Иллат излаганга, иллатдир дунё,
Ғурбат излаганга, ғурбатдир дунё.
Ким нени изласа топгай бегумон,
Ҳикмат излаганга, ҳикматдир дунё.
Ҳаёт инсон бошига турли синовларни солади, интилган мақсадлари йўлида тўсиқлар қўяди. Қийинчиликлардан мардона ўтиб, матонат, чидам, сабр-бардош билан ўз йўлида давом эта оладиган инсонларгина ҳақиқий бахтга эришишади. Уларнинг метин иродаси атрофдаги инсонларни ҳаракатга чорлаб, ўзгаларга ибрат бўлади. Гулдек нозик, лекин пўлатдан мустаҳкам, деб таърифланган инсон айнан сабр-матонат билан тобланган иродаси билангина ҳар қандай мушкул вазиятларда йўл топишга, енгилмасдек кўринган синовларни енгишга қодир.
Мен сизга ҳикоя қилмоқчи бўлаётган қаҳрамоним жуда катта ирода ва матонат эгаси бўлиши билан биргаликда элга танилиб қолган моҳир ҳунармандлардан. Ижод шундай нарсаки, у ўзининг қирраларини ҳар бир ижодкорда турли кўринишда намоён этаверади. Жумладан, адабиёт, санъат, рассомчилик, ҳунармандчилик, ҳайкалтарошлик ва яна таъбир жоиз бўлса ҳар бир соҳада ижодкорлик билан ёндашилган муносабат ярқ этиб кўзга ташланиб туради. У шу қадар кенг қамровли тушунчаки, ҳар соҳа эгасида ранг-баранг бўёқларда акс этаверади.
Тасаввур қилинг: баҳор палласи, дарахтлар қийғос гуллаган. Дарахт шохига осилган арғимчоқда худди шамолдек тебраниб учаётган ўспирин қизалоқ. Сочларига ним пушти япроқчалар қўниб олган, капалаклар ёнида гирдикапалак. Кўзини чирт юмганча, жуда кўп орзулар ҳақида ўй сураяпти. Билмадим, сиз бу сокинликни қандай тасаввур қилдингиз. Менинг назаримда бу ҳолатнинг ўзида ҳам аллақандай сир яъни дард бордек. Бу тасвирни илк бора бир фестивалда кўриб қолгандим. Жуда моҳирлик билан ишланган картина эди. Биринчи кўрган киши уни чизилган деб ўйлаши табиий, бироқ у бисерда тикилган санъат асари эди. Ҳар бир чизилган суратлар мана шундай сержило, кишини ўйга толдириб қўядиган даражада ишланганлигини сезиб, ҳунармандни қидира бошладим. Уни топдим-у, бир лаҳза тек қотдим. Бояги арғимчоқда учаётган маъсума, жудаям беғубор қизнинг худди ўзгинаси. У билан танишар эканман, минг йиллардан буён қадрдон бўлган инсонимни учратгандек ҳис этдим ўзимни. Жудаям содда ва камтарин Барно Нарзуллаева билан мана шу йўсинда танишиб қолгандик. Барно опа Ғаллаорол туманининг сўлим гўшаларидан саналмиш Хўжакопут қишлоғида мустақилликка эришган йилимиз, айнан аёллар байрами, 8-март кунида таваллуд топган. У туғилганида ДСП ташҳиси қўйилган эди. Ўзи севган қадрдон мактабида 6-синфгача ўқий олган халос. У болалигидан жуда интилувчан ва аълочи бўлганлигини бирга ўқиган синфдошларидан эшитдик. Яна Барно опа қўшиқ айтишни ҳам маромига етказар экан.
– Мактабимизнинг энг олди қизларидан эди, – дейди дугонаси Муножат. Гарчи 6-синфгача бирга ўқиган бўлса-да, мактабдошлари билан шу вақтгача ажралишиб кетишмаган, улар ҳамон қадрдон. Бу албатта, Барно опанинг самимий инсонлигидан, деб биламан.
- Ўйлаб қарасам, мактабда ўқиб юрган кезларим энг бахтиёр пайтлар бўлган экан. Ўқишни, тадбирларни яна жонажон мактабимизни жуда севардим. Уй таълимини ола бошлаганимда, дастлаб жуда зерикдим. Тўғриси, ўқишга бўлган ҳавасим ҳам сўнгандек, ўзининг бор жозибасини йўқотгандек эди. 18-ёшимда бутунлай юролмай қолдим, - шундай деб Барно бир оз тин олди. Ўз туғёнларини яширишга уринаётгани, ожизликдан нолиб бировни безовта қилмасликка интилаётгани яққол сезилиб турарди. Ўзини қўлга олган қаҳрамонимиз яна ҳикоясини давом эттиради: - Дунёда озгина омадсизликдан ҳам нолийдиган, ўзини бахтсиз санайдиган одамлар кўп. Бироқ, соғлиқ энг катта Бахт экан! Қанийди, мен ҳам тенгдошларимдай юролсам, улар билан қувлашиб ўйнасам, далаларга, адирларга чопқиллаб чиқсам, ҳамма нарсага рози эдим, деб нолиган кунларим ҳам кўп бўлган. Начора, бу бахт менга насиб қилмаган экан... Кейинчалик мен бу ҳолатимга кўника бошладим. Уй мен учун энг тинч, севимли жой бўлиб қолганди. Негаки ўша вақтлар кўнглим фақат ёлғизликни тусарди. Мактаб чоғларида Халқаро рассомчилик танловида 1-ўринни олгандим. Мен қаламни қўлимга қурол қилиб дардларим билан олишдим, – десам янглишмаган бўламан.
Бу ёруғ дунёда инсонга эрмак кўп. Инсон кўзини қувонтирадиган, алам билан қимтилган лабларга табассум чақирадиган ранглар, жилолар кўп экан. Мен буни ҳар гал қўлимга қалам олганимда чуқур ҳис этардим. Энди ҳеч қачон юра олмаслигим, мени чексиз изтироблар қарига отар, ҳаммасини тезроқ унутиш учун эса мен бор вақтимни китоб мутолаасига сарфлардим. Янги чизадиган суратимни ўқиган асарларим орқали топардим. Бора-бора бу машғулотларим мени севинтирадиган бўлди. Анчадан буён мени қийнаб келаётган нарса, жуда катта эҳтиёжга айланди. У ҳам бўлса фақат чизиш, нодир асарлар яратиш истаги эди. Бир куни бўз матосига расм чизиб, уни мунчоқлар билан тўлдириб тикиб чиқдим. Қарабсизки, қаршимда тайёр картина пайдо бўлгани. Кейинчалик турли кулолчилик буюмлари, лаганларга бисер ёрдамида нақш беришни ўргандим. Бу ҳунарни ўрганиш менга шу қадар завқ бағишлар эди-ки, тўғриси буни таърифлаб бўлмайди. Бу ишим билан шуғулланганим сари кундан-кун ўзимни яхши ҳис этиб боравердим. Бисерда асар яратиш ғояси туғилишининг ўзини ҳам Яратганнинг менга юборган энг катта марҳамати деб ўйлайман. Биласизми, Аллоҳ бир синов ортидан, жуда кўп қувончларни ҳам тайёрлаб қўяр экан. Мен ижодга шу қадар шўнғиб кетганимдан, ўзимнинг жисмоний имкониятимни ҳам унутиб боравердим. Ижодий ишларим талайгина бўлиб қолганини кўрган яқинларим, тез орада бўлиб ўтадиган “Юрт келажаги” танловида иштирок этишимни исташди. Улар хоҳлаганларидек, қатнашиб ғолиб бўлдим. Бу мени чексиз даражада руҳлантириб юборди. Ундан кейин бирин-кетин бошқа танловлар, фестиваллар, турли кўргазмаларда тобланавердим. Ойнаи жаҳон орқали жуда кўп ҳунармандларни билардим, уларга ҳавас билан қарардим. Вақт ўтиб уларнинг ҳаммаси билан юзма-юз танишиш ҳатто дўстлашиб кетиш ҳам насиб этди. Танлов ва кўргазмалар кўп, уларда ғолиб бўлиш ўз йўлига, муҳими бир-биримизнинг орамиздаги меҳр-оқибатда. Сизнинг ижодингизга ўзларининг муносиб баҳосини беришларининг ўзи ҳам бу катта ютуқ. Ҳозирда шогирдларим кўп, аксарияти ўзим ўқиган мактабимдан. Қизларимизнинг миллий ҳунармандчиликка, санъатга ихлоси баланд эканлигини кўриб, ўргатган сарим ўргатгим келаверади. Уларнинг ҳам қўли анча келишиб, кўпчиликнинг эътиборига тушиб қолишди. Мен уларнинг ютуғидан севинаман. Келгусида катта ҳунармандчилик мактабини очишни ният қиламан. Биласизми, ҳаётга шунчаки келиб-кетиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келади. Муҳими унда бирор ёруғ из қолдириш керак. Ўзгаларга яхшилик қилиб, ҳунар сирларини билганим қадар бошқаларга ҳам ўргатиб, халқнинг дуосини олгим келади. Жуда нуфузли танловларда мени олий ўринларга муносиб кўришди. Ҳар сафар тақдирланаётганимда, юрагим алланечук бахтга тўлиб кетади. Негаки мен шундай кунлар келишини илгари фақат кўзимни юмганча орзу этардим. Бироқ бу йўлда астойидил ҳаракат қилдим, изландим. Минг шукрким изланишларим зоъе кетмади. Бироқ ҳали тўхташ йўқ. Ҳақиқий ижод қилиш палласига энди етиб келдим. Барно опанинг режалари ниҳоятда кўп. У бизга ҳаёти ҳақида гапириб берар экан, унинг чинакам истеъдод эгаси эканлигига иқрор бўлдик.
“Уфқ” романи жуда севиб ўқийман, - дейди қаҳрамонимиз. Ундаги Икромжон образи менга жуда ёқади, хаёлан уни кўз ўнгимда гавдалантираман. Ўзим ҳам худди у каби яшашга интиламан. Икромжоннинг ҳар бир босган қадамини мардлик йўли деса бўлади. Елкасида хоин фарзанддек доғи бўла туриб, ҳаммасига чидаб бера олди. Бир оёғини мардларча урушда йўқотиб келган эса-да, бошқалардан икки ҳисса кўп меҳнат қилади. Унинг менга ушбу гаплари жуда ёқади: “Ўлиш осон, ўлиб кетиш осон. Яшаш қийин. Ўлиш номарднинг ҳам қўлидан келади. Мард яшайди. Йўқ, болам, мен дардга чалинмайман мен ўлмайман. Тик бўлсам юриб, йиқилсам эмаклаб, ётиб қолсам сурилиб “ҳу” ўша уфққа бораман. Уфқдан туриб Ёзёвонимга бир қайрилиб қарайман. Уфққа бормай ўлишим мумкин эмас.” Балки, Икромжон Интилаётган Уфқ – меҳнатлари ортидан келадиган ҳузур-ҳаловат, халқнинг олқишини олишдек бахт бўлса ҳам ажаб эмас! Қаҳрамонимиз билан суҳбатимиз якунланар экан. Унинг бу қадар гўзал ҳаёт кечираётганига таҳсинлар айтгим келди. Китобга ошно бўлган инсонлардан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди, аксинча улар бошқаларга тўғри яшашни ўргатади. Буни биргина Барно Нарзуллаева ҳаётида эмас, минглаб инсонлар тақдирида ҳам учратишимиз мумкин. Барно опа фестиваль ва кўрик танловлардаги ютуқларини санаб ўтиришни маъқул кўрмаган бўлса-да, мен улар ҳақида қисқача ёзишни жоиз топдим. Негаки муваффақиятни ҳеч бири ўз-ўзидан келмайди, унинг ортида чинакам меҳнат ётади. Юртимизда ёш истеъдодларга танлов кўп. Албатта, ҳар бир ижодкорга энг катта мукофот халқнинг берган ишончи саналади. Барно опа 2018- йилнинг март ойида ўтказилган”Амалий санъат – истиқболли ёшлар қўлида” I- Республика ёш ҳунармандлар танловининг мамлакат босқичида – I-ўринни эгаллаган. Ҳар йили анъанавий Президент соврини учун ўтказиладиган “Ташаббус – 2018” республика босқичининг “Туризм соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси” номинацияси ғолиби, ҳамда “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” дея топилиб, Ёшлар иттифоқи стипендиясига сазовор бўлди. Унинг Шаҳрисабзда 2018 йил сентабр ойида ўтказилган “Мақом” фестивалидаги иштироки ҳам муваффақиятли ўтган. Опанинг меҳнатлари яқинда “Жасорат” медалига лойиқ кўрилгани мамлакатимизнинг нечоғли мурувватли халқ эканлигидан далолат беради. Барно Нарзуллаеванинг санъат асарларини турли кўргазмалар мобайнида кўплаб чет эллик иштирокчилар ҳам ҳайрат билан кузатиб, ўзларининг муносиб баҳосини беришган. Хуллас бизда бу каби маълумотлар талайгина, бунинг ҳаммасининг тагида албатта, чинакам заҳмат ётади. Юқорида уларнинг айтганларини қўлимдан келгани қадар қоғозга туширдим, эҳтимол тажрибасизликдан ўзим кутган натижага эриша олмагандирман. Яхшиси, Ғаллаорол томонларга йўлингиз тушса, ўзингиз қаҳрамонимизни излаб топинг, у билан танишинг, суҳбатлашинг. Шунда сиз қўллари қанотга айланиб, қалби билан самоларни қучаётган ҳунарманд қизнинг метин иродасига, ҳаётга бўлган чин Муҳаббатига гувоҳ бўласиз!
Сарвиноз МАМАНОВА,
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилояти бўлими қошидаги “Ёш журналистлар мактаби” тингловчиси.
“Сада” санъат, адабиёт тўгараги раҳбари.