Юртимизда нуроний отахону-онахонларни қадрлаш эзгу фазилат. Зеро, ҳаётнинг пасту-баландликлари, ташвиш-у қувончларини бошдан кечирган кексалар умри ёш авлод учун доимо ўрнак, ибрат бўлиб келган.
Шу маънода Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилоят бўлими томонидан бир қатор устоз журналистлар ҳолидан хабар олинди.
Жумладан, Уюшманинг вилоят бўлими масъуллари Йўлчи Жўраев, Абдулла Аҳмедов, Илҳом Холматов, Исмоил Миталов сингари соҳа жонкуярлари, қатор шогирдларни тарбиялаган устозлар хонадонида бўлишди. Дилдан суҳбат уюштирилди. Уларнинг муаммолари ўрганилди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан берилган “Ҳуррият” газетаси учун бир йиллик обуна квитанцияси ҳамда муборак рамазон ойи бошланиши муносабати билан зарур озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.
Ўз навбатида фахрийлар юртимиз тинчлиги, осойишталиги, халқ фаравонлигини тилаб дуога қўл очдилар.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими