Қизиқарли:
Янгиликлар

ЖИЗЗАХДА “ЁШ ЖУРНАЛИСТЛАР” МАКТАБИ ТИНГЛОВЧИЛАРИ РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ

Поделиться:

   Жорий йилнинг дастлабки кунлариданоқ Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлими қошида “Ёш журналистлар” мактаби ташкил этилган эди. 27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” мактаб битирувчилари хотирасида бир умрга муҳрланиб қолса ажабмас.

     Гап шундаки, ўтган йилнинг октябрь ойида уюшма вилоят бўлимининг “Етук маънавиятли ва юксак маданиятли ёшлар Ватан тараққиёти пойдевори” лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг грантига сазовор бўлган эди.

     Лойиҳа доирасида вилоят ОАВларида ва ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ёш журналист ва блогерлар ўртасида “Энг яхши журналистик материал” учун танлови ўтказилиб, соҳа ходимлари байрами кунида танлов ғолиб ва совриндорлари муносиб рағбатлантирилди.

 

Айтиш жоизки, вилоятда журналистика соҳасига қизиққан ёшларнинг билим ва малакасини ошириш орқали истеъдодларини намоён этишларига кўмаклашиш, оммавий ахборот воситаларида ёш кадрлар захирасини шакллантириш, ёш журналистларнинг тарғибот материаллари орқали ёшларни чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлишга чорлаш мақсадида ташкил этилган мактабга 25 нафар 30 ёшгача бўлган истеъдодли ёшлар танлов асосида қабул қилиниши белгиланган. Соҳага қизиқувчи ёшларнинг талаб ва истакларига биноан мактаб ўқувчилари сони 45 нафардан ошиб кетди.

 

Лойиҳа доирасида ҳудудий уюшманинг “jurnalistika.uz” расмий сайти яратилди ва мактаб тингловчилари учун турли форматдаги медиа фото ва видео материалларини ёритиш учун ижодий майдон яратилди.

 

Мактабда тингловчиларга матбуот, телевидение, радио, интернет журналистика ва фотожурналистика йўналишлари бўйича республика миқёсидаги таниқли журналистлар ва етук мутахассислар – Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети доценти Наргис Қосимова, “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири, сенатор Фармон Тошев, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги “ЎзА” вилоят мухбири Тошқул Бекназаров кабилар томонидан билим ва маҳорат дарслари ўтказиб борилди. Маҳорат дарслари ва семинар-тренингларда тингловчиларга журналистика тарихи, журналистиканинг ижтимоий маъсулияти, журналистика фани ва унинг таркиби, жанрлари бўйича тушунтиришлар берилди.

 

Шунингдек, машғулотларни вилоятдаги бир қатор тажрибали журналистлар – “Ўзбекистон 24” телеканалининг вилоят бўйича мухбири Дилмурод Абдураҳимов, вилоят телерадиокомпанияси, радио гуруҳи бош муҳаррири Сайёра Тўхтаева, “Жиззах ҳақиқати”, “Джизакская правда” газеталари муҳаррирлари Илҳом Носиров ва Асат Мустафоевлар тил ва услублар, ахборот ва таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича тингловчиларнинг билим ва маҳоратини оширдилар.

“Матбуот ва ОАВ ходимлари куни” байрами мактаб битирувчилари учун қўшалоқ байрамга айланиб кетди. “Жиззах ҳақиқати” вилоят газетаси мажлислар хонасида мактаб битирувчиларига сертификат топшириш маросими ҳамда ёш ижодкорлар ўртасида журналистиканинг телевидение, радио, босма матбуот, интернет журналистика ва фотожурналистика йўналишлари бўйича “Энг яхши материал” учун танлови ғолиб ва совриндорлари муносиб тақдирландилар.

- Мен етук журналистлар билан кўришиш, уларнинг сабоқларини олишни болалигимдан орзу қилганман. – дейди танловнинг интернет журналистика йўналиши бўйича ғолиби Сарвиноз Маманова. - Бизни бу мактабда таниқли устоз журналистлар ўқитдилар, ёзганларимизни чиқариш, танловдан ўтказиш учун ижодий майдон яратилди. Бугун мен сингари мактабни битириб чиқаётган, шу билан бирга турли йўналишларда ғолиб ва совриндор бўлган тенгдошларим келгусида турли оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик.

- Жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳит таъминланишини тарғибот ва ташвиқот қилиш ҳамда аҳоли орасида кенг тушунтириш ишларини олиб боришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли катта. Айниқса, сиёсий савияси етук, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга, мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азму шижоатли ёшларимизнинг ўрни ва таъсири беқиёс. – дея таъкидлади тадбирда иштирок этган ҳудудий уюшма раиси Эркин Шерманов. -  Сиз каби интилувчан ва қизиқувчан ёшларни ҳар томонлама етук бўлиб шаклланишингиз учун сизларнинг ташаббусларингизни қўллаб-қувватлаш, интилиш ва қизиқишларингизни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва амалга ошираётган ишларингизни тарғиб қилишда матбуот, телевидение, радио ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот ишларини олиб бориш биз катталарнинг асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолаверади.

 

 “Ёш журналистлар” мактабини тамомлаган ёш ижодкорларга ижодий парвозлар ёр бўлсин.

 

Нодира Алимова,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Жиззах вилояти бўлими мутахассиси, лойиҳа раҳбари.