Китобингизни ўқидим
Таниқли ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг “Сирли муаллим” асарини ўқиб тугатдим-у, беихтиёр оғир хаёллар гирдобига тушиб қолдим. Нуқул кўз ўнгимда муаллимлик қила олмай сарсон кезаётган номаълум қаҳрамонлар гавдаланарди (ҳа ўқитувчилар). Нажот Ғайбулла ягона эмас, улар орамизда жуда кўп. Фақат, биз уларни аҳамияти у қадар муҳим бўлмаган майда сабабларга кўра қаердадир йўқотиб қолдирганмиз. Аламли камчиликларимиз бор: бизда ҳужжат гапиради, қанчалик билимли бўлманг, энг аввало дипломингиз бўлмаса, тилингиз қисилиб, қилаётган ишларингиз кўринмай юраверади. Халқ орасида касбининг ҳақиқий эгаси бўлганларга чин, асл сифатлари қўшиб таърифланади. Ҳамма соҳанинг асл эгалари бор. Жумладан, ўқитувчилик касбида ҳам. Асар қаҳрамони Нажот Ғайбулла мана шундай ҳақиқий ўқитувчи эди.
Хуррамович, аниқроғи тирноқ тагидан кир қидирувчи бу ўқитувчи кўнглини бироз кенгроқ қилиб, Нажот Ғайбуллага бўлган адоватини енга олганида эди, уни чинакамига яхши кўриб қолган бўларди. Балки, Нажот Ғайбулла ўқувчиларига янаям узоқроқ вақт сабоқ бера олган, ўзига ўхшаган бўлғуси чин ўқитувчиларни тайёрлай олган бўларди. Нажот устоз келишининг ўзи бир ўзгача бўлди, кетишини-ку айтмасам ҳам бўлар. Бироқ, мана шундай якун топиши аниқ эди. Сабаби муҳитни ўзингиз яхши билиб турибсиз. Бу мактабдаги ўқитувчиларни ёмон демоқчи эмасман. Фақат улар вазифасини Нажот Ғайбулладек севиб бажармасди, уларда фидойилик етишмасди. Бирданига пўрим кийинган, унинг устига ажойиб устоз келиб қолди-ю, ҳаммаси ғимирлаб қолишди. Буни ёзувчи ойлаб соч-соқолини олмай юрадиган ўқитувчиларнинг бирдан ўзига қараб қолиши, аёлларнинг эса пардози ошиб кетиши орқали баён этган. Аслини олганда, фақат мактабда эмас, ҳамма ишхоналарнинг ҳам ўз тартиб қоидаси, барча амал қиладиган ўз анъанаси бор. Таъкидлаб ўтганим, бу анъананинг қандайлиги, албатта ўша жойдаги муҳитга боғлиқ. Ахир айтишади-ку, яхши уйдан – яхши тутун чиқади, ёмон уйдан ёмон тутун чиқади, дея. Агар қайсидир янги келган ходим ўша “анъанани” четлаб ўтгудек бўлса, унга бошқаларнинг ғайирлиги ошиб, камчиликларини топишга уриниши турган гап. Бу мактабда ҳам мана шундай бўшанқираган муҳит-у, борига барака қилиб, “жимгина” ишлайдиган, дарсини бир “амаллаётган” ўқитувчилар талайгина эди. Буни айниқса, Нажот Ғайбулланинг мактабга китоб келтирган чоғдаги вазиятидан ҳам англаш мумкин. Асарни китобхон ўқир экан, ниҳоятда қолоқ фикрлайдиган бу устозларга ачиниб ҳам кетади. Шунча ўқитувчилар орасидан ақалли битта замонавийроғи учрамайди-ей, деб ўйлаб қоласиз. Ҳаммаси бир хил. Аввал бошида бу мактабдаги “ўқитувчилар” сўзини қўштирноққа олмоқчи эдим, бироқ хато қилар эканман. Сабаби мактаб директори Қалқановдан тортиб Салимахонгача ҳаммасида зиғирдек бўлса ҳам мактабга бўлган меҳри бор. Назаримда ўқитувчилар ўзларида мавжуд бўлган ниманидирни унутиб қўйишганди. Буни ҳар бири Нажот Ғайбуллани кўрганида қайта эсга оларди. Унинг нима эканлигини билишни эса ёзувчи ўқувчининг ўзига ҳавола этади.
Асардаги икки йилча бурун аранг мактабни битирган Нозима образи ҳаммамизга яхши таниш. Норхол унинг онасига “қизингиз ғирт саводсиз-ку” деганида, она “яхшида қайтамига ўқиб олади” деб жавоб беради. Бу ерда ёзувчининг кучи шундаки, атрофимизда бўлаётган воқеаларни бор бўйича очиб бера олган. Айниқса, Нажот Ғайбулланинг сеҳрли дарсларини кузатиб, Норхол Қушбоқова томоғида денгизнинг аччиқ шўрини туйиши жараёни, ниҳоятда таъсирли. Эҳтимол, ўша кезда ўқитувчи виждони билан рўбаро бўлгандир.
Бир асарни ўқиб, кўплаб хулосаларга келиш мумкин. Балки, менинг асар ҳақида келтириб ўтган фикрларим сизга умуман нотўғри бўлиб туюлар. Яхшиси асарни топиб ўзингиз қайта ўқиб чиқинг, шунда иккимиз хулосаларимизни бўлиша оламиз! Нажот Ғайбулла жудаям тўғрисўз инсон, у сўз бердими, албатта сўзининг устидан чиқади. Унинг мактабга қайтиб келишига ишонамиз!
Сарвиноз МАМАНОВА,
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилояти бўлими қошидаги “Ёш журналистлар мактаби” тингловчиси.
“Сада” санъат, адабиёт тўгараги раҳбари.