Қизиқарли:
Янгиликлар

Япониядаги таҳсил таассуротлари

Поделиться:

 

Орзулар ижобати


Технологиялар борасида энг ривожланган давлатлардан бири – Японияга ўқиш учун боришнинг қандай ўзига хос томонлари бор? Кунчиқар юртда талабалар қандай имкониятларга эга, таълим тизимининг фарқли жиҳатлари қанақа? Таҳририятимиз меҳмони Японияда таҳсил олган ғаллаороллик Шарофиддин Ҳасанов (суратда). Суҳбатимиз кунчиқар мамлакатдаги таҳсил таассуротлари билан ҳамоҳанг кечди. 


Шарофиддин Ҳасанов –2010 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2015 йил Банк молия академиясида таҳсил олган.  Марказий банк Жиззах вилояти Бош бошқармаси Иқтисодий таҳлил бўлими етакчи иқтисодчиси, кейинчалик Пул муомаласини тартибга солиш ва мониторинг бошқармаси Нақд пул маблағлари берилиши мониторинги бўйича махсус шуъба бош иқтисодчиси вазифаларида ишлаган. 2018 йил 24 августдан Япония Халқаро университетининг давлат молиясини бошқариш, иқтисодиётда халқаро муносабатларни ривожлантириш йўналишида магистратура талабалигига қабул қилинди.Айни пайтда мазкур банкда кредит ташкилотларида молиявий мониторингни мувофиқлаштириш ва валюта  назорати бўлими бош мутахассиси вазифасида ишлаб келмоқда.

 

Японияга боришдан олдин


     Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўқиш давомида япон тилини ўргандим. Олийгоҳни тамомлагач мутахассислигим бўйича Марказий банк Жиззах ҳудудий бош бошқармасида иш бошладим. Иш фаолиятидаги амалиётдан кейин олган билимларни янада кучайтиришга эҳтиёж сезар экан одам. Ана шунда менда магистратурада ўқиш фикри туғилган. Қолаверса, айни пайтда давлатимиз томонидан яратилиб берилаётган шарт-шароитлар, айниқса ёш кадрларнинг малакасини ошириш мақсадида Япония, Корея, Aнглия, Германия давлатларида бепул(грант асосида) таҳсил олиш имкониятлари мавжуд. Япон тили ўқитувчимиз Тошико Миязава  томонидан  Японияда таълим олишга оид мотивациялари мени руҳлантирар эди.  Шу давр ичида Японида ўқиш мақсадим қатъийлашди. Ҳужжатларимни кадрларни ривожлантириш грантлари учун Япония давлати томонидан беғараз ёрдам JDS дастурига (The Project for Human Resource Development Scholarship by Japanese grant aid) топширганман. Дастурга шартларига кўра, IELTS, математика, танланган университетдан келган профессор суҳбати ва Республика комиссиясидан  муваффақиятли  ўтдим.


Ушбу дастур 1999 йилдан бери амалга оширилиб келинмоқда. Ҳозирги кунга қадар Ўзбекистондан 265 нафар ёш мутахассис Япония университетларининг магистратура дастурларида турли йўналишлар бўйича таълим олишган. Ҳар йили 15 нафардан ортиқ ўзбекистонлик ёш ва қобилиятли давлат идоралари ходимлари танлов асосида Японияда ўқишга жўнатилади. Давлат томонидан берилган мазкур грантлардан кўзланган мақсад –икки давлат ўртасида кадрлар алмашиш, дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашдан иборат. Ўзбекистон ва Япония – Осиё халқлари, уларнинг маданиятлар илдизи қайсидир маънода чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ўқиш ва ўрганиш анча осон бўлса керак, деб Японияни танлаганман. Қолаверса, ушбу мамлакатнинг ўзига хос маданияти мени ўзига жалб қилган.


Японияда таълим олиш албатта жуда катта илм ва матонат талаб этади. Япония халқаро университети 1982 йил ташкил этилган бўлиб, ҳар йили 60 та давлатдан 380 га яқин талабалар таҳсил олиш учун келишади. Турли миллат ёшлари билан ўқиш, фикр алмашиш  жуда қизиқарли ва муҳим деб ўйлайман. Университетда 40 кредит яъни фанларни икки йил давомида ўқиш шарт. Таълим жараёнида ҳар бир талаба ўзи мустақил  белгиланган топшириқларни бажаради. Баъзида гуруҳ-гуруҳ бўлиб ишлаши белгиланади. Имтиҳон жараёнида кўчириш қатъиян таъқиқланади. Диплом, репорт ёзишда ҳам бирор бир муаллифнинг ишини  кўчириб олиш (plagiarism) жуда катта хато бўлиб, ҳаттоки университетдан ҳайдалишга олиб келади. Шунинг учун ҳар бир талаба ўз илмий ишини мустақил, ўз фикрлари билан ёзиши шарт. Университет кутубхонаси ҳар доим талабалар билан гавжум, жой топиш имкони бўлмайди. 


Ўқиш давомида “SVAR модели асосида Ўзбекистон Республикаси монетар сиёсатини баҳолаш” мавзусида илмий ишни муваффақиятли тугатдим. Тайвандлик профессорим Лин Чинг Янг билан 8 ой мобайнида бир неча мақолаларни таҳлил қилдик, турли хил моделларни ўргандим. Шунингдек таҳлилларда STATA, EVIEWS программаларини ўзлаштириб илмий ишимда фойдаландим. Илмий ишда Ўзбекистон Республикаси  Марказий банки томонидан олиб борилаётган монетар сиёсатни ўрни, ташқи факторларга таъсири ўрганилди. Замонавий банк тизимини халқаро тажрибалардан фойдаланган ҳолда ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилдим.


Япония ҳақидаги илк таассуротларим

      Японияга борган илк кунларимда японларнинг кундалик ҳаётида “кечирасиз”, “узр”, “катта рахмат” каби сўзларни кўп ишлатиши  албатта ҳайратда қолдирган. Япония  мактабларида таълим ҳам жуда қизиқарли бўлади. Чунки фарзандим ҳам 5-синфгача Япония мактабида таълим олди. Японияда бошланғич синфларда баҳо қўйилмайди. Шу давр ичида тарбияга ва маданиятга катта эътибор берилади. Ватанпарварлик ҳисси сингдирилади. Синфхоналарни болаларнинг ўзлари тозалайди, уларнинг мустақиллиги таъминланади. Ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасида субординация йўқ.  Мактаб директори ўқувчилар билан турли хил ўйинлар ўйнайди. Япония боғчаларида болаларга маданиятни, бир-бирини ҳурмат қилишни ўргатишади. Японлар жуда ишонувчи халқ ҳисобланади.


Ҳар бир ривожланиш бу давлатнинг таълим тизимига боғлиқлигига амин бўлдим. Жуда қўп илмий изланишлар натижасида катта-катта ютуқларга эришилмоқда. Япониядаги биринчи куним ҳеч эсимдан чиқмаса керак. Ҳалигача ўша куннинг ҳавоси, ҳаттоки таъми ҳам эсимда. Ҳавонинг намлиги Ўзбекистондагига қараганда 7 баравар юқори. Лекин одам тез мослашар экан. Бир ҳафтадан кейин кондиционер борми-йўқми, фарқи бўлмай қолди. Япон халқи ҳақиқатан ҳам ўзгача. Ўзгаларнинг шахсияти, вақти, шахсий қарашларини ўта ҳурмат қилишади.

Японлар барча ишлари ёзилган махсус дафтарча ёки ўз хоналарида календар тутиб юришади. Мисол учун, Ўзбекистонда ишдан чиқиб, дўстингизга бугун кечки пайт бирга ўтирамиз десангиз, албатта шу куни вақт топилади. Aммо японлар билан камида бир ҳафта олдин вақтини ва бориш жойини белгилаб олмасангиз, бирор бир тадбирни ташкиллаштириш қийин. Бутун халқ тартиб-қоидаларга ўта итоаткор. Ҳаттоки, кўчада юришганда ҳам ёзилмаган ўзаро ҳурмат қоидалари бор. Мисол учун, чап томондан юриш. Эрталаблари шошилинч пайтларида ҳеч ким бир-бири билан тўқнашиб кетмайди. Кўчаларида икки йил давомида машина сигналини эшитганим йўқ.


Соғлиқни сақлаш тизими жуда зўр, аммо жуда қиммат. Японияда талабалар жуда қаттиқ ўқишади. Ўзига тўқ оиладан бўлишса ҳам, университетнинг биринчи курсидан ишлашади. Қўшимча тўгараклар учун махсус кийим ва турли асбобларни олиш учун ўзлари топган пулларини ишлатишади. Ёзги таътилда хориж давлатларига саёҳатга чиқиш учун ҳам ўзлари ишлаб топган пулларини сарфлашади.

Японларнинг ҳар бир куни бир ҳафта олдин ёзиб қўйилган. Эрталаб соат 5 ва 6 дан кечки соат 24 гача – ҳаммалари банд. Университетда ҳар бир талаба нима биландир банд. Бу ерда турли хил спорт тўгараклари бор. Буларнинг бари талабалар учун бепул. Университет талабалари дарсдан кейин чалғимасдан дарсларини давом эттиришлари учун махсус ўқув хоналари бор. Факультет талабалари кутубхонага киришда ўзларининг ID-карталари билан кириб фойдаланишади. Университетда ошхона мавжуд бўлиб, ҳалол овқатлар бор, музлатгич, микротўлқинли печ, умуман ҳамма керакли нарсалар бор.


Ундан ташқари, кутубхонага бориб ҳам дарс қилиш мумкин. Кечки соат 23.00 гача кутубхонада дарс қилиш мумкин. Компьютер, интернет ва мультимедиа хоналаридан  чекловларсиз фойдаланиш мумкин.


Японияда ўқиш учун нима қилиш керак?


     JDS гранти асосида Японияга келиш қийин эмас. Ўзбекистондаги 89 та давлат ва нодавлат ташкилотларидан бирида айни пайтда ишлаётган ва дастурга ҳужжат топшириш вақтида 2 йиллик иш стажи бор одам топшира олади. Албатта, инглиз тилини билиш, IELTS камида 5.5 бўлиши керак. Ана шулар асосий мезонлар ҳисобланади. Япония – бу ерда ўқишга имконият бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаса бир марта келиб, ўрганиб кетиш керак бўлган мамлакатлардан бири. Ҳозирги кунда саёҳатга чиқиб турадиган юртдошларимиз, тадбиркорлар кўпайиб бормоқда. Мен уларга биринчи ўринда Японияга боришни маслаҳат берган бўлардим.


Таҳсил олишни истаган талабаларга эса бу ерга келишдан олдин япон тилини ўрганишларини тавсия қиламан. Чунки японларнинг аксарияти инглиз тилини билишмайди ва улар билан япон тилисиз гаплашиш, дўстлашиш анча мураккаб бўлади.


Коронавируснинг Японияга таъсири

     Коронавирус туфайли дунё қийин аҳволда. Аммо японлар тушкунликка тушишгани, бозор расталаридан барча маҳсулотларини олиб кетишаётгани ҳам йўқ. Бир-бирларини беҳурмат қилиш ҳолатлари ҳам кузатилмайди. Маҳсулотларни одатдагидек навбат билан харид қилишади. Кўчада ҳамма ниқоб тақиб юради. Коронавирус бўлишидан олдин Японлар қўлларни дезинфекция қилиш учун жамоат жойларида махсус спиртли аралашмадан фойдаланишар эди.


Умуман олганда, коронавируснинг япон халқига таъсири у қадар сезиларли бўлмади. Бу ерда табиий офатлар кўп бўлгани учун одамлар тез ва якдиллик билан ҳаракат килишга ўрганишган. Вақтни бой бермасликка ҳаракат килишади. Вирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятда ҳам давлат ўта тез ҳаракат қилди. Хитойда коронавирусга оид хабарлар чиқиши билан Япония раҳбарияти томонидан турли чиқишлар бўлди. Буни биз оммавий ахборот воситалари орқали кузатдик. Уларда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ хабарлар, ҳатто биз хорижлик талабаларга ҳам электрон почта орқали етказиб турилди. Унда маҳаллий тиббиёт пункти телефон рақами, университетдаги тиббиёт пункти рақами ва хорижлик талабаларга масъул бўлган бўлимнинг телефон рақамлари 24 соат ишлайдиган тартибга ўтказилгани, у ерга бориб, маълумот олиш мумкинлиги айтилганди.


Японлар дам олиш кунлари одатда оила аъзолари, фарзандлари ва дўстлари билан паркларда дам олишади. Ҳозирда эса бундай эмас. Кўчалар, жамоат жойларида ҳамма ниқоб тақади, ниқобсиз юрган кишини деярли учратмайсиз. Университетларда барча тадбирлар тўхтатилди. Маҳаллий байрамлар бекор қилинди. Ҳар бир магистр талабага илмий иши бўйича бириктирилган профессор бўлади. Кўпчилик талабалар ўзларининг профессор ўқитувчилари билан онлайн мулоқот қилишмоқда.


Яқинда Ўзбекистонга–она юртимга қайтдим. Асосий мақсадларимдан бири бу – япон халқи, маданияти,иқтисодиёти ҳамда қандай қилиб юксак даражага чиқиб олганини ўрганиш бўлган. Ўқишим давомида нима учун Япония шунчалик ривожланиб кетгани тўғрисидаги кўплаб маърузаларда иштирок этдим. Менимча, японлар мўъжизаси бу – уларнинг ўз маданияни сақлаб қолган ҳолда ғарб маданияти билан уйғунлаштира олганида. Улар ғарб ютуқлари ортидан ўзлигини йўқотишмаган. Aксинча, уни янада юксалтириш ҳақида ўйлаб кўришган.

 

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА