Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими томонидан ижодий учрашув ташкил этилди. Унда ёзувчи ва шоира Меҳрибон Абдураҳмонова ҳамда устоз журналист Ғулом Эшқувватов иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар дастлаб тадбир меҳмонларининг ижод йўли ҳақида тўхталиб ўтишди.
Жумладан, устоз журналист Ғулом Эшқувватов ижодий фаолиятини 1975 йил “Октябрь ғалабаси” газетасида мухбирликдан бошлаган. Унинг асосий фаолияти ҳуқуқий йўналишдаги нашр ҳисобланган “Адолат ёлқини” газетасида ўтган. У 2006 йил газетада бўлим муҳаррири сифатида ишга ўтган бўлса, 2011-2018 йиллар мобайнида газета бош муҳаррири бўлди.
Шунингдек, тадбирда ёзувчи ва шоира Меҳрибон Абдураҳмонованинг ўзига хос ижоди ҳақида сўз борди. Меҳрибон Абдураҳмонова Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира, ёзувчи ва журналист. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими раҳбари вазифасида ишлаш билан биргаликда Шароф Рашидов туман ҳокимлиги газетаси бош муҳаррири сифатида ҳам қизғин фаолият юритмоқда.
«Эшик олди гулхайри», «Оқ шомлар қўшиғи», шеърий тўпламлари, “Қизил олма” қисса ва ҳикоялар тўплами муаллифи. 2018 йилда адибанинг «Гулзор қишлоғининг гулдураклари» қисса ва ҳикоялар тўплами “Ўзбекистон” нашриётида нашрдан чиқди ҳамда “Қуёш ўлкасининг эрка боласи” шеърий тўплами “Ўзбекистон” нашриётида нашрдан чиқиш арафасида. “Мирзачўлнома” илмий-оммабоп, бадиий публицистик тўплами 2021 йилда “Адабиёт”нашриётида чоп этилди.
Тадбир савол-жавобга бой тарзда ўтди. Шундан сўнг, меҳмонларга Ўзбекистон Журналистлари уюшмасининг аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими