тушади. Ўзимизнинг Бахмал томонларда Баҳриддин бобо  деган киши ўтган экан. Художўй, беозор, меҳнаткаш, одамохун бу инсон қариб, нафақага чиққач ҳам уйида ҳеч тинч ўтиролмабди.


- Замондан айланай. Пошшомиз (Президентимизни назарда тутиб айтаяпти) омон бўлсин. Тадбиркор бўл, деяпти. Қани энди жуда бўлмаганда 15-20 ёшга яшариб қолсам, - деб ҳазиллашиб қўядиган отахон кунлардан бир кун  ҳокимликка ташландиқ ётган ерни боғ қилиш учун беришини сўраб ариза ёзибди.


- Уялмайсизми ота, нима бирон нарсадан камчилигингиз борми? Одамлар биз ҳақимизда нима деб ўйлашади. Ана отасига қарамаган экан, қариган чоғидаям кетмон кўтариб юрибди дейишмайдими, - дебди ўғиллари.


      Ота ўғилларига ҳеч нима демабди. Бироқ,  ўғиллари, қизлари, кампирининг жаврашларигаям қулоқ тутмай, невара чеварани ёнига олибди-да ўша ташландиқ тепаликда ишни бошлаб юборибди.


    Аввалига “Ҳа, энди бир ҳавасда. Чарчаса ишни ташлаб кетади”, деганлар қарашса, Баҳриддин бобонинг аҳди жиддий, шашти баланд. Қишлоқчиликда, қўни қўшни, ёр-у биродар, шогирдлар ҳам аста-секин ҳашарга кела бошлашибди. Бир куни иш қизғин пайт, нафақага чиққан доим у билан гап талашиб юрадиган тенгдошларидан бири ҳам келибди.


- Ҳа, Баҳриддин, қариган чоғингда давлат берган пенсияни олиб, ётмайсанми уйингда. Фарзандларинг топарман-тутарман бўлса, қаерга қўлини узатса етса, нима қиласан шу ёшингда кетмон кўтариб, сув кечиб...Ундан юр чойхонага чиқайлик, - дебди. Баҳриддин бобо унинг ҳам гапига жавоб бермабди.


Вақт оқар сув. Уч-тўрт йилда ташландиқ жойда ажойиб боғ пайдо бўлибди. Бироқ, унинг дастлабки мевасини тотиш бобога насиб қилмабди. Бироқ, унинг васиятига амал қилган фарзандлари боғ парваришини тўхтатиб қўйишмабди. Илк ҳосил етилгач, урф-одатга кўра бутун қишлоқ аҳлини чақиришибди. Боғнинг мевасидан баҳраманд бўлганлар бобони ёдга олиб, унинг руҳи поклари учун дуо қилишибди. Ҳатто, Баҳриддин бобони уялтирмоқчи бўлган тенгдоши ҳам келибди. Дўстини яхши гаплар билан эслаб, “ўшанда бекор қилган эканман, ёнида туриб ёрдам берсам бўларкан”, деб афсус ҳам қилибди. Бир  челак олмани неварасига кўтартириб уйига олиб кетибди.


- Худди ривоятга ўхшайди-я, деганди ўшанда устозим. – Лекин, бу бор гап. Ўша томонларга йўлим тушса, ҳозир ҳам Баҳриддин бобонинг боғига кириб ўтаман. Биласизми, боғ оралаб юрарканман беихтиёр узоқ-узоқлардан Баҳриддин бобо баъзан-баъзан хиргойи қилиб қўядиган қўшиқ эшитилаётгандек бўлади:

- Болам, бобом ўлган дема. Мен ўзингда яшайман,

  Қилган ҳар бир эзгу амал, Тилагингда яшайман...


Устозим бу воқеани айтиб берганига анча бўлди. Бироқ, уни эшитиб англаганим бир ҳақиқат борки, назаримда у ҳеч қачон эскирмайди. У ҳам бўлса, инсоннинг умри фақатгина у яшаб ўтган вақт билан эмас, балки келажак авлодларга қолдирган мероси билан ҳам ўлчанар экан-да деб ўйлаб қоламан.  Халқни, келажак авлодни ўйлаб қилинган барча эзгу амаллар ҳам яхшиликнинг энг гўзал кўринишларидан бўлса не ажаб...  Баҳриддин бобо қолдирган боғ бунга яққол мисол.


Сарвиноз МАМАНОВА,

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси

Жиззах вилояти бўлими қошидаги “Ёш журналистлар мактаби” тингловчиси.

“Сада” санъат, адабиёт тўгараги раҳбари.