Қизиқарли:
Янгиликлар

“Беруний илмий-маърифий меросини ўрганиш” мавзусида давра суҳбати

Поделиться:

“Беруний илмий-маърифий меросини ўрганиш” мавзусида давра суҳбати

Ўзининг ноёб асарлари ҳамда оламшумул кашфиётлари билан жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган мутафаккир, қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий мероси қанча вақт ўтса ҳамки ўз долзарблигини йўқотмаган.

Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси Жиззах вилоят бўлими томонидан Жиззах давлат педагогика университети билан ҳамкорликда ўтказилган давра суҳбати аввалида шулар хусусида сўз борди. Тадбир давомида Абу Райҳон Берунийнинг ҳаёти ва фаолияти, жумладан, география, минералогия ва астрономияга оид қиммали асарлари ҳақида бартафсил маълумот берилди. Қолаверса, бугунги кунда Абу Райҳон Берунийнинг бизгача етиб келган барча асарлари қатор илмий марказларда чуқур ўрганилаётганлиги мисоллар орқали таъкидланди.

          Давра суҳбати давомида давлатимиз раҳбарининг “Буюк олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсида кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ва унинг мазмун моҳияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, қарорда 2022-йил декабр ойигача “Беруний ва ёшлар дастури ишлаб чиқилиб, мутафаккир ҳаётига оид маълумотлар, унинг илмий-маърифий асарлари жамланган мобил илова яратилиши алоҳида қайд этилди.

            - Бундан ташқари, дейди Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси Жиззах вилоят бўлими мутахассиси Дилшод Эргашев, - қарор билан 2022–2023 йилларда буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги ЮНEСКО шафеълигида халқаро миқёсда кенг нишонланади. Шунингдек, Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини дунё миқёсида чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган кишиларни ҳамда илмий-ижодий муассасаларни тақдирлаш мақсадида Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш қайд этилди. Алломанинг тўлиқ асарлари туркумини ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз, араб ва форс тилларида нашр этиш чоралари кўрилади.

Давра суҳбати давомида талаба ёшлар ҳам Абу Райҳон Беруний илмий мероси, асарлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.