Қизиқарли:
Ёш журналистлар ижоди

ДУНЁДА ЯХШИЛИК ҚОЛАДИ

Поделиться:

 

Бир кўнгил иморати –

Минг макка зиёрати.

 

Бугунги турмушимиз кундан-кун тараққий этиб бормоқда. Оғиримизни енгил қилаётган замонавий теҳникадан тортиб, ҳар кунги суҳбатимиздавомида  ортиб бораётган янги сўз ва тушунчаларимизнинг  ҳам адоғи йўқ. Бироқ, бир нарса сира ўзгармай ҳамон аслича биз билан яшаяпти. Англаган бўлсангиз, у кўнгилимиздаги Яратганга бўлган ишонч, иймон ва эътиқодимиздир.  Биздаги эзгу туйғулар: меҳрли бўлиш, ўзгаларга раҳмдиллик қилиш ҳиссини ҳар биримизнинг қалбимизга Аллоҳнинг ўзи қадагани шубҳасиз. Шу боис, бу каби Одамийликка  хос сарбаланд тушунчаларга рўёдан келган  бир сўз сифатида эмас, аксинча жисмимизни тўлдириб турувчи Олий фазилат сифатида қарамоғимиз даркор. Улуғ йўлдан не фойда, гар унда эзгу амал бўлмаса, маъно бўлмаса, - деган экан донишмандларимиздан бири. Ҳар ким ҳам ўз ҳаётига ўзи масъул. У юрса ҳам, югурса ҳам умрини яшаб тугатади. Ҳамма гап шундаки, мана шу ўтилган лаҳзалар давомида қайсидир инсоннинг кўнглини обод этиб, оғирини енгиллата олмоқликдадир. Шундагина ҳаётга келиб бир чимдим меҳримизни ўзгалар билан баҳам кўра олган  бўламиз.

 

Гап  кўнгли кенг,  саховатпеша  кишилар ҳақида кетса, беихтиёр кўз ўнгимда бобожоним гавдаланади. Эрта баҳор кунларининг бирида тўсатдан бобом ўтиб қолдилар. Назаримда, бутун дунё қотиб қолгандек, болакай хотирларим эса аллақаёқларга учиб кетгандек бўлганди. Ўшанда  бир кампир “укамлаб” роса  изиллаб йиғлаганди. “Емай-ичмай, борини етимларимга бўлишганим-а”, - дерди у нуқул ерни муштлаб. Дастлаб кампирнинг фарёдини англамаган бўлсамда, кейинчалик амакимнинг “бари пулингизни биравларга берасиз, биздан шуларди устун кўрасиз”  каби гапларини эслаб, номаълум ҳақиқат гурзидек бошимга урилгандек бўлганди.  “Қўли  очиқ кишининг, йўли ҳам очиқ бўлади” дерди бобом раҳматли. Бояги кампир бизнинг катта аммамиз бўларкан. У жуда кеч фарзандли бўлган, бунинг устига эри ҳам эрта қазо қилган экан. Шу боис бобом пенсиясидан қийиб,  катта қисмидан унинг оиласига улашиб турган. Бу ҳақида лоақал биронтамизга дарагини чиқарган эмас,  у  ишига ниҳоятда  пухта эди. Бу ҳақида аммамиздан эшитган эдик. Бироз ичи қоралиги борлигидан-ми, ё ҳеч ишлари юришмагани учун-ми, фақат амаким-гина бобомдан ҳисоб сўрар, баъзида эса жуда норози кайфиятда иш тутарди. Ақлимни таниганимдан буён бобомнинг иккита оёқ кийими бўлар:  бири қишда киядиган гурзавой этиги, иккинчиси,  ўзимизнинг жайдари Қўқонни калиши. Бисотида бирон кўримли буюми борлигини  эслолмайман. Нафақа олганини эса бизга берадиган қанд-қурсидан англардик. Бобом жуда дарёдил, қўли очиқ киши эди. Кўпинча,  бувим таъбири билан айтганимда: “бир тийинга зор бўлиб” ўтирганидаям биров пул сўраб келиб қолгудек бўлса,  ўзини қўярга жой тополмай жуда ҳижолат чекар, камига минг қайта узр сўраб уни кузатиб қўярди. Олма пишар мавсумида-ку, гапирмай ҳам қўя қолай, саҳийлиги ошиб-тошиб кетарди. Амакиларимдан бекитиб, қайсидир узоқ хонадонларга (капсон) улуш  етказувчи бўлганмиз.. Бобом ҳақидаги ҳикояни давом этсам, эҳтимол унинг ақидаларига путур етказиб қўярман. Зеро, у ҳамиша “ўнг қўлинг берганини, чап қўлинг билмасин” шиорига амал қилиб яшади! Ўйлаб қарасам, шунча вақт авлиё киши билан улғайган эканмиз. Бобом етмишида қазо қилди, умри қишлоқда мол-ҳолнинг ортидан қолмай ўтди. Лекин унинг қадами  ўзи излаган, ўзи истаган Маккага етди! Дунёдан юзи ёруғ, кулиб,  бошида қандай келган бўлса, худди ўшандай беозор кетди! Атрофимизда Яхшилар кўпайсин. Замона қанчалар янгиланмасин, эзгу амалимиз, яхши фазилатимиз  доимий маслагимиз  бўлсин!

 

Бизга ато этилган неъматлардан бошқаларни ҳам баҳраманд этишни унутмайлик.

 

Сарвиноз МАМАНОВА,

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси

Жиззах вилояти бўлими қошидаги “Ёш журналистлар мактаби” тингловчиси.

“Сада” санъат, адабиёт тўгараги раҳбари.