Шароф Рашидов туманида “Турон” ёш ижодкорлар клуби иштирокида ижодий ва маънавий-маърифий учрашув ўтказилди. Унда ёш ижодкорлар, журналистлар ва оммавий ахборот воситлари ходимлари иштирок этишди.
Тадбир Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими ҳамда Маънавият ва маърифат маркази Шароф Рашидов туман бўлими ҳамкоригида ўтказилди. Маълумки, “Турон” ёш ижодкорлар клуби 2022 йилнинг февраль ойидан буён фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирда клуб аъзолари сони 70 нафардан ошган. Ижодий ва маънавий-маърифий учрашувда ушбу тўгарак аъзолари, журналистлар иштирок этишди. Жумладан, “Жиззах” радиоканали бўлим муҳаррири, шоира Латофат Неъмат тадбирда сўзга чиқиб, бу каби учрашувларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди ҳамда ўзининг ижодий намуналари ва шеърларидан ўқиб берди. Ўз навбатида ўқувчилар ўртасида шеърхонлик баҳси ўтказилди. Турли интерактив ўйинлар эса тадбирга ўзига хослик бахш этди.
Айтиш мумкинки, ташкил этилган ижодий ва маънавий-маърифий учрашув “Турон” ёш ижодкорлар клуби аъзолари учун навбатдаги тажриба мактаби вазифасини ҳам бажариб берди. Тадбир сўнгида энг фаол ўқувчилар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Шароф Рашидов туман бўлими томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими