Жиззах вилоятида ижод билан шуғулланаётган ёш журналистларимиздан бири – бу Қодиржон Эшонқуловдир. Асли сурхон фарзанди бўлган Қодиржон бу йил ўзи ўқиётган даргоҳ- Жиззах давлат педагогика университетининг битирувчи босқич талабаси. Журналистика соҳасига бўлган қизиқиш сабаб у 2021 йил Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб қувватлаш жамоат фонди гранд лойиҳаси асосида ташкил этилган “Ёш журналистлар” мактабини муваффақиятли тамомлади. Бугун эса у Жиззах вилоят телерадиокомпаниясининг телевидение гуруҳи жамоатчи мухбири.
-“Соҳага ёшлигимдан қизиқардим, дейди Қодиржон Эшонқулов. – Йиллар ўтгандан сўнг, аста-секин улғайиб, шуни англаб етдимки, журналистика осон ва оддий соҳа эмас. Ҳар бир ёзаётган сўзимизнинг маъсулияти бор. Тайёрлаётган хабар ва репортажимда энг аввало, инсон манфаатларини ўйлайман. Воқеа ва ҳодисага ҳаққоний баҳо беришга ҳаракат қиламан. Чуник, биз халқ ва давлат ўртасидаги том маънода кўприкмиз.
Ёш бўлишига қарамасдан Қодиржон инглиз тилида эркин мулоқот қилади. Яқиндагина, инглиз тилини билиш даражасини баҳоловчи халқаро IELTS тил билиш сертификатини қўлга киритди.
Ёш журналистимизнинг кейинги фаолиятига омад ва зафарлар тилаймиз.